ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ислом Каримов


06.12.2018

Давлат ва жамият ҳаёти, унинг барқарор тараққиёти кафолати  Конституция ҳисобланади. Унда миллат бирлиги ва ҳамжиҳатлиги, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда бурч ва мажбуриятлари, инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш асоси эканлигини кўрсатилган.

Конституция (лотинча “Constitution” – “тузилиш”, “тузук”) – давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартибларни, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини, шунингдек, суд, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради. “Конституция” атамаси  милодий эрамизнинг I асридаёқ Қадимги Римдаёқ маълум эди (император Конституцияси деб аталган қонун). Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ цивилизацияси анъаналарига хос шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. Зеро, унда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги, инсон ҳуқуқлари ва адолат тамойиллари устуворлиги ўз ифодасини топган. Конститутция ана шу тарихий манбаларимиз, ҳамда ҳозирги замон жаҳоннинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани инобатга олиб яратилган.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигидаги комиссия томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида мамлакатимиз Конституциясининг қабул қилиниши халқимиз ва давлатчилигимиз тарихидаги улкан воқеа бўлди. 

Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, олим ва  мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди. Конституциямиз лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йил мобайнида тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тайёрлашда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам фаол иштирок этганини эслаб шундай дейди:  “Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби, улуғ йўлбошчимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичнинг концептуал аҳамиятга эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлди. Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда. Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди. ...Асосий қонунимизда умумэътироф этилган демократик принциплар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибасини ифодалаш муҳим эди.  Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди”.

Дарҳақиқат, Республикамизнинг  Биринчи раҳбари Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини, хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган демократия  энг ривожланган давлатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни, халқаро тажрибаларни   инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилди. Ушбу улкан, тарихий вазифаларни амалга оширишда Биринчи Президентимиз буюк давлат ва жамоат арбоби, истеъдодли сиёсий етакчи сифатида ўзини намоён қилди. Шу маънода, Ўзбекистон Конституциясининг ташаббускори, илҳомлантирувчиси ва асосий муаллифи мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов дейишга ҳақлимиз.

Шуни  алоҳида таъкидлаш ўринлики, Конституция лойиҳаси  икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокамаларда 6 мингдан ортиқ таклиф мулоҳазалар билдирилди, депутатларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда  Ўзбекистон Республикасининг  Олий Мажлиси навбатдан ташқари сессиясида  Конституциямиз қабул қилинди. У олти бўлим, 128 моддадан иборатдир. Ислом Каримов шу сессияда сўзлаган нутқида, жумладан, бундай деган эди: «Ҳур Ўзбекистонимизнинг тарихида биринчи Конституцияни қабул қилиш жумҳуриятимизнинг янгидан туғилишидир, ҳуқуқий мустақиллигимизга мустаҳкам пойдевор қуришдир. Конституциямиз асосий қонунимиз сифатида давлатни давлат қиладиган, миллатни миллат қиладиган конунларга асос бўлиши муқаррар. Конституция ўзининг туб моҳияти, фалсафий ғоясига кўра янги ҳужжатдир. Унда коммунистик мафкура, синфийлик, партиявийликдан асар ҳам йўқ. Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи - инсон деган фикрни илгари сурдик ва шу асосда «фуқаро - жамият - давлат» ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилдик».

Мамлакатнинг Асосий Қонунида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган тамойиллари, миллий ва  умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига асосланган. Унда «Мустақиллик декларацияси», «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Олий Кенгаш баёноти», «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонунда мустаҳкамланган тамойиллар, ғоялар янада ривожлантирилди. Бир сўз билан айтганда, юз йиллар давомида бир бор бериладиган имкониятдан Президент Ислом Каримов бошчилигида халқимиз  изчил фойдаланди натижада - тамомила янги, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи чинакам Конституция яратилди. Бу мустақилликка эришган халқимиз ҳаётида, мамлакатимиз тарихида олам шумул воқеа бўлди.

Конституцияни тайёрлаш жараёнларида, муҳокамаларида Ислом Каримов унинг ўнлаб моддаларига шахсан ишлов берган, 77 та принципиал ўзгартиш ва қўшимчалар киритган. Масалан, Конституциянинг муқаддимаси «халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда» деган сўзлар билан тўлдирилган.  Комиссия раҳбари сифатида Ислом Каримов виждон эркинлиги масаласига жуда катта эътибор берди. Лойиҳада бу ҳақдаги «Ҳар бир киши виждон - эркинлиги ҳуқуқига эгадир, ҳар ким хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига, диний ва атеистик эътиқодга эга бўлиши ва бундай эътиқодни тарқатиш ҳуқуқига эгадир» деган жумлани Ислом Абдуғаниевич тузатиб, «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», - деб таърифлайди.

Ислом Каримов Конституциявий комиссия раиси сифатида сессияда маъруза қилди. Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартиришлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қонун чиқарувчи олий органнинг номини Олий Мажлис, жойлардаги бошқарув раҳбарларини ҳоким деб номлашни таклиф этди. Президентимиз Конституциянинг ҳар бир моддасини чуқур асослаш ва такомиллаштиришга бевосита бош-қош бўлди. Ўзбекистонни суверен демократик республика сифатида расман эълон қилган Конституциямиз жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланди.

Умуман олганда, Асосий Қонунимиз умуминсоний ғоялар – тинчлик, тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир”.  Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” бўлганлиги ҳамда инсон манфаатлари устуворлиги, барқарор тараққиёт, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш омили бўлиб хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий

мемориал мажмуаси марказ мудири,

     с.ф.д., Ваҳоб Қўчқоров