ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИ З5 ЁШДА


20.08.2026

         

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига 35 йил тўлди. Мамлакат истиқлоли, энг аввало, халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳамда тараққиёт йўлини мустақил танлаш ҳуқуқидир. Тарихнинг бу қисқа даврида рўй берган ўзгаришларни эса ҳақли равишда асрларга татигулик дейиш мумкин.

Хотиралар мени 80-йиллар охири, 90-йиллар бошидаги муҳитга бошлайди... Совет Иттифоқининг парчаланиши – ўнлаб йиллар давомида ўрнатилган сиёсий, иқтисодий, маданий, мафкуравий алоқаларнинг узилишига олиб келди. Бутунлай янги мамлакат, янги иқтисодиёт, янги қонунчилик, янги мафкурани яратиш керак эди. Боз устига, фақатгина Ўзбекистон халқларининг манфаатлари ва менталитетига жавоб берадиган эмас, балки жаҳон билан бўйлашадиган, қўшнилар ва ривожланган давлатлар билан ўзаро шериклик ва дўстона муносабатлар ўрнатиш учун шароит яратадиган мутлақо янги бошқарув тизимини йўлга қўйиш зарур эди.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бутун масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда, том маънода йўқ жойдан мустақил давлат қурди. Ўзи кўп бор таъкидлаганидек, у ўша кезлари миллати учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёр эди. Ёш мустақил давлат тарихининг Ислом Каримов етакчилигидаги дастлабки чорак асрлик даври – бугунги кунда қурилаётган Янги Ўзбекистон учун пойдевор вазифасини ўтади.

 

Ўшанда илк бор олдимизда турган қанчадан қанча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қилмоқ керак эди. Булар – тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий ва ташқи сиёсат масалаларини ҳал этиш, маънавий-ахлоқий қадриятларни, тарихий меросни тиклаш...

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ислом Каримов йўналишни аниқ белгилаб олди: Ўзбекистон ўз манфаатлари, шароити ва хусусиятларидан келиб чиқиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган ўзига хос ва ўзига мос йўлга эга бўлиши керак. Биринчи Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ўзбек модели бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойилига асосланиб, “Ўзбек тараққиёт модели” номини олди. Кейинчалик у “ўзбек феномени” деб ҳам аталди.

Ўзбекистондек кўп миллатли мамлакатда жамият асосларини мустаҳкамлашда айнан Ислом Каримов улкан тарихий роль ўйнади. У мустақиллик ибтидосидаёқ бўй кўрсатаётган миллатлараро низоларнинг олдини олишга эришди. “Яхши биламизки, бу дунёда миллати, эътиқоди, тилидан қатъий назар, ҳар бир инсон бахтли бўлиш учун туғилади. Бу олий мақсадга эришиш кўплаб саъй-ҳаракатларни талаб қилиши мумкин. Лекин ёруғ ва қувончли бир умид бор, у ҳам бўлса – бахтли оила, фаровонлик, хонадонимиз, қолаверса, бутун юртимиз ободлиги”, - деган эди Ислом Каримов.

Шу ўринда “бағрикенглик” тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Биринчи Президент саховат, оқибат деган тушунчаларни халқимизга хос хусусият, деб ҳисобларди. Ростдан ҳам айни тушунчалар жамиятимизда шаклланган муҳитнинг моҳиятини тўлақонли акс эттиради. Ислом Абдуғаниевич асрлар оша шаклланган бу ҳақиқатни теран англаб етган эди.

Ўзбекистондаги тинчлик, барқарорлик, қўшнилар билан яхши муносабат каби омиллар мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлишига имкон берди. Бу қадриятлар бугунги даврда, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган Янги Ўзбекистонда ҳам устуворлигича қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фуқароларимиз ҳаёт сифатини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, ёшларимиз салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлида мислсиз имкониятлар, шароитлар яратилмоқда.

Йиллар, асрлар ўтади. Авлодлар алмашади. Аммо миллий давлатчиликни тиклаш, том маънодаги ободлик ва фаровонлик йўлида чексиз имкониятлар эшигини очган мустақиллигимиз ва унинг илк йиллари – жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша ёрқин, сўнмас саҳифа бўлиб қолади.

Татьяна КАРИМОВА,

Ислом Каримов номидаги

илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси

Васийлик кенгаши аъзоси,

иқтисод фанлари номзоди