Биз Тожикистондан тўрт киши зиёратга келдик. Ўзбекистон бизнинг фахрий иккинчи Ватанимиз ҳисобланади. Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовга Тожикистон халқи номидан ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Улар бизнинг қалбимизда абадий яшайдилар.
Мен Фарғонадан Ёдгорлик мажмуасига зиёратга келиб, жуда хурсанд бўлдим. Биринчи Президентимиз тасвирланган асарларни кўриб, кўзларимга ёш келди. Картиналар орасида эътиборимни, фарғоналик рассом томонидан яратилган асар ва айниқса, унинг тагидаги ёзув қалбимдан жой олди:
"Мен дунёга номимни бунёд этгани келдим,
Вайрона дилларни обод этгани келдим."
Биз Туркиядан оиламиз билан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мажмуасига келиб, кўргазмани кўрдик. Кўргазмага қўйилган экспонатлар орасида бошқа давлат рассомлари томонидан ишланган санъат асарлари ҳам борлиги Ўзбекистон давлати бағрикенг диёр эканлигига гувоҳ бўлдик. Кўргазмани айланар эканмиз, ватандошимиз Чигидем Бучактелли томонидан ишланган асарни кўриб жуда хурсанд бўлдик. Кўргазма ташкилотчиларига раҳмат.
Қашқадарё вилоятиданмиз. Биринчи келишимда ота-онамни бу ерга албатта олиб келаман деб ният қилган эдим. Мана бугун ота-онам билан биргаликда “Бутун оламни жо этган юрак” номли кўргазмани томоша қилдик. Биз Биринчи Президентимизни фақат телевизор орқали кўрганмиз, лекин бугун уларнинг ҳаёти билан боғлиқ жуда кўп ҳолатлар ифода этилган фотосуратлар, рассомларнинг асарларини кўриб яна ҳам бу буюк инсонни яқинроқ билгандек бўлдик. Ташкилотчиларга алоҳида раҳмат.
Биз Учтепа тумани 251-мактаб ўқитувчилари ўқувчиларимиз билан бирга кўргазмани кўрдик. Бу ердаги фотосуратлар ҳамда санъат асарлари Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихимизнинг ёрқин саҳифалари борасидаги таассуротларини янада бойитди десак хато бўлмайди.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан оиламиз билан зиёратга келдик. Ислом Каримовни Ўзбекистон Давлат Мустақиллиги асосчиси сифатида биламиз, ҳурмат қиламиз ва бу улуғ неъматни бундан кейин ҳам асраш керак деб ўйлаймиз.
Тошкентдаги 144-мактабдан ташриф буюрдик. Бундан кейин кўпроқ ўқувчиларни олиб келамиз. Чунки Мажмуа ва унинг ҳудудидаги кўргазмани болалар албатта кўриши керак. Бу Биринчи Президентимизга нисбатан ҳурмат сифатида ҳамда яқин тарихимизни билиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Орзиева Манзура-бошланғич синф ўқитувчиси.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтиданмиз. 14-15 май кунлари бир қатор техник олий ўқув юртлари талабалари ўртасида назарий механика бўйича олимпиада ўтказиляпти. Унинг қатнашчилари билан кўргазмага келдик. Ниҳоятда қизиқарли. Суратлар ва расмларнинг кўпини биринчи марта кўришимиз. Демак, очиладиган янги музей экспозицияси ҳам жуда бой бўлади. Талаба ва ўқитувчилар билан албатта келамиз. Биринчи Президентимизнинг хотираси мана шундай, юксак даражадаги ҳурмат ва эъзозга лойиқдир. Ташкилотчиларга катта раҳмат.
Бахтиёр Ўринов, катта ўқитувчи.