Хонага киришим билан телефон жиринглади. Жавоб бердим: Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи директори Уммат Мирзақулов экан. Кеча тунда сайтимиз орқали Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорни энтикиб ўқиганини, дийдаси намланганини айтди.
– Ислом акани хотирладим. Ҳаёт бўлганларида бир кам саксон ёшда бўлар эканлар... Туни билан мижжа қоққаним йўқ. У киши билан боғлиқ дилгир хотираларимни қоғозга туширдим. Ҳозир саралаётиб, эълон қилсам-чи, деган фикр хаёлимдан ўтди. Сизларга бермоқчиман. Ғазалкентдан шаҳарга тушгунимча кун яримлайди. Бораверайми? – деди.
Очиғи, муайян вақт Тошкент вилоятига раҳбарлик қилган Уммат ака ҳақида кўп самимий гаплар эшитганман. Зиёли, тоза одам, дерди мактаб директоримиз. Қолаверса, анчадан бери мустақиллигимиз меъмори ҳақида ёзгиларим келаётувди. Гапдан-гап, фикрдан-мулоҳаза туғилади, тафаккур бойийди. Зора, Мирзақуловнинг буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳақидаги ҳикоялари, ёзган материаллари кечинмаларимни қоғозга кўчириш учун бир туртки бўлса, деган илинжда – майли, бемалол келаверинг, дедим.
Кўришдик.
Халқаро журналистикада олтин қоида бор: мухбир тайёрлаётган материали қизиқарли чиқиши ва ҳаммага ёқишини истаса, респондентининг нозик томонларини албатта билиши лозим. Уммат Мирзақулов билан гурунгимиз самимий ва мазмунли бўлиши ҳамда узоқ давом этишини истаганим учун мазкур қоидага амал қилдим. Гапни узоқдан бошладим.
– Янглишмасам, 1998-2004 йилларда вилоятга ҳоким бўлгансиз. Шу боис етакчи, ташкилотчи, раҳбарнинг зиммасидаги вазифаси, масъулияти сизга бегона эмас, деб ўйлайман. Биринчи Президентимиз чинакам раҳбар қандай бўлиши ҳақида кўп фикр айтганлар. Мана улардан бири:
“...Раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини аввало ўз виждони олдида, унга ишониб юрган одамлар ва эл-юрт олдида чуқур англаши керак, иш устида куйиши ва ёниши керак. Кечаю кундуз эл ғами ва ташвиши билан яшаб, олдида турган муаммолар ечимини топмагунча, бошлаган ишларни охирига етказмагунча ўзига ҳам, бошқаларга ҳам тиним бермасдан меҳнат қилаётган инсонни мен ҳақиқий етакчи-раҳбар сифатида қабул қиламан. ...Менга доимо куйиб-ёниб яшайдиган, фидойи одам маъқул...”.
“Олтин қоида” ўзини оқлади. Уммат аканинг юзига ним табассум югурди. Боши билан тасдиқ ишорасини бериб, шундай деди:
– Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 2004 йилдаги навбатдан ташқари сессиясида айтганлар бу гапни. Куннинг ўтиши қийин, йилнинг ўтиши осон, дейишгани рост. Қаранг, шунга ҳам 13 йил бўлибди. Рости, Ислом ака билан ишлаш осон эмас эди. Чунки у киши наинки ўзларига, барча раҳбарларга ўта талабчан эди. Ислом аканинг чинакам етакчи-раҳбар қандай бўлиши кераклиги ҳақида айтган фикрларининг амалдаги ифодасини бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин...
Халқимизнинг ардоқли фарзанди Ислом Каримов мамлакатимиз учун буюк ишлар қилди. У кишининг республика раҳбари бўлибоқ кўрсатган мардлик ва жасоратидан бебаҳра қолмадим. Эҳтимол, эшитган чиқарсиз, “пахта иши” билан қамалганман...
Уммат ака оғир ютинди. Бўғзига алланима тиқилгандек. Орага бир неча сониялик сукут чўмди. Томоқ қириб гапиришга чоғланди. Чоғланди-ю... қўлидаги хатжилдни менга узатди. Кўзларимга қарамади.
Беихтиёр у киши берган қоғозга кўз ташладим:
"Совхоз директорлигидан Юқори Чирчиқ туманига биринчи раҳбар этиб тайинландим. 1986 йилда мени Москвага чақиртиришди. Кетишга тараддудландим. Ҳе йўқ, бе йўқ, маҳкамага олиб кетишди мени. Қўшиб ёзган эканман. Саккиз йилга кесилдим. Хотиним беш нафар фарзандим билан боқувчисиз қолди. Қора қозонни қайнатиш учун боғчада фаррошлик қилганини кейин билдим.
“Пахта иши” деб аталган кампания оқибатида минг-минглаб инсонлар ноҳақ жабр кўрган. Ўзбекистоннинг янги раҳбари олдида турган, мардлик ва жасорат билан, ҳар томонлама пухта ўйлаб ҳал этишни талаб қиладиган муаммоларнинг энг мушкули шу эди. Бу даврда, яъни 1986-1989 йилларда Ислом Каримов Қашқадарёда раҳбар бўлган. Бундай шафқатсизлик қандай оғир оқибатларга олиб келганини шу воҳа мисолида ҳам кўриш мумкин. Буни рақамлар тилида баён қиладиган бўлсам, шундай манзара пайдо бўлади: вилоят раҳбарининг 3 муовини, 8 нафар бўлим мудири, шаҳар ва туман партия қўмиталарининг 26 нафар котиби, вилоят ижроия қўмитасининг раиси, унинг 4 нафар ўринбосари, масъул котиби, 12 шаҳар ва туман ижроқўмининг раиси, 27 йирик ташкилотнинг раҳбари, 99 колхоз ва совхознинг раис ва директори ишдан олинди, уларнинг аксарияти жиноий жавобгарликка тортилди. Шўринг қурғурлар ўрнини Ўзбекистон ҳақида зиғирча маълумотга эга бўлмаган “десантчи-мутахассислар” эгаллаб олди. Улар миллий қадриятларимизни топтаб, халқимизнинг бойликларини талаб, бегуноҳ одамларни ишдан бўшатиб, қамаб, ўзларича “тозалаш” ишларини олиб борди.
Бу рақамларни мен ҳаводан олаётганим йўқ. Аниқ факт бу. Ҳеч ким инкор этолмайди... “Қора булут” аста-секин тарқала бошлади. 1989 йилдан “мутахассис” импортига чек қўйилди. Масъул лавозимларни эгаллаб турган 400 дан ортиқ “десантчи” хуржунини елкалаб, келган жойига равона бўлди.
Ислом Каримов бош прокурор олдига республикамиз манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, “пахта иши” билан ноҳақ қамалган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш масаласини қўйди. Махсус комиссия тузилди. Юзлаб ишлар қайта ўрганилди, тергов ҳужжатлари Ўзбекистонга қайтарилди. Қатағон тегирмони тўхтатилди ва ҳеч қандай айбсиз ҳибсга олинган минглаб ватандошларимиз озодликка чиқди. Манглайига қуёш текканлар орасида мен ҳам бор эдим.
1998 йил. Вилоят ҳокими Эркин Рўзиевга муовин эдим. У Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб кетди. Шу орада Ислом ака ҳузурларига чақиртирдилар. Анча суҳбатлашдик. Кейин “Тошкент вилояти ҳокими лавозимига сени тайинламоқчимиз. Шунга нима дейсан?”, дедилар. Очиғи, эсанкираб қолдим. Чунки бир пайтлар “пахта иши” билан қамалиб чиққан одамга Президент юксак ишонч билдириши, яна денг, вилоятга раҳбар этиб тайинлаши... Қамоқдан чиққанимда қалбимдан кечкан туйғулар, хаёлимдан ўткан фикрлар қайта жонланди. Айтмоқчи бўлдим, журъатим етмади...
2002 йилда Олий Мажлиснинг навбатдаги сессияси бўлди. Унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов иштирок этди. Танаффус пайти у кишига юзланиб: “Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич, кўпдан бери Сизга бир гапни айтмоқчи бўлиб юрувдим. Ижозат берсангиз. Биласиз, “пахта иши” билан қамалганман. Минглаб ватандошларимиз қатори менинг ҳам озодликка чиқишимда жасорат кўрсатгансиз. Эл-юрт олдида шаънимни, обрў-эътиборимни тиклагансиз. Ўшанда яна раҳбар лавозимларида ишлаш хаёлимнинг бир бурчагига ҳам келмаган. Юксак ишонч билдириб, юқори лавозимларга тайинладингиз. Рости, Сиз менга отам қилмаган, ҳеч қачон қилолмайдиган яхшиликлар қилдингиз. Миннатдорман, қарздорман Сиздан бунинг учун...”
Ўшанда бу гапларни айтишга қаердан журъат топганман, билмайман. Ҳозир ҳам ўйласам, ақлим бовар қилмайди. Лекин сўзларимни эшитаётган Ислом аканинг ҳолати сира кўз олдимдан кетмайди: гапираяпман. Ислом ака қўлларини қовуштирганча менга қараб турибдилар. Кўзларига боқсам, салобатлари босиб, сўзимни якунлолмаслигимни сезаман ва атрофга қарайман. Яна Ислом акага кўз ташлайман. Аммо бу сафар нигоҳлари менга эмас, ерга қадалган...
Бунинг маъноси нима, қайси сўз билан ифодалаш мумкин бу ҳолатни? Қани, шугина саволга жавоб топа олсам?!
Орадан бир неча ой ўтди. Хонада муовинларимни йиғиб зарур топшириқлар бераётсам, туйқус телефон жиринглади. Олсам, Ислом ака! Қўлим билан ишора қилиб, муовинларимга хонадан чиқиб туришларини айтдим.
Ҳол-аҳвол сўрагач, берган топшириқларининг натижасини сўрадилар. Жавоб бердим. Ғалла планини бажарганимиз учун табрикладилар. Бирдан: “Уммат, “пахта иши” билан қамалганлар нима айб қилган, биласанми? – деб сўрадилар. Ҳадеганда жавоб беравермаганим учун – Ватанини севган, – дедилар. Ватанини севган, унинг порлоқ келажаги учун борини бағишлаган, бор имкониятини шу халқимизни рози қилишга сафарбар этган, ҳалол, виждони уйғоқ, иймони бутун, эътиқоди мустаҳкам инсонларга нисбатан қилинган адолатсизликни тикладик, холос. Ҳа, яна сессия танаффусида қолган умримни Сизнинг хизматингизга бағишласам ҳам қарзимни узмаган бўламан, дединг. Чиндан шуни истасанг, халқимизга, Ватанимизга бағишла умрингни. Халқни рози қилишни ўйла... Улар сендан рози бўлса, менга хизмат қилдим, деб ҳисоблайвер”...
Бу қадар кўп гурунг қилмаган эдик Ислом ака билан...
...2016 йил 22 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди. Президентимизнинг маърузаси Ислом ака билан телефон орқали бўлган суҳбатни, айтган гапларини эслатди. Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг ишларини янги босқичга олиб чиқди, изчил давом эттирмоқда, чиндан ҳам сиёсий меросхўри эканини амалда исботламоқда.
Биринчи Президентимиздан озод ва обод Ватан қолди. Бу азиз Ватан бундан-да тараққий этиши, унинг равнақи йўлида бутун халқимиз янада жипслашиши шубҳасиз”.
Ўқиб бўлгач, Уммат Мирзақуловга боқдим. Энди қаршимда Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг директори эмас, Бобо қуёш тафтидан дили мунаввар бўлган бахтиёр инсонлардан бири ўтирарди...
Бекзод Ҳидоятов