Миллий истиқлол мафкураси давлатимиз фуқароларини улуғ мақсад йўлида қалбан бирлаштиришга кўмаклашиши керак.
Ислом Каримов
Бизга миллий мафкура – халқ мафкураси керак
Биз ушбу мақолани Ўзбекистон Республикасига, унинг мустақил давлат бўлишига ҳамда бу давлатнинг барқарор ривожланишига, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига беқиёс ҳисса қўшган давлат арбоби, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг концептуал тамойилларини ишлаб чиқишда тутган ўрнини хотирлаш мақсадида ёздик.
Мустақил Ўзбекистон тараққиётининг узлуксизлигини таъминлаш учун халқни бир мақсад йўлида бирлаштириш муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан собиқ советлар тузумининг мафкуравий ақидаларидан воз кечиш лозим эди. Совет мафкураси коммунис-тик партиянинг ғояларига таянувчи ва совет тоталитар режимининг ғоявий таянчи функциясини бажарар эди. Бу мафкура қадимий ва бой тарихий маънавий қадриятларга эга халқнинг манфаатларига мос келмайдиган мафкура эди. Чунки у, миллийликдан бегоналашган, миллий мансубликка қарши – иннационал, ҳар қандай диний эътиқодга қаши – атеистик мафкура эди. Шу сабабли ундан воз кечилди. Мустақиллик мафкурасининг концептуал асослари эса ҳали яратилмаган эди. Бунинг устига халқимизнинг миллий менталитети мустамлакачилик даврларида жиддий таъқибларга учраб, деформацияланганди. Яъни халқимизнинг айрим вакиллари ҳатто ўзининг ўзбеклигини ҳам унитаёзганди.
Бундай шароитда, яъни амалдаги мафкурадан воз кечилган, янги мафкуранинг концептуал тамойиллари ҳали ишлаб чиқилмаган бир шароитда изчил оилавий тарбия кўрмаган, ўзлигини англаб олишга улгурмаган айрим ёшларимиз онгида мафкуравий бўшлиқ (вакуум) ҳукм сурарди. Бундай ёшларни бегона мафкуралар таъсиридан ҳимоялаш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолди. Чунки, мустақиллик арафасида (ошикоралик даврида) ва мустақилликнинг илк даврларида турли экстремистик оқимлар, диний ақидапарастлар, диний-конфессионал йўналишдаги миссионерлик ташкилотлари мафкуравий қадриятлари шаклланмаган соддадил ёшларимизни, уларнинг фикру-зикрини ўзларининг миллатни деформацияловчи ғояларига хизмат қилдириш мақсадида бузғунчи кучлар сафига қўшиб олишга шай туришарди.
Бу мамлакатимиз мафкуравий мустақиллигини сақлашга, мамлакатда барқарор тинчликни таъминлашга қарши қаратилган катта хавф эди. Айниқса, кўп миллатлар ва элат вакиллари яшайдиган, турли дин ва диний конфессияларга эътиқод қиладиган аҳоли яшайдиган бизнинг юртимизда миллатлараро, динлараро можаролар бошланиб кетиш хавфи кескинлашиши мумкин эди. Бунинг устига халқимиз 70 йиллик курашчан атеизм ҳукмронлиги даврида мусулмончилик анъаналаридан ҳам бирмунча бегоналашиб қолган эди. Мустақиллик муносабати билан мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигига кенг йўл очилди. Бу масалада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримов 1992 йил 2 июлда сўзлаган нутқида шундай деган эди: “Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Буюк ҳажга илгари нари борса беш-олти киши борарди. Энди ҳар йили минглаб одамлар муқаддас жойларга эмин-эркин зиёратга боришяпти. Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради, одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради. Биз динга бундан кейин ҳам барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Диний расм-русумларга, байрам-ларга, диний тарбия ва таълимга доимо жиддий эътибор берилади”. (Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти илгари сурган бу ғоялар бугунги кунда унинг садоқатли шогирди, Ш.М.Мирзиёев томонидан муваффақиятли равишда амалиётга тадбиқ этилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонининг бешинчи банди бевосита шу масалага қаратилган).
Динга бундай демократик ёндашувни ўша даврда ҳамма ҳам тўғри қабул қилавермасди. Юртимизда эътиқод эркинлиги қарор топиши билан халқимиз эмин-эркин ибодатларини давом эттира бошлашди, аммо, анъанавий диний ибодатлар билан фундаменталистик ғояларни ажрата олмайдиган баъзи ёшлар ва ҳатто айрим соддадил катталар ҳам динни бир ёқлама тушуна бошлади. Бундай кишилар онгига диний қадриятлар сифатида турли хил диний ақидапарастлик ғоялари билан мутаассиблашган оқимларнинг бузғунчи ғоялар ҳам суқилиб кира бошлади. Айниқса, араб мамлакатларида фаолият олиб бораётган фундаменталистик кучлар ваҳобийлик ғояларини, Туркиядан диний маърифатпарварлик шиори остида нурчиларнинг сиёсий ҳокимиятни эгаллашга чақирувчи ғоялари, динни сиёсийлаштириб талқин этувчи хизбут-таҳрирчилар ҳаракати ҳамда улар билан тил бириктирган маҳаллий оппозицион гуруҳларнинг фаолияти ҳам кучая бошлади. Бундай вазиятда миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг концептуал асосларини ишлаб чиқиш ҳаётий заруриятга айланганди.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу масалага алоҳида эътиборни қаратди. Ислом Каримовнинг жамоатчилик олдидаги чиқишларида миллий манфаатлар, миллий истиқлол, ватанпарварлик, миллий қадриятлар ва миллий менталитет масалаларига асосий эътибор қаратилган эди. Буни айрим сиёсатдонлар Ислом Каримовнинг миллатчиликка йўл очиши деб талқин эта бошлашди. Аммо ўзбек халқининг асрлар давомидаги эзгу нияти мустақил давлатчилигимизни ривожлантириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш йўли билан амалга ошиши оддий ҳақиқат эди.
Халқни миллий манфаатлар ҳимояси йўлида бирлаштириш учун халқнинг мафкуравий концепциясини ишлаб чиқиши лозим эди. Бу ҳаётий заруриятни чуқур англаган И.А.Каримов ўзининг асарлар тўпламининг 1-жилдини “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура” деб атади. Бу китобда Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги миллий манфаатлари ўз ифодасини топган эди.
И.Каримов миллий мафкуранинг концептуал асосларини ишлаб чиқиш лозимлигига алоҳида эътибор бериб, Ўзбекистон Республикаси конституция-си қабул қилинган куннинг бир йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисда шундай деди: “Асосий қонунимизда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривож-ланади, дейилган. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси мақомига кўтарилиши мумкин эмас. Бу конституциявий қоида бизнинг олдимизга миллий истиқлол мафкурасини яратиш вазифасини қўяди.
Миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига асосланиб, келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини онгимизга сингдиришга хизмат қилиши лозимлигини ҳеч қачон унутмайлик“. Ҳақиқатдан ҳам бу масала ниҳоятда долзарб масала эди. И.Каримовнинг кейинги мақолаларида, айниқса, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзамов билан суҳбатда миллий мафкура масаласи бош мавзу сифатида муҳокама қилинди. Бу суҳбатда мафкуранинг моҳияти, унинг асосий вазифалари, тоталитар мафкуранинг оқибатлари. Жаҳондаги мафкуравий жараёнлар, мафкуравий полигоннинг ҳар қандай ҳарбий полигонлардан хатарли эканлиги. Миллий мафкуранинг хусусиятлари ва унинг жамият тараққиётидаги ўрни, мафкуравий бўшлиқнинг вужудга келиш сабаблари, мафкуравий иммунитет ва унинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, миллий мафкурани ёшлар онгига сингдириш йўллари, мафкурасизлик, мафкуравий нигилизм ва бошқа масалалар бу суҳбатда муҳокама қилинган.
Унутилмас учрашув арафаси
1999 йилнинг 16 февралида бир гуруҳ ёшлар оппозицион кучларнинг сохта чақриқларига учиб, Тошкент шаҳрининг бир қанча нуқталарида бир вақтда динамитлар портлатиш йўли билан Ўзбекистон Президенти ҳаётига суиқасд қилишга уриниб кўришди. Оқибатда воқеа содир бўлган жойларда бўлган кўплаб бегуноҳ фуқаролар қурбон бўлди, бинолар вайрон бўлди, айрим йўловчилар ногирон бўлиб қолишди. Лекин, ёвуз мақсадни режалаштирган оппозиционерлар мақсадига эриша олмади ва бутун халқимизга ўзларининг жирканч башарасини ошикора кўрсатиб қўйишди. Уларнинг асосий мақсади конституцион тузимни ағдариб, ҳокимиятни эгаллаш эди. Мазкур иғвогарликни амалга оширганлар орасида ҳали ўзлигини англаб етмаган ёшларимиз ҳам бор эди. Улар ҳали кимга ва нима учун хизмат қилаётганлигини ҳам англаб етишмаган эди. Бу ходиса зудлик билан ёшлар орасида мафкуравий тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш кераклигини, бу иш кечиктириб бўлмас вазифа эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатаётган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси мазкур ходисадан кейин 1999 йил февраль ойининг охирида бир гуруҳ олимлар қаршисига 1 ҳафта ичида миллий истиқлол ғояси ҳақида ўз фикрларини рефератив тарзида ёзиб келиш вазифасини қўяди. Олимлар бу вазифа бўйича, ҳар ким ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, рефератив ишлар тайёрлашди. Ана шу жараёнда мазкур мақола муаллифи ҳам махсус мақола ёзди, бу мақола кейинчалик “Миллий тикланиш” газетасининг икки сонида босилиб чиқди.
Президент девонига...
1999 йил март ойининг бошларида менинг бевосита раҳбарларим, зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига, биринчи президент И.А.Каримов ҳузурига учрашувга боришим лозимлиги ҳақида топшириқ беришди.
Мен учун бу учрашув кутилмаган ходиса эди. Белгиланган вақтда девонга етиб бордим ва номимга ёзилган рухсатномани олиб, иккинчи қаватда жойлашган тегишли бўлимга кирдим. Бўлим бошлиғи давлат раҳбари билан қандай тартибда суҳбатлашиш лозимлиги ҳақида менга батафсил тушунтириш бергач, ҳар эҳтимолга қарши дафтарча ва ручка бериб, раҳбарнинг ҳар бир гапини ёзиб олишим лозимлигини жиддий уқтирди. (Шуниси афсусланарлики, мен Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий Бош қўмондони ҳузурига кирганимда, ҳарбий кителдан ручка ва дафтарчани олиш ноқулай бўлганлиги сабабли бу ёзув ашёларидан фойдалана олмадим. Бош қўмондоннинг гапларини эса хотирада сақлашга қарор қилдим).
Девондаги тартиб-қоидаларга биноан бўлим раҳбари билан олтинчи қаватда жойлашган Ўзбекистон Президенти кабинетига чиқдик, 2-қаватдан 6-қаватга чиқиш лифти олдида ва лифтдан чиқиб 6-қаватга ўтиш жойида соқчилар текширувидан ўтиб Президент қабулхонасига ўтдик. Қабулхонада қабулхона масъул ходими ва 2 киши навбат кутиб туришган экан. Улар янги лавозимга тайинланиш учун чақирилганди. Мени эса Миллий истиқлол ғоясининг концептуал тушунча ва тамойилларини ишлаб чиқиш мақсадида тузилган Ўзбекистон файласуфлари миллий жамиятининг раиси ўринбосари сифатида чақиришган экан (Мазкур учрашувдан илгари файласуфлар миллий жамиятини адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказиб, тегишли гувоҳномани олган эдик. Мазкур жамиятнинг асосий миссияси ҳам “Миллий истиқлол ғоясининг концептуал тамойилларини ишлаб чиқиш” эди. Профессор Иномжон Раҳимов жамият раиси, мен эса унинг ўринбосари эдим).
Учрашув: ягона ғоя атрофида бирлашайлик
Қабулхонада кутиб турган 2 киши тез-тез кириб чиқишди. Менга навбат келганида қабулхона масъул ходими яна бир бор, президент ҳузурида ўзимни қандай тутишим лозимлигини уқтирди ва ичкарига кириб ўзингизни таништиринг деди. Мен ўргатилгандай, ичкарига кириб, ўзимни расман таништирдим.
Президент: Келинг, Бахтиёр. Бу жойга ўтиринг, хотиржам гаплашайлик, - деб кўришиш учун менга қўлларини узатди.
Мен бироз ҳаяжонланиб, шошинқираб давлат раҳбарининг қўлларини сиқдим. Саломлашгач, кўрсатилган жойга ўтириб, президентнинг чеҳрасига назар ташладим. Президент вазмин ва хотиржам ҳолатда бир оз жилмайиб менинг ҳолатимни кузатиб турарди. Унинг қиёфасидан қандайдир кўринмас сирли куч, ғайрат уфуриб турарди. Бундай куч, бошқача ном билан атаганда харизма айрим йирик давлат арбобларида, олимлар ва саркардаларда бўлади.
Менинг ҳаёлимни “Қани, Бош Қўмондон – Ўзбекистон Президенти менга қандай саволлар берар экан?”, “Берган саволларига мен берадиган жавоблар уларни қониқтирармикин?” – деган фикрлар банд қилган эди.
И.А.Каримов, ишлаётган жойим ва бажараётган вазифаларимдан келиб чиқиб, мендан сўради:
- Бахтиёр, қани, айтингчи, инсонни руҳан бошқариш мумкин-ми?
- Албатта мумкин. Лекин, инсонлар ҳам ҳар хил бўлади. Уларнинг айримларини бошқариш осон, айримларини эса бошқариш жуда қийин. Бу уларнинг иродасига, ўзлигини қай даражада англаганлигига боғлиқ. – дедим.
- Тўғри айтасиз, лекин инсонни бошқарувчи шундай бир механизм борки, унинг воситасида ҳар қандай инсонни мақсад сари етаклаш мумкин.
- Сиз манфаатни, манфаатдорликни назарда тутаяпсиз, шундайми?
- Тўғри, аммо манфаат, қизиқиш мен айтган механизмнинг бир тури холос. Эътиқод-чи, эътиқодли инсонни ўз эътиқодининг обрўйи учун ҳар йўлга йўналтириш мумкин. Миллий шааън, орият-чи, ватанпарварлик-чи? Буларнинг барчаси онгли бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Инсон онгига, унинг онг остига таъсир этувчи воситалар ҳам мавжуд. Австриялик олим Зигмунд Фрейд онгсизлик назариясини яратишда ана шу воситаларни назарда тутган. Энди назариядан амалиётга ўтайлик.
Мана, Ўзбекистон мустақилликка эришганига ҳам 7 йилдан ошди. Энди мустақилмиз. Биз яшаётган жойга аллоҳнинг назари тушган. Боғларидан, полизларидан ширин-шакар мевалар, сабзавотлар униб чиқади, заминимиз ости эса қимматбаҳо қазилма бойликларга бойдир. Халқимиз-чи, сабрли, қаноатли, эътиқодли, инсоф ва диёнатли, бунинг устига тадбиркор ва меҳнаткаш. Хўш нега шундай жанатмакон юртда яшаб, унинг манфаатлари учун бир ёқадан бош чиқариб, юртимизнинг гуллаб-яшнаши учун куйиб-ёнмаймиз. Ёки, четдан бирор киши келиб бизга ўргатишини, бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилишини кутаяпмизми? Менимча, биз ўз юртимизга том маънода ўзимиз эгалик қилиш вақти келди. Агар юртимизга бугун ўзимиз эгалик қилмасак, эртага унга эгалик қилишни хохлайдиганлар истаганча топилади. Агар юртимизга ўзгалар эгалик қилса, биз уларнинг қўлида қул бўлиб ишлашимизга тўғри келади. Демак, бизнинг олдимизда иккита алтернатив йўл турибди: уларнинг бири, ягона миллий ғоя атрофида бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан ўз юртимизга эгалик қилиш ва уни гуллатиб-яшнатиш, ёки иккинчи йўл, ягона ғоядан воз кечиб, кимнингдир келиб бизни бошқаришига, бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилишига йўл бериш ва умрбод уларнинг измида юриб, “берсанг еймиз, урсанг ўламиз” қабилида яшаб, қуллик исканжасига тушиш. Шундай эмасми?
- Тўғри. Лекин, афсуски шундай ватандошларимиз ҳам борки, улар ўз юртининг манфаатларини, сариқ чақага бўлса ҳам, сотишга тайёр. Ундайлар ўзининг манфаатлари учун ота-онасини, оиласини, маҳалласини, қолаверса Ватанини ҳам сотиб юбораверади.
- Ҳа, энди гуруч курмаксиз бўлмас, "ҳар тўкиснинг бир айби бўлади", дейди халқимиз. Беш қўл баравар эмас, кўп миллионли аҳоли ичида яхшиси ҳам ёмони ҳам учрайди, лекин асл миллий менталитетимиз замирида, тажоввузкорлик, хиёнаткорлик йўқ. Жинояткорлик, сотқинлик маънавияти деформацияланган кишилар орасида учрайди. Уларда миллий шаън ва орият бўлмайди. Улар миллатдошим деб аташга арзимайдиган одамлар.– деди И.Каримов.
Файласуфлар миллий жамияти миссияси
- Биз яқинда Ўзбекистон файласуфлари миллий жамиятини адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказдик ва бу жамиятнинг миссияси сифатида Миллий истиқлол ғояси ва миллий мафкуранинг концептуал тамойилларини ишлаб чиқиш вазифасини белгиладик. – дедим.
- Яхши, сизлар тузган бу жамият нодавлат ва нотижорат ташкилоти ҳисобланади. – деди Ислом Каримов, - У халқнинг, жамиятнинг манфаатларини ифодалайди. Бизда бирорта мафкура давлат мафкураси мақомига кўтарилиши мумкин эмас. Чунки Конституциямизнинг 12 моддасида бизда “ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади,” – деб ёзиб қўйилган. Демак, бизда мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллигига риоя қилиб иш олиб борамиз. Бундан Миллий мафкурани, халқ мафкурасини яратиш вазифаси келиб чиқади. Сизлар ташкил қилган нодавлат-нотижорат ташкилоти – Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти миллий мафкуранинг фундаментал асосларини ишлаб чиқиши лозимлиги ўз-ўзидан келиб чиқади.
Сизнинг жамиятингиз аъзолари кимлар? – деб сўради Президент.
- Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти аъзоларими? – дедим.
- Ҳа, мен бу ҳақда шуларни айтмоқчи эдимки, - деди Президент, - файласуфлар миллий жамиятига Ўзбекистонни Она-Ватан сифатида жондан ортиқ севувчи - ватанпарвар, соғлом фикр юритувчи ҳар бир зиёли, олим, ўқитувчи ва бошқалар аъзо бўлиши мумкин. Касбидан, миллатидан, ижтимоий аҳволидан, ихтисослигидан қатъий назар, у файласуфми, тарихчими, юристми, иқтисодчими, журналистми, психологми, физикми, математикми, энг муҳими ватанпарвар инсонлар бўлсин бу жамият аъзолари.
Айримлар ўйлаши мумкин, файласуфлар жамияти файласуфлардан ташкил топиши лозим-ку, деб. Аслида, тўғри фикр юритувчи, фикрлаш маданиятига эга бўлган ҳар бир инсон файласуфдир. Тўғрими?
- Тўғри!
- Жамиятнинг асосий миссияси миллий истиқлол ғояси ва миллий мафкуранинг концептуал тамойилларини ишлаб чиқишдан иборат бўлиши лозим. Шунингдек, миллий ғоя миллий фалсафадан озуқа олади, демак, жамиятнинг олдида ўзбек миллий фалсафасининг фундаментал принципларини ҳам ишлаб чиқишдек масъулиятли вазифа ҳам турибди.
- Ҳозирги замонда фалсафа умуминсоний мазмун кашф этган-ку..? - дедим бу фикрга эътироз билдириш мақсадида.
- Йўқ, мен фалсафанинг миллийлигини тан олмаслик фикрини бу фанга хато ёндашув деб ўйлайман. Миллат бор экан, унинг ўз фикрлаш тарзи, ўз фалсафаси бўлади. Фалсафа бу фикрлаш тарзи, фикрлаш маданиятидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос ва ўзига мос фикрлаш маданияти бўлади. Фалсафа – миллийдир. Нега биз немис фалсафаси, француз фалсафаси, япон фалсафаси, хитой ёки ҳинд фалсафаси, юнон фалсафаси ёки америка фалсафаси деймиз? Бу - ўша жойда яшовчи миллатлар фалсафаси эмас-ми? Нима, ўзбеклар миллат эмасми, улар фикрламайдими? Ўзбек фалсафаси йўқми? Коммунистик партия мафкураси барча миллий фалсафаларни инкор этиб, коммунистик мафкуранинг назарий қисми сифатида марксистик фалсафани энг улуғвор ва етук фалсафа деб эълон қилди. Марксизм ҳар қандай миллийликнинг ғоявий душмани эди. – деди, Президент ўзига хос эҳтирос билан.
Ўзбек миллий фалсафаси моҳияти
- Энди ўзбек фалсафасининг моҳияти тўғрисида фикр юритайлик. – деб давом этди И.А.Каримов вазминлик билан, – Ўзбеклар қадимдан яккаликдан умумийликни, индивидуалликдан жамоавийликни афзал билишган, шу сабабли халқимиз “якка отнинг донгги чиқмас, донгги чиқса ҳам чангги чиқмас” дейди. Ўзбек жамоавийликни афзал билганлиги учун қўни-қўшнисини, маҳалла аҳлини қадрлайди, жамоаси билан биргаликда ҳашарлар уюштириб, муҳтож қўшниларини қўллаб-қувватлайди, тўйларни ва маракаларни жамоатчилик кучи билан амалга оширишади. Жамоа, жамоатчилик тўйларда қувончингизга, мусибатда қайғунгизга шерик бўлади.
Ўзбек миллий ва умуминсоний эзгу қадриятларни эъзозлайди. Оила қадриятини олайлик. Айтингчи, ўзбек миллий оиласидан ҳам мустаҳкам оила борми дунёда. Ўзбек оилани, ота-онасини, бола-чакасини, ака-укасини, опа-синглисини, қариндош-уруғини қадрлайди. Зарур бўлганда уларга таянади, улардан кўмак олади, ёки уларга далда бериб қўллаб-қувватлайди. Оила шаънини, маҳалла шаънини, миллат шаънини кўз қорачиғидай асрайди. Бу қадриятларга доғ туширган кўрнамаклардан эса нафратланади. Фарзанд тарбиясини ҳам ўзбек жамоавий муқаддас бурч деб билади. Шу туфайли у “бир фарзандга етти маҳалла ота-онадир” деган мақолга амал қилади. Оиланинг мустаҳкамлиги ўзбекнинг никоҳни қадрлаши ва фарзандлари келажагига умиди кучлилигидан. Ўзбек умуман порлоқ келажакка умид қилиб яшайди. Эр ва хотин ўртасидаги муносабат отага ва онага ҳурмат қадриятини ардоқлашидан келиб чиқади. Буларнинг барчаси оиланинг мустаҳкамлиги учун гаровдир.
Ўзбек маҳалла бўлиб яшашни афзал деб билади. Маҳаллачилик, маҳалла одоби, маҳалла синови, маҳалладаги обрў фақат ўзбекка хос. Дунёнинг ҳеч бир нуқтасида ўзбекнинг маҳалласидай олийжаноб тарбия ўчоғи йўқ. Маҳалла жамоаси кимнинг хонадонида нима бўлаётганлигидан хабардор. Маҳалла аҳли тўйларни ҳам, маракаларни ҳам биргаликда, ҳамжиҳатликда амалга оширишади. Бу жамоавийликнинг тарбияланишига, мустаҳкамланишига имкон беради.
Миллий мафкурамиз миллий манфаатларимизнинг умуммиллат миқёсидаги ҳимоячиси бўлиши лозим. Буни амалга ошириш учун эса маҳалла удумлари илдизига таяниб иш юритишга тўғри келади. Ҳа, айтгандай, ўзбек миллий фалсафасининг катталарга ҳурмат, кичикларни иззат қилиш тамойили ҳам бор. Бу тамойил замирида кексаларда катта ҳаётий тажриба борлигини таъкидлаш, кичикларни эса қўллаб-қувватласак, келажакда улар орасидан улуғ инсонлар етишиб чиқиши мумкин, деган ҳикмат, яъни фалсафа, мужассамдир.
Ўзбек фалсафасида тирикликнинг замини бўлган онани эъзозлаш, онанинг мунис ва меҳрибонлигини таъкидлаш эзгу қадриятлар ҳисобланади. Ҳақиқий ўзбек онага ҳурматсизлик билан қарамайди, чунки ота – онанинг ҳурматини, оиладаги муқаддас ўрнини яхши билганлиги учун ҳам онанинг ҳурматини жойига қўяди. Буни фарзандлар кўриб туради ва меҳрибон онасига нисбатан меҳри янада ошади. Ҳар бир она фарзандлари учун ўз жонини ҳам фидо қилишга тайёрдир. Бу тамойил ҳам ўзбек фалсафий тафаккурида марказий ўрин эгаллайди. Онага, умуман аёлга муносабат қадимги ёдгорликларимиз “Авесто” асарида ҳам алоҳида қайд этилган. Қуръони Каримда эса, жаннат оналарнинг оёғи остидадир, дейилган.
Баъзи халқларда аёллар камситилади, эркакларга нисбатан уларга кам ҳақ тўланади, ҳатто уларнинг гувоҳлиги ҳам инобатга олинмайди. Ўзбек учун аёл – она, маслаҳатгўй, ҳимоячи, доно тадбиркор. Бизда аёллар эркаклардан юқори қўйилса – қўйилади, асло камситилмайди. Қадимги ҳикматларда Тўмарис момодек, Розия султондек саркардалар, Бибихоним ва Барчинойдек садоқатли аёллар ҳақида меҳр билан ҳикоя қилинади. Халқимизнинг азалий удумларида аёлларни ҳимоялаш, уларнинг жисмонан ожизалиги учун оғир юмушларида уларга ёрдамлашишга интилиш қадрланган. Оиласида эркак киши бўлмаган хонадонга бостириб кириш одобсизлик ҳисобланган. Шу сабабли аёллар сув олиш учун бўш идишларини, ўтин ёриш учун тўнка ва болталарини ҳовлисидан ташқарига чиқариб қўйишар экан. Кўчадан ўтаётган эркаклар, бу уйда ожизалар яшар экан, деб уларга мурувват кўрсатиш мақсадида, идишларини анҳордан сувга тўлдириб келишган, ўтинларини эса ёриб беришган. Болта ва идишларини ўғрилаб кетишни катта гуноҳ, инсонгарчиликка зид иш деб билишган.
Хуллас ўзбек фалсафасининг хилма-хил қирралари борки, уларни фақат қалбида ўзбеклик туйғуси бўлган олимгина таҳлил қилиши мумкин. Мана, миллий мафкура замирида таянч бўлиб ана шу ўзбек фалсафаси ётиши керак деб ўйлайман.
Ўзбек миллий фалсафасининг яна бир муҳим тамойили, келажакнинг бугундан бошланишини қатъий ҳис қилишдир. Халқимиз ўтган аждодларимизни қадрлаш билан бир қаторда келажакка интилиб, келажакдан умид қилиб яшайди. Чунки, ўзбек болажон, у ўз фарзандлари ва невараларининг келажагини ўйлаб, уларга яхши замин яратиш учун бугун тер тўкади. Яъни бу жойда “келажак бугунга таъсир қилади” деган қоида амал қилади. Бу қоида янглишмасам янгича методология қоидаси, шундайми? – деди Президент менга юзланиб.
- Ҳа, - дедим мен, - бу янгича методология – синергетиканинг қоидаси.
Мана, Файласуфлар миллий жамияти нималар ҳақида бош қотириши лозим. Бу файласуфлар қаршисида турган асосий вазифалардан биридир. – деди Ислом Каримов, бу гапларга алоҳида урғу бериб, - Эътибор қилинг синергетика фани 20-асрнинг иккинчи яримида вужудга келган, лекин унинг қоидаларидан ота-боболаримиз қадимдан буён амалиётда фойдаланишган.
- Мен иқтисодчиман, - деб ўз сўзини давом эттирди И.Каримов, - шу сабабли ўзимнинг иқтисодий билимларимдан келиб чиқиб Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётнинг бешта тамойилига асосланиб, ўзбек моделини ишлаб чиқдим. Бу моделнинг ҳар бир тамойили бизнинг юртимизда мукаммал ишлашига кафолат бераман. Аммо мен файласуф эмасман, Фалсафанинг ички ривожланиш қонуниятлари, категориал аппарати, асосий тамойиллари мен учун бирмунча қоронғи. Шу сабабли, файласуфлар миллий жамияти аъзолари ичида яхши файласуфлар ҳам бўлиши табиий ҳол, улар бир ёқадан бош чиқариб ўзбек миллий фалсафасининг концептуал асосларини ишлаб чиқсин. Келажакда фарзандларимиз кўп фанлар қаторида ўзбек фалсафаси асосларини ҳам ўрганишсин.
- Менинг назаримда, сизнинг ҳозир баён қилган фикрларингиз ҳар қандай етук файласуфнинг фикрларидан зиёд бўлса зиёд, кам эмас, - дедим мен.
- Йўқ, - деди, Президент, қатъий оҳангда, ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши лозим. Давлат раҳбари давлатни тўғри бошқариш билан, тикувчи – тикувчилик билан, деҳқон – деҳқончилик билан, файласуф эса – фалсафани такомиллаштириш билан шуғуллангани маъқул.
Миллий мафкуранинг асосий ғоялари
- Миллий мафкура миллий ғояга асосланади. – деди Президент, Миллий ғоя эса миллатни бирлаштирувчи улуғ байроқ бўлиши лозим. Шундай улуғвор ғояни ишлаб чиқайликки, халқимиз бу ғоя атрофида бир бутун куч бўлиб бирлашсин.
- Тўғри айтасиз, масалан сиз ўртага ташлаган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган ғоя ҳам ана шундай улуғвор кучга эга, шундай эмасми?- деб сўрадим Президентдан.
- Бу алоҳида масала. Биласизми, мен нима учун бу шиорни ўртага ташлаганман? Мен бу шиорни, Ўзбекистоннинг ер ости ва ер усти бойликлари кўп, келажакда шуларни ишлатиб у буюк бўлади, ёки ўз ҳудудини кенгайтириб буюк бўлади, деган маънода айтмадим. Мен бу фикрни юртимизда, ўтмишда, бутун дунёга ақл-идрок ўргатган, буюк алломалар ўтганлиги учун, уларнинг кашфиётлари бугунги кунда ҳам дунё цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётганлиги учун, уларнинг ирсияти, генлари буюк боболаримизнинг бугунги авлодлари бўлмиш, фарзандларимиз қонида, невараларимиз қонида жўш ураётганлиги учун, бу буюк ирсият буюк инсонларни етиштириши, улуғ бобокалонларимизнинг генлари бугунги фарзандларимиз тимсолида яна уйғониши мумкинлиги учун ҳам, келажакда замонамизнинг Хоразмийлари, Фарғонийлари, Форобийлари, Беруний ва Ибн Синолари, Имом Бухорийлари, Термизийлари, Замахшарийлари, Насафийлари етишиб чиқишига имоним комил бўлганлигидан айтдим. Улар албатта Ўзбекистоннинг довруғини жаҳонга ёйишади. Шунинг учун ҳам “Ўзбекистоннинг келажаги буюк” дедим. Мен бунга қатъий ишонаман! Ўзбекистоннинг келажаги ҳақиқатдан ҳам буюкдир!
Ўзбекистон мустамлакачилик йилларида узоқ йиллик мажбурий уйқуда эди, не-не улуғ боболаримиз, ватандошларимиз қувғин қилинган, қатағонга учраган эди. Бу зулм ва дахшат таъсири остида уларнинг фарзандлари тиз чўктирилган, камситилган, саводсизликда, боқимандаликда айбланган, юртимиз дунё тараққиётидан, цивилизация тараққиётидан атайлаб узиб қўйилган эди.
Бугунги кунда аллоҳга минг бор шукурки, мустақилликка эришдик, қўл ва оёқларимиздаги кишанлар парчаланди. Энди уйғонишимиз, дунё аҳлига ўзбекнинг кимлигини, унинг бунёдкор ақл-идроки нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйишимиз лозим. Бунинг учун миллий ғоямиз остида бир тан, бир жон бўлиб бирлашишимиз, миллий ғурур ва ориятимизни астойдил ҳимоя қилишимиз зарурдир.
Юртимиз азалдан кўп миллат ва элат вакилларига бошпана берган жойдир. Ота-боболаримиз ўзга миллат ва элат вакилларининг доимо бошини силаб келган, уларга меҳр-мурувват кўрсатган. Ўзга миллат вакиллари ҳам ўз навбатида юртимиз тараққиётига, фан ва маданиятимиз тараққиётига баҳоли-қудрат ҳисса қўшиб келишди. Жамият равнақи – миллатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигида. Шундай экан миллатлараро ҳамжиҳатлилик миллий мафкурамизнинг яна бир муҳим ғояси ҳисобланиши керак.
Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён турли дин ва диний конфессия вакиллари ўзаро аҳилликда турмуш кечириб келишган. Несториан хрестианларидан тортиб яҳудийларгача, буддистлардан тортиб ҳиндуларгача ўз ибодатларини эмин-эркин адо этиб келашган. Мусулмонлар уларга доимо бошпана бўлган. Уларнинг ибодатхоналарининг даҳлсизлигини асрашган. Бу ҳам миллий қадриятимиз. Яъни бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик қилиш, улар билан ўзаро аҳилликда яшаш, қисқаси, диний бағрикенглик миллий мафкурамизнинг яна бир салмоқли қадриятидир.
- Демак, Ватан равнақи, Юрт тинчлиги, Халқ фаровонлиги билан бир қаторда миллатлараро ҳамжиҳатлилик, динлараро бағрикенглик ғояларини ҳам Миллий мафкуранинг асосий ғоялари сифатида қайд этишимиз лозим, шундайми? – дедим.
- Ҳа, албатта. Мен юқорида фарзандларимиз қонида буюк аждодларимизнинг генлари жўш урмоқда, дедим. Бу ҳам бир муҳим ғоядир. Фарзандларни тўғри тарбия қилсакгина бу генлар рўёбга чиқади. Ота-боболаримиз бекорга комил инсон ҳақида орзу қилишмаган. Бизнинг келажагимиз фарзандларимизнинг қандай тарбия топишига боғлиқ. Уларга эътиборсиз қарасак, келажагимизни бой берамиз. Оппозицион кучлар доимо оталар ва болалар ўртасидаги зиддиятни кучайтиришга, болани ота-онага қарши гиж-гижлашга ҳаракат қилишади ва шу усул билан азиз фарзандларимизни ўзлари томонга ағдариб олишга уринишади. Бунга ниҳоятда ҳушёр бўлишимиз, фарзандларни қўлдан бой бермаслик учун таълим ва тарбиянинг узлуксизлигига, ҳар бир фарзандимизнинг илмли ва ҳунарли бўлишига эътиборни кучайтиришимиз лозим. Тарбияда ҳар бир одамда бўладиган бошқариш механизмини эътиборга олишимиз, уларни илҳомлаштириш, айниқса хотирасини чиниқтириш, руҳий тарбия ва жисмоний тарбияни узлуксиз олиб бориш керак бўлади.
Нима учун юртимиздан Хоразмийдек, Имом Бухорийдек, Форобийдек, Берунийдек, Ибн Синодек буюк алломалар етишиб чиққан? Негаки, уларнинг хотираси кучли бўлган, “Қуръони Карим”ни 7-8 ёшиданоқ ёд олишган. Улар катта-катта достонларни бошдан оёқ ёддан айта олишган. Ислом маданиятида илмпарварлик, илмга интилиш доимо рағбатлантирил-ган. Илм-маърифат аҳлининг мавқеи жамиятда юқори бўлган. “Бешикдан то қабргача илм изланг” деган ҳадис мусулмонларнинг асосий шиорларидан бири эди. Ҳадисларда “Бир кунлик илм билан шуғулланиш 70 йиллик ибодатдан афзал”, “Чин мочинга борасанг ҳам илм изла”, “Илмга интилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир” деган ҳикматлар бежиз тарқалмаган.
Халқимизнинг кундалик турмушида ҳам ақлни чархловчи, хотирани кучайтирувчи, зийракликни, мантиқни тарбияловчи ўйинлар, мушоиралар кўп бўлган. Болаларга топишмоқлар, тез айтишлар, мушоиралар, ўйлаганимни топ сингари машқ-ўйинлар болаларнинг нутқини, хотирасини, ақл-идрокини кучайтиришга хизмат қилган. Катта ёшдагилар ҳам вақти-вақти билан хонадонларда йиғилишиб, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон” сингари достонларни завқ билан ўқишган ёки бир-бирига ёддан айтиб беришган. “Навоийхонлик”, “Машрабхонлик”, “Бедилхонлик” сингари миллий халқ тўгараклари бўлган. Бундай интеллектуал маданият тарихи кимда бор? Лоақал 18-19 асрда ўтган Жаҳон Отин Увайсий момомизнинг “Анор” деб аталган чилтонини эслайлик. Халқимиз бундай ақлий тарбия билан куни кечагача, яъни 19 асргача шуғулланишган. Шундай экан Комил инсонларни тарбиялаш ғояси ҳам миллий мафкуранинг марказий ғояларидан бири бўлиши лозим.
Баъзан, комил инсон турли даражада ижтимоий табақаланган, бой ва камбағаллар кескин фарқ қиладиган жамиятларда ҳам шаклланадими? – деган савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб беришда, жамиятда тенгсизликнинг вужудга келиши, адолатсизлик билан боғланганлигини чуқур англашимиз зарур. Биз айнан ана шундай иллатнинг рўй беришининг олдини олишимиз лозим. Ўзбекистонда ҳаддан зиёд бойиб кетганлар ҳам, ҳаддан зиёд қашшоқлашиб қолганлар ҳам бўлмаслиги лозим. Шу сабабли жамиятда ижтимоий адолат мезони – ижтимоий ҳамжиҳатлилик бўлиши лозим. Ижтимоий ҳамжиҳатлик жамият аъзоларини турли табақаларга ажралиб кетишидан асрайди. Бойлар камбағалларга ҳомийлик қилади, камбағаллар ҳам бирлашиб, бойларнинг янада бойишига ўз ҳиссаларини қўшишади. Чунки, жамиятда бойлар қанчалик кўпайса, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти шунчалик кўтарилади. Бу ўз навбатида халқ фаровонлигининг ошишига сабаб бўлади. Собиқ советлар тузими шароитида ҳаммани йўқсиллаштириш, камбағаллаштириш жамият бошқарувида фуқароларнинг давлатга қарам бўлишига йўл очган. Хусусий мулкка нисбатан ижтимоий даражадаги нафрат шакллантирилганди. Бу болалар тарбиясига ҳам ўз таъсирини кўрсатарди. Бирор киши янги машина олса, ёки янги уй қурса, уни кўраолмаслик, унга ғаразгўйлик қилиш авж олганди. Шундай оилада тарбия топган баъзи болалар ҳам қўшниси олган янги машинага тош отишга, ёки мих билан тирнашга, бадавлат қўшнисининг уйни ёндириб юборишга интилишар, бойлар ҳам камбағалларни камситишга, жазолашга ҳаракат қилишарди. Бу ходиса ижтимоий табақалар ўртасидаги антоганистик муносабатларнинг авж олганлигининг оқибатида рўй беради. Бизда эса турли табақа вакиллари орасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ўрнатишга интилишимиз лозим. Бу эса ўз навбатида Миллий мафкуранинг энг муҳим ғояларидан бири ижтимоий ҳамжиҳатликни шакллантириш эканлигини кўрсатади. Бу ғоя мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш учун асос бўлади. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда халқимизнинг азалдан риоя қилиб келаётган маҳалла қадриятлари муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллада фуқаролик жамияти куртаклари мужассамдир.
Шундай кунлар келадики, Ўзбекистонлик бўлиш дунёда катта шараф ҳисобланади. Мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар жамият тараққиётининг барқарорлигини таъминлашга замин бўлади. Келажакда юртимизда биз одатланган ижтимоий қонуниятлар зарурий тарзда амал қиладиган шарт-шароитлар қарор топиши, мамлакат тараққиётининг узлуксизлиги президентлар алмашганда ҳам, ҳукумат ўзгарганда ҳам бир хил тарзда давом этишини таъминлайдиган релсга (йўлга) тушади. Дунёдаги барча ривожланган мамлакатларда мана шундай тараққиёт қонунияти амал қилади. Ўзбекистон тараққиёти ҳам келажакда ана шундай даражага ўсиб боради. Қани энди, худо менга узоқ умр берса, Ўзбекистон мустақиллиги-нинг ҳеч бўлмаса 25 йиллигини кўрсам, армоним қолмасди. Мамлакат тараққиёти муайян тартибга, тўғри релсга тушиб олган бўларди.- деди.
- Ҳали сиз кўп яшайсиз. Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигини ҳам, 35 йиллигини ҳам кўрасиз, албатта. – дедим далда оҳангида.
- Йўқ, - дедилар Президент - афсуски, қанча яшашимиз бизнинг қўлимизда эмас, ҳаммаси, юқорида ҳал бўлади, - деди, осмонга ишора қилиб, - ҳаммаси яратганга боғлиқ.
Бу фикрлар шундай қатъий оҳангда айтилдики, унга эътироз билдиришнинг иложи йўқ эди. Шунда ҳам Президентнинг қимматбаҳо фикрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фикримни шундай давом эттирдим:
- Биз умид қиламизки, Миллий мафкуранинг асосий концептуал ғояларини ишлаб чиқишда Сизнинг бу қимматбаҳо маслаҳатларингизга оғишмай амал қиламиз. Демак Миллий мафкуранинг Бош ғояси “Обод ва Озод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни бунёд қилиш” Сиз ҳозир таъкидлаб ўтган Юрт тинчлиги, Ватан равнақи, Халқ фаровонлиги, миллатлар аро ҳамжиҳатлик, ижтимоий ҳамкорлик, динлараро бағрикенглик ва комил инсон ғоялари билан чамбарчас боғлиқ экан. Буни Миллий мафкура концепциясини тайёрлашда албатта эътиборга оламиз. Бундан ташқари, ўзбек миллий фалсафасининг асосий қонуниятлари ва тамойилларини ишлаб чиқишни ҳам ўз зиммамизга оламиз. Бу вазифа ҳақиқатдан ҳам миллатимиз тақдири учун ўта долзарб вазифа.
Шундай қилиб, менинг Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуганиевич Каримов билан қилган суҳбатимиз якунланди.
Президент миллий истиқлол мафкураси концепцияни тайёрлашда ўзи ҳам шахсан иштирок этишини маълум қилиб, шундай деди: “Миллий истиқлол мафкураси концепциясини тайёрлашда ўзим ҳам шахсан иштирок этаман, лекин давлат раҳбари сифатида эмас, шу яратилажак концепциянинг пухта яратилишидан манфаатдор бўлган, ўз Ватанини севувчи бир ватанпар-вар Ўзбекистон фуқароси сифатида иштирок этаман. Чунки, бу мафкура халқимизнинг буюк келажагини бунёд этишда асосий етакчи ролини ўтайди. Бу ишда Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти аъзоларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Омад сизларга ёр бўлсин. Омон бўлинг, Бахтиёр Омонович!” – деди жилмайиб, мен билан хайрлашаркан.
Шундан кейин, қисқа вақт ичида “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллари” китобчасининг асосий андазаси ишлаб чиқилди. Бу китобчани тайёрлаш жараёнида И.А.Каримов ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан фаол қатнашдилар. Китобча тайёр бўлгач, унга шахсан ўзлари сўзбоши ёзиб бердилар. Китобча 2000 йили “Ўзбекистон” нашриётида нашрдан чиқди.
Бугунги кунда Ислом Каримовнинг садоқатли шогирди Ўзбекистоннинг ҳозирги Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз устозининг илгари сурган режалари, концепциялари ва ғояларини чуқур англаган издош сифатида, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда бу ғояларни муваффақиятли тарзда амалиётга тадбиқ этмоқда. Жумладан, маънавий тарбияни янада такомиллаштиришга бағишланган қарорларида, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термизда Имом Термизий халқаро маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Қаршида Насафийлар марказини бунёд қилиш бўйича олиб бораётган сайъи ҳаракатлари ҳам И.Каримовнинг миллий мафкура концепциясини амалга ошириш йўлидаги амалий фаолиятининг узлуксиз давомидир.
Демак, Биринчи Президент орзу қилган замон келди. Бу замоннинг муаммоларини И.А.Каримовнинг садоқатли шогирдлари, издошлари муваффақиятли равишда ечиб фидойилик кўрсатишмоқда.
Хуллас, Ислом Абдуганиевич Каримов – Миллий ғоя ва мафкура концепциясининг асосчиси ҳамда амалиётга фаол татбиқ этувчиси, Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий жараёнларнинг хассос етакчиси, Она Ватан тараққиётининг йирик илҳомчисидир.
Бахтиёр ТУРАЕВ,
Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари,
фалсафа фанлари доктори, профессор