ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРА МУҚАДДАС!


13.05.2024

ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРА МУҚАДДАС!

1999 йили 9 май куни Тошкент шаҳрида Хотира майдони очилди ва шу кундан эътиборан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Аждодларни хотирлаш ва кексаларни эъзозлаш улуғ қадрият ҳисобланиб, ёши улуғ нуронийларга кўрсатилаётган эътибор, уларга яратилаётган шароит ва имкониятлар эл-юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида курашган фидойи инсонларга бўлган ҳурмат намунасидир.

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эга бўлиб, бу кунни шундай ном билан нишонлаш ташаббусини Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов илгари сурган эди.

Ўзбекистон Президентининг 1999 йил 2 мартдаги фармони билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган.

“Хотира ва қадрлаш куни” юртимизда кенг миқёсда нишонланиб, 1941-1945 йиллари уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб, ҳалок бўлган жасур ва матонатли ўғлонлар ҳотираси ёд этилади ҳамда уруш ва меҳнат фронтида жасорат кўрсатган нуронийларимиз эъзозланади.

II жаҳон урушида 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди. Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага ҳисса қўшган кўплаб инсонлар бор.

Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланиши баробарида, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши республикамизда сиёсатнинг инсонийлашгани ҳамда давлатнинг қадриятларга содиқлиги намунасидир. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Шу маънода, мустақиллик йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Шу билан бир қаторда уруш қурбонларининг номлари мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган темир “дафтарлар”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.

Бу ерга зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор қўшнисининг номига дуч келади. Беихтиёр, ўтганлар руҳига тиловату дуолар қилиб, юзига фотиҳа тортади.

Ҳозир барча минтақаларимиз, кўплаб шаҳарларимиз ҳамда туманларимиз марказларида ҳам шундай хотира майдонлари барпо этилди ва бу хайрли ишлар изчил давом эттириляпти.

 

 Хотира чироғи ўчмайди...

 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1999 йил 9 май куни Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси “Хотира чироғи ўчмайди” деб номланган эди. Бу кун илк бор Хотира ва Қадрлаш куни нишонланган сана сифатида Ўзбекистонда тарихида қолди.

Мазкур маросимда Ислом Каримов нима учун 9 май байрамини Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилингани, сабаблари, моҳиятини бир қанча мисоллар билан асослаб ўтган. Мазкур маърузанинг асосий мазмунини қўйида келтириб ўтамиз:

“... Хотира деганда биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир.

Хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Бу ҳақиқатни кишилик тарихи исботлаб турибди.

Қадрлаш дегани – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир.

Ҳаётнинг кўп-кўп синовларини, азоб-уқубатларни бошидан кечирган, Ватан учун, эл-юрт учун, мана шу соф осмонимиз учун жон олиб жон берган, бугун ҳам сафларимизда юрган меҳрибон ота-боболаримизни, олижаноб инсонларни эъзозлашдир.

Хотира ва қадрлаш куни, деган тушунча ғоят теран маънога эга. Бу фақат фашизм балосига қарши жангу жадалларда қатнашган, она юрт ҳимояси учун умрини бахш этган кишиларни шарафлаш дегани эмас.

Бу муборак кунда, халқимизнинг асрлар давомида орзу ният қилиб, интилиб келгани – ҳуррият ва озодлик йўлида ҳаётини қурбон қилиб шаҳид кетган Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Намоз ботир каби халқ қаҳрамонларини, Қодирий, Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон, Авлоний, Фитрат, Усмон Носир сингари миллатимиз фидойиларини эслаш ҳам қарз ҳам фарздир.

Хотира ва қадрлаш деганда биз, аввало, ўзимизни инсон сифатида англашни, одамийлик фазилатларимизни улуғлашни назарда тутамиз. Энг муҳими, бу ҳаяжонли ва изтиробли сана ўрнимизга келадиган ёш авлодни мана шу руҳда тарбиялашга, улар қалбида Ватан ва юрт учун ғурур ва ифтихор туйғуларнини уйғотишга хизмат қилади.

Бу ҳаётнинг гўзал ва нурафшон, юртимизнинг озод ва обод бўлишида шу мақаддас заминда яшаётган қўли қадоқ, нияти пок миллион-миллион юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор. Бугунги Хотира ва Қадрлаш кунида мен кўпчилик қатори ана шу камтар ва камсуқим, оддий, заҳматкаш инсонларни бағримга олиб барчасига таъзим қиламан.

Муҳтарам дўстлар, юртдошларим!

Бугун пойтахтимиз марказида бунёд этилган маззам Хотира майдони очилмоқда. Бу ҳам мустақиллик тафаккурининг яна бир бор намоён бўлиши, халқимизнинг табиатига ёт бўлган эски қолип ва сохта ғоялардан воз кечганимизнинг яна бир тасдиғидир.

Шу нуқтаи назардан қараганда “Номаълум аскар” деган тушунча нимани англатар эди?

Ўзингиз ўйланг, инсон она юрти, халқнинг бахти-саодати учун омонсиз жангларда жонини фидо этсаю унинг номи номаълум бўлса!

Ахир, урушга кетган ҳар бир аскарнинг номи, насл-насаби унинг ота – онаси, қариндош-уруғлари, фарзандларининг қалбида бир умр армон бўлиб яшайди-ку! Ахир, уларнинг ҳар бири шу халқимиз, шу миллатимизнинг жондан азиз фарзандлари, бизнинг жигарбандларимиз эмасми?!

Биз учун урушларда қурбон бўлган юз минглаб юртдошларимизнинг номи ҳам, жасорати ҳам маълум ва ҳеч қачон унутилмагай, иншааллоҳ!

Шунинг учун биз уларнинг номларини мана шу майдондаги муҳташам Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрлаб қўйдик.

Токи бу муқаддас зиёратгоҳга қадам қўйган ҳар бир инсон, нафақат халқимиз, балки бутун дунё аҳли аждодларимизга, фидоий жангчиларимизга бўлган буюк эҳтиромимизни кўрсин, уларнинг хотираси қаршисида таъзим бажо этсин.

Азиз биродарлар! 

Мана шу майдон марказида уруш ва айрилиқлардан беҳад қайғу-жафо чеккан, фарзандлари доғида қадди дол бўлган Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилган.

Бу ҳайкал узоқ тарихи давомида не-не бало-қазоларни, жабру зулмларни, қирғин-қатағонларни бошида кечирган, айни пайтда ўз эркинлиги, инсоний ҳақ-ҳуқуқлари учун тинимсиз курашган она – Ватанимизнинг ёрқин тимсолидир.

Инсон боласини Она ёруғ дунёга келтиради, оқ ювиб оқ тарайди. Уни беғараз меҳри билан улғайтиради. Инсон қалбида неки олижаноб туйғулар ва одамийлик хусусиятлари мавжуд бўлса, барчаси она меҳридан, она тарбиясидандир.

Ватанга муҳаббат туйғуси она сути, она алласи билан билан қон-қонимизга сингади, онгимизга киради.

Шу боис Она – Ватан, Ватан – Она, демакдир. Биз меҳр ва муҳаббатни, садоқат ва фидоийликни мунис оналаримиздан, бебаҳо Ватанимиздан оламиз. Ва бизнинг ҳам жамики эзгу ниятларимиз, хайрли ишларимиз Она-Ватанга аталгандир.

Мотамсаро онанинг маҳзун қиёфаси ҳар биримизни хушёрликка чорлайди. Уруш ва қирғинларга йўл қўймасликка, бугунги ёруғ ва дориломон кунларимизнинг қадрига етиб яшашга даъват этади.

Ишончим комилки, Хотира ва қадрлаш куни халқимизни янада бирлаштиради, унинг руҳига малҳам бўлади, иродасини бақувват, иймонини бутун қилади[1].

Ислом Каримов мазкур маърузасида узоқ йиллар давомида фақат ғалаба куни сифатида нишонланиб келинган 9 май санасини Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлашнинг тарихий, миллий ва умуминсоний жиҳатларига эътибор қаратган эди.

 

Ғалаба боғи – Хотира хиёбони

 

Барчамизга маълумки, йилдан йилга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сони камайиб бормоқда. Шу жиҳатдан сўнгги йилларда матонатли ўзбек халқининг ғалабага қўшган ҳиссасини бутун халқимиз, айниқса ёшлар онгида жонлантириш, тарихий тасаввурларни шакллантириш, уруш даври ижтимоий-сиёсий ҳолатини акс эттириш, бир сўз билан айтганда Иккинчи жахон уруши қатнашчиларининг қаҳрамонликларини абадиятга муҳрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда “Ғалаба боғи” барпо этилди.

Давлат раҳбарининг тавсиялари асосида қисқа фурсатда кенг қамровли илмий тадқиқот ишлари ва жиддий таҳлилий изланишлар амалга оширилди. Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганиш бўйича ҳам муҳим натижаларга эришилди. Халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида Ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшгани, бу тенги йўқ жасоратнинг улуғворлигини кўрсатиб берувчи яхлит мажмуа шу вақтга қадар мавжуд эмас эди.

2019 йил 23 октябрда давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, “Ғалаба боғи” концепцияси тасдиқланди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 14,7 гектар ер ажратилиб, улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

 2020 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш доирасида Ғалаба боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Муҳташам “Ғалаба боғи” таркибида “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат” ва “Кўз ёши” монументлари, “Шон-шараф” музейи барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, “Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига бунёд этилган бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан энг ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади”, дея фикр билдирган эди.

 Боғ – Иккинчи жаҳон урушининг жанг даври атрибутлари қайта тикланган ёдгорлик мажмуасидир. Боғнинг турли жойларида Ўзбекистоннинг иккинчи жаҳон урушига қўшган ҳиссаси акс этган окоплар, дала ошхоналари, темир йўл вокзали, концлагер, ҳарбий техника кўргазмаси, кутубхона ва иншоотлар барпо этилган. 

Боғнинг кириш қисмида Ғалаба аркаси ва урушда беш ўғлидан жудо бўлган аёл Зулфия Зокирова, унинг урушдан қайтмаган фарзандлари ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилган.

Мазкур мажмуага ташриф буюрган ҳар бир киши тасаввурида Иккинчи жахон уруши манзаралари жонланади.

Янги Ўзбекистоннинг муҳташам бунёдкорлик иншоотлари ичра гавҳари ҳисобланувчи “Ғалаба боғи”, таъбир жоиз бўлса, жасорат ва матонат, хотира ва қадр, муҳаббат ва садоқат эъзозланадиган ватаннинг мўъжаз тимсолидир.

Ноёб ёдгорлик мажмуаси – “Ғалаба боғи”нинг умумий кўриниши, меъморий тузилиши миллий анъаналаримизга айнан мос бўлиб, меъморий ёдгорликлар яратиш бўйича қатор етакчи давлатлар тажрибасини ўзида мужассам этганлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинади. Шу асосда мазкур байрам муносабати билан 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига маълум миқдорида бир марталик пул мукофоти бериш йўлга қўйилган. Албатта бу каби тадбирлар мустақилликнинг илк йилларидан амалга оширилиб келинаётган бўлсада, сўнгги йилларда бутун мамлакат ҳудудлари бўйлаб бу кунни йилдан йилга ноанъанавий тарзда нишонлаш йўлга қўйилган.

Шунингдек, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар-жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланиши ҳам кўзда тутилган.

Давлат тарафидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликларнинг барчаси умумхалқ байрами мазмунидаги қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари – моҳиятан бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Байрамни янгича номлашда улар ўртасидаги ана шу узвийлик асос қилиб олинган.

Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Хотира ва қадрлаш деганда биз, аввало, ўзимизни инсон сифатида англашни, одамийлик фазилатларини улуғлашни назарда тутамиз”, – деган қимматли сўзлари ёки “Хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ” деган фикрлари ҳар доим ёшларга – она Ватани тарихи, маданияти, урф одат ва анъаналарини ўрганишга, қадрлашга даъват этади.

 [1] Каримов И. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. 7 жилд, Тошкент-“Ўзбекистон”-1999. Б.407-410.

Ҳамро Раҳмонов,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)