ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

МЕҲМОНЛАР – ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТ ХОДИМЛАРИ


03.02.2025

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудига 87 йил тўлиши муносабати 30 январь куни ўтказилган расмий хотира тадбирлари ниҳоясига етган бўлса-да, у улуғ шахс номи билан аталувчи илмий-маърифий мажмуага хотирлаб келувчилар камайгани йўқ.

Шу кунларда мажмуага Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бир гуруҳ магистратура босқичи тингловчи ва ўқитувчилари меҳмон бўлишди. Маълумки, ҳуқуқ-тартибот йўналишидаги мазкур олий олий таълим муассасасига айнан Ислом Каримов қарори билан 1994 йил 2 сентябрда, Ички ишлар вазирлигининг Олий ва ўрта махсус милиция мактаблари негизида асос солинган эди. Ўшанда Академиянинг асосий вазифалари этиб – ички ишлар органларининг олий бошлиқлар таркибини тайёрлаш, танлов асосида икки босқичда ички ишлар органларининг олий ва ўрта юридик маълумотли бошлиқлар таркибини шакллантириш, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш муаммоларини тадқиқ этиш ҳамда илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш белгиланган эди.

Академия тингловчилари мажмуада ўзлари таълим олаётган даргоҳга асос солган инсон хотирасини ёдга олар эканлар, эзгулик, бунёдкорлик, фидоийлик хислатлари ҳеч вақт изсиз кетмаслигига, энг қийин ва мураккаб паллада Ўзбекистон мустақиллигига асос солиб, уни турли офатлардан омон олиб чиққан биринчи Олий Бош қўмондон нечоғли қийин ва шарафли йўлни босиб ўтганига амин бўлдилар.

Улар “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасидаги Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятига ҳамда Ўзбекистоннинг янги тарихига оид турли санъат асарлари – суратлар, портретлар, фотолар ва ҳайкалтарошлик намуналарини ғоят катта қизиқиш билан томоша қилиб, адолатни қарор топширишдек – бўлғуси фаолиятлари учун бетакрор таасуротлар билан қайтишди.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари