ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

Унутилмас учрашувлар


20.06.2022

Ҳар бир раҳбар ходимнинг обрў-эътибори ва мавқеи, энг аввало, унинг эл-юрт равнақи йўлидаги меҳнати билан белгиланади.

Сув хўжалиги бўйича Марказий Осиёда етук мутахассис, ўта талабчан, ташаббускор ва ташкилотчи раҳбар Исмоил Жўрабеков эл-юрт корига яраган ана шундай инсонлар сирасига киради. Исмоил Ҳакимовичга турли даврларда республикамизни бошқарган раҳбарлар билан бирга ишлаш бахти насиб этди. Усмон Юсупов босиб ўтган йўллардан юрди, Шароф Рашидовнинг назарига тушди, мустақилликнинг илк йилларида кечган оғир даврларда Ислом Каримов билан елкама-елка ишлади. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайланганидан сўнг «яшариб», фидойилик билан яна қизғин меҳнат жараёнига киришиб кетди.

Ўз даврида Ўзбекистон Мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимларида самарали ишлади. Айниқса, мустақилликнинг илк йилларида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида мамлакатни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб муаммолар ва масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама фаоллик кўрсатди.

Исмоил Ҳакимович кун тартибидаги долзарб масалаларни кабинетда ўтириб ҳал қиладиган раҳбарлар тоифасидан эмасди. У киши ҳеч бир муболғасиз мамлакатни қадамма-қадам кезиб чиқарди. Деҳқонлар, оддий сувчилар ва мироблар билан яқиндан суҳбатлашарди. Бош вазир ўринбосари, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси мавқеида туриб ҳам қишлоқ аҳлининг “ўз одами”га айланиб қолган эди.

 

Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланганиданоқ “Пахта иши” бўйича айбсиз қамалган юртдошларимизни озод қилиш масаласини ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Марказдаги “ҳукмдорлар”нинг эътирозларига қарамасдан, Республика Олий суди ва Бош прокуратураси ходимларидан иборат комиссия тузиш ҳақида Ўзбекистон Компартияси Марказқўми бюросининг қарори қабул қилиниб, Жўрабеков мазкур комиссиянинг раиси этиб тайинланади. Биринчи Президентнинг қатъияти ва принципиаллиги туфайли комиссия аъзолари мазкур масала ечимига хаққоний ёндошгани натижасида ноҳақ қамалган минглаб юртдошларимиз ўз оилалари бағрига қайтишди.

Ислом Каримов Президентлиги йилларида мамлакатимиз мустақилликка эришди ва жуда кўп ижобий ўзгаришларни рўёбга чиқариш насиб этди. Неча минг йиллар давомида шаклланган миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз тикланди. Юртимизда яшаб ўтган дунёга машҳур алломаларимизнинг пок номлари улуғланиб, қадамжолари обод этилди. Улар қаторида халқимизнинг фидойи фарзанди Шароф Рашидов хотирасининг абадийлаштирилиши маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа сифатида эътироф этилади.

1992 йилда Президент қарорига асосан, Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллигини нишонлаш комиссияси тузилиб, Исмоил Жўрабеков унга раис этиб тайинланди. Шубҳасиз, мазкур сана билан боғлиқ тадбирларнинг юксак даражада ўтишида Жўрабековнинг меҳнати ва саъй-ҳаракатлари катта бўлди.

Юртимиз тинчлиги, осойишталигига раҳна солишга уринишлар бўлган энг таҳликали кунларда ҳам Жўрабеков Ислом Каримовга камарбаста бўлиб, барқарорликни таъминлашда фидоийлик намуналарини кўрсатган.

 

Улкан заковат ва салоҳият эгаси, истеъдодли раҳбар ва моҳир ташкилотчи, давлат ҳамда жамоат арбоби Исмоил Ҳакимович кўплаб мукофотлар билан тақдирланган. 1981 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони, 1992 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 1994 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 1996 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени, 1998 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони, 2017 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. 2021 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени ҳамда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотланди.

Исмоил Жўрабековнинг ҳаёти ва жўшқин меҳнат фаолияти ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин. У киши ҳозир ҳам меҳнат қўйнида, шогирдлари билан эл-юрт ташвишида!.. Янгидан ташкил этилган Сув хўжалиги вазирлигида 90 ёшни қоралаган Исмоил Ҳакимович вазир маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқдалар.

 

Яқинда Биринчи Президентнинг рафикаси Татьяна Акбаровна Исмоил Ҳакимович билан учрашиб ниҳоятда самимий суҳбат қурдилар. Ислом Каримов билан боғлиқ хотиралар тилга олинди. Татьяна Каримова Исмоил акани қутлуғ ёши билан яна бир бор муборакбод этиб, эсдалик учун Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятига оид китобларни совға қилди. Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон тарихида, мамлакатнинг равнақ топишида уч нафар раҳбарнинг- Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ва Ислом Каримовнинг ўрни ва роли бениҳоя юксак эканлигини яна бир бор алоҳида таъкидлади.

Ф.Курбанбаев фотосуратлари

Саҳифани тайёрлашда И.Жўрабековнинг сафдошлари хотираларидан фойдаланилди.