ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

ҲАМКОРЛИК КЕЛИШУВИ ИМЗОЛАНДИ


02.03.2023

28 февраль куни Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Тинч океани давлат университети  ўртасида Ҳамкорлик келишувини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжатда маданият, санъат, таълим ва фан соҳаларида ўзаро

манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этишда ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар кўзда тутилган.

Тадбирда Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов бугунги кунда Ёдгорлик мажмуасида олиб борилаётган ишлар, Ислом Каримов музейини ташкил этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритди.

Ёдгорлик мажмуасининг Васийлик кенгаши аъзоси, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова Ҳамкорлик келишуви доирасида амалга ошириладиган тадбирларнинг самарали ва бардавом бўлишига ишонч билдириб, барчани бу йўналишда қўйилган дастлабки қадам билан қутлади.

Тадбирда Тинч океани давлат университетининг талабалар таркибини шакллантириш бошқармаси бошлиғи Зозолева Алевтина Викторовна Тинч океани давлат университети ҳаёти ва олий ўқув юртининг кутубхонаси фаолияти ҳақида ахборот берди ҳамда мазкур лойиҳани амалга ошириш ташаббусини қўллаб-қувватлаган Ўзбекистонлик ҳамкорларга миннатдорчилик билдирди.

Ислом Каримов номидаги кутубхона мудири Дилором Шукурова Ислом Каримов номидаги кутубхона фаолияти, унинг илмий-маърифий салоҳияти, зиё масканининг мақсадлари ва китоб жамғармаси тўғрисида батафсил маълумот берди.

Тадбир ниҳоясида томонлар Ҳамкорлик келишувини имзоладилар.

Ф. Қурбанбаев суратлари