ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

“Ҳар баҳорда шу бўлар такрор...”


01.03.2022

“Мен ўз ҳаётим, иш фаолиятим давомида маънавий жасорат соҳиби бўлган, ҳар томонлама етук шахслар билан мулоқотда бўлганим, замондош бўлиб яшаганимдан доимо фахрланиб юраман.

Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам мен ана шундай фидойи инсонлар

қаторига қўшган бўлардим. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида

миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак, муболаға бўлмайди”.

                                                                                                               Ислом Каримов

Истеъдод улуғ неъмат, лекин истеъдоднинг ўзи билан иш битмайди. Зулфия опанинг ибрати шундан далолат берадики, ҳар қандай истеъдоднинг ёнига инсоний фазилатлар қўшилсагина, ижод муайян салмоқ касб этади.

Зулфия Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкент шаҳридаги Ўқчи махалласида туғилган.

Шоира Зулфия ўз миллати тақдирини жаҳон халқлари тақдири билан қўшиб куйлай оладиган чинакам халқ шоири даражасига кўтарилган. Зулфия асарлари инглиз, француз, немис, ҳинд, бенгал, араб, болгар, румин ва бошқа тилларга таржима қилинди. У халқаро Неру ва “Нилуфар" мукофотларининг лауреати, кўплаб орден ва медалларнинг соҳибаси эди.

Зулфиянинг ўзи учун энг ардоқли мукофот Ўзбекистон халқ шоираси унвони эди. Шунинг учун бўлса керак, «Бахтим шулки, ўзбекнинг Зулфиясиман», дея хитоб қилганди.

Атоқли шоиранинг ижоди ва меҳнати Ўзбекистон республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан юксак баҳоланган.  

1999 йили унинг бошлаган иши ва анъаналарини давом эттириш, номини абадийлаштириш учун давлатимиз томонидан Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилди. Буюк шоиранинг ижоди ва ҳайрли мақсадлари рамзий маънода мазкур мукофотга сазовор бўлган юзлаб “зулфиялар” ижоди ва фаолиятларида ўз ифодасини топмоқда.

 

Ф.Қурбанбаев фотосуратлари