ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

Диний қадриятларнинг тикланиши


28.06.2023

Динга ҳурмат ва эътиқод биз учун ўлмас қадриятдир

                                                                                            Ислом Каримов

 

Қадим замонлардаёқ диний тенглик ва эркинлик ғоялари мавжуд бўлган юртимизда маънавий жиҳатдан кўпгина афзалликларга эга бўлган ислом дини ҳамиша қадрланиб келган.

Буюк аждодларимизнинг беназир маънавий мероси бунинг ёрқин тасдиғидир. Имом-ал-Бухорий ислом дини таълимотида Қуръони Каримдан кейинги асосий манбаа ҳисобланувчи “Ал-Жомиъ Ас-Саҳиҳ” номли асар яратиб ислом динини бойитди. Инсонни маънавий етукликка чорловчи диний, ахлоқий ва ҳуқуқий ҳикматлар ижодкорлари сифатида Имом-ал-Мотуридий, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом ат-Термизий, Хўжа Аҳмад Яссавийларнинг довруғи дунёга таралди.

Қарамлик даврида таҳқирланган диний қадриятларимиз мустақиллик нури билан қайта тикланди, исломшунос алломаларимизнинг улуғ номи ўз ўрнига қўйилди.

Бу борада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг шахсий ташаббуслари ва эзгу амалларини алоҳида эътироф этмоқ жоиздир.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган мусулмонларнинг тўртинчи қурултойида Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Мусҳафи Усмон мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилгани эълон қилинди. Шундан буён табаррук  Китоб мамлакат мусулмонлари идораси кутубхонасида авайлаб сақланмоқда. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади.

1993 йил сентябрда Бухорода машҳур шайх Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги нишонланди. Юбилей муносабати билан Бухородаги Нақшбанд номи билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар қайта тикланди.  Унинг ижодига бағишланган қатор рисолалар чоп этилди.

1998 йил 23 октябрда Самарқандда буюк мутафаккир Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тавқим бўйича 1225 йиллиги нишонланди. Шу куни Хартанг қишлоғида Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи очилди. Юбилей муносабати билан Имом ал-Бухорийнинг 4 жилдлик “Ал-Жомиъ Ал-Саҳиҳ” китоби ўзбек тилида нашр этилди.

2000 йил 16-17 ноябрь кунлари Марғилонда ислом ҳуқуқининг асосчиларидан бири Бурхониддин ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги, Самарқандда Имом-ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги нишонланди ва уларнинг хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуалари очилди. Бурхониддин ал-Марғинонийнинг ислом ҳуқуқига бағишланган “Ҳидоя” китоби нашр этилди. Шунингдек, ислом оламининг таниқли алломалари Имом-ат-Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги кенг кўламда нишонланди.

Биринчи Президентнинг 1992 йил 27 мартдаги фармони билан Рўза-Рамазон ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни деб эълон қилинди. Республика мусулмонларининг истак ва ҳоҳишларига кўра Қурбон ҳайити ҳам тикланди, дам олиш, байрам куни бўлиб қолди. Ўзбекистон халқи тарихида биринчи марта бевосита ҳукумат ҳомийлигида мамлакат мусулмонлари ҳар йили Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш имкониятларига эга бўлдилар. Мустақиллик йилларида минг-минглаб ўзбекистонликлар Макка ва Мадинада Ҳаж сафарида бўлди. Ваҳоланки, истибдод даврида собиқ Иттифоқ бўйича муқаддас ҳаж сафарига бориш 10-15 нафар кишига, шу жумладан, Ўзбекистондан 3-4 нафар одамга насиб этар эди.

1992 йилнинг апрель ойида эса, Ислом Каримов Саудия Арабистонига қилган давлат ташрифи чоғида Умра зиёратини амалга оширди. Каъбани тавоф қилиб, ҳамроҳлари билан Байтуллоҳнинг ичкарисига кириб ибодат қилди. Ўшанда Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Фаҳд бин Абдулазиз Ислом Каримовга Кисва – Каъба ёпинчиғининг бир бўлагини ҳадя қилган. Унга тилла ип билан “Оли Имрон” сурасининг 97-ояти ёзилган эди. Кейинчалик Ислом Каримов ушбу табаррук ҳадяни – каъбапўшни Имом Бухорий мажмуаси музейига тақдим этадилар.

Собиқ иттифоқ даврида ташландиқ ҳолатда бўлган юзлаб масжидлар мусулмонларга қайтарилди, янгилари барпо этилди. Қуръони Карим 8 марта 1 млн. нусхада нашр этилди.

Биринчи Президентнинг 1992 йил 7 мартдаги фармони билан Ислом дини ва унинг маънавий имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилди. Шунингдек, 1999 йилда Тошкент Ислом Университети ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар”, деган демократик тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, Бош қомусимизда фуқаролар миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланган. Уларнинг виждон эркинлиги, урф-одатлари, миллий анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган.

Республикамизда диний эркинлик сиёсати ўлароқ бугун юртимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат вакиллари учун 16 та диний конфессияга мансуб 2276 та диний ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда ҳам, умумий, тинч ва осойишта уйимизда диний бағрикенглик руҳи янада мустаҳкамланмоқда ва ривожланмоқда. Бунинг боиси, дин, энг аввало, ислом динининг ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадрият сифатидаги мавқеи тикланди, диний уламоларнинг қадр-қиммати ўз жойига қўйилди.       

Қадим даврлардан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлкамизда кўп асрлик тарихий анъананинг изчиллик билан давом этаётганида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари каттадир. 

Давлатимиз раҳбарининг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда таъкидлаганларидек, “Ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди”.

Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлайди. Ушбу улуғ айёмнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни беқиёсдир.   

Азалий кадриятимиз - Курбон хайити ҳаммамизга муборак бўлсин.

  Ф.Курбанбаев суратлари