ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

18 май-Халқаро музейлар куни


18.05.2022

Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. 

Музейлар фақатгина маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмасдан, улар бизни ўтмиш саёҳатига элтувчи, давлатлар ва халқларнинг турли даврлардаги ривожланиш босқичларидан воқиф этувчи бетакрор воситадир. Шу нуқтаи назардан музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Музейларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бажарадиган муҳим вазифаларидан яна бири улар таълим ва тарбия ўчоғи эканлигидир. Ўзбекистон музейлари 130 йиллик тарихга эга.

 
 

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси билан музейлар фаолиятини ривожлантиришга чуқур эътибор қаратила бошланди. Уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган тарихий шахсларнинг номини тиклаш ва уларнинг бой моддий-маданий меросини ёш авлодга етказиб бериш борасида самарали ишлар амалга оширилди.

1996 йил 18 октябрда буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан юртимизда  Темурийлар тарихи давлат музейининг очилиши бунинг ёрқин тасдиғидир. Мазкур воқеага бағишланган тантанали тадбирда Ислом Каримов: “Бу музейда бизнинг ўтмишимиз ҳам, бугунги кунимиз ва буюк истиқболимиз ҳам бамисоли кўзгуда акс этгандек намоён бўлади”, деган эди. Шу сўзларнинг ўзи ҳам музейларнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи нечоғлик баланд эканлигидан далолат беради.

1997 йилда Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти қошида музейшунос мутахассис кадрларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган йўналиш очилди. Бу эса мамлакатимизда музейшуносликнинг фан сифатида ривожланиши имкониятларини янада кенгайтирди.

Биринчи Президентининг 1998 йилдаги Фармонига мувофиқ Маданият ишлари вазирлиги қошида Музейларни қўллаб-қувватлаш республика “Ўзбекмузей” жамғармаси ташкил қилинди, “Мозийдан садо” журнали таъсис этилди.
Ислом Каримовнинг 1999 йилдаги фармонига кўра Тошкентнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

2001 йилда Термиз археология музейи ташкил топди.

 
 
 

Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Кўҳна шаҳарларимиз номи дунёнинг беназир тарихий масканлари қаторида  ЮНЕСКО ташкилотининг расмий рўйхатига киритилиши, буюк аждодларимизнинг ҳаёти билан боғлиқ қадамжоларнинг қайта тикланиши, Мустақил Ўзбекистоннинг бой тарихи илмий ва маънавий салоҳиятининг нақадар юксаклигини дунё ҳамжамиятига намоён қилди.

 

 
 
 
     
 

Айни пайтда мазкур йўналишдаги саъйи ҳаракатлар тизимли давом эттирилиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳини музейлаштириш ишлари давом этмоқда.

Ички ва ташқи туризмни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенга қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Зеро, замонавий туризм юртимизга сармоядорларни жалб қилувчи иқтисодиётнинг янги ва истиқболли бўғини саналади. Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Ташкил этилган ва этилаётган янги музейлар эса ёшларни юрт тарихи, аждодлар меросини қадрлашга, бетакрор Ўзбекистонга муҳаббат ва садоқат туйғулари билан яшашга чорловчи беназир восита сифатида халқимизга ҳизмат қилмоқда.

 Ф.Курбанбаев фотосуратлари.