ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

МАЪНАВИЯТ – ДАВЛАТНИНГ, ЖАМИЯТНИНГ КУЧ-ҚУДРАТИ


12.06.2024

“Маънавият инсонга ҳаводек, сувдек зарур” – Ислом Каримов

Тарихдан маълумки, мамлакатимиз бир неча бор ажнабий босқинчилар ҳужумига дучор бўлган, қарамлик ва зулм остида қолган. Бунинг оқибатида халқимизнинг бой маънавий мероси, урф-одатлари қадрсизланишга маҳкум бўлган. Айниқса, чор мустамлакачилиги ва советлар тузуми даврида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз оёқ ости қилинди. Она тилимиз, бой маънавий меросимиз қадрсизлантирилди, кўплаб масжиду мадрасалар, миллий мактаблар, тарихий ёдгорликлар бузилди, қаровсиз қолди.

Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган кундан бошлабоқ бой маънавий меросимизни тиклаш ва ривожлантириш, жамият маънавиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жамият маънавиятини тиклаш ва юксалтиришни таъминловчи маънавий-маърифий ислоҳотларнинг йўналишлари белгилаб олинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов маънавий маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида “Моддий ислоҳотлар, иқтисодий ислоҳотлар ўз йўлига. Уларни ҳал қилиш мумкин. Халқнинг таъминотини ҳам амаллаб туриш мумкин. Аммо, маънавий ислоҳотлар - қуллик ва мутелик исканжасидан озод бўлиш, қадни баланд тутиш, ота-бобаларимизнинг удумларини тиклаб, уларга муносиб ворис бўлиш – бундан оғирроқ ва бундан шарафлироқ вазифа йўқ бу дунёда”1деган эди.

Шу мақсадда мустақилликнинг илк йилларидан қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Республика ҳукумати ва раҳбарияти томонидан кўплаб меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб ҳаётга тадбиқ этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 23 апрелдаги “Республика “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик марказини ташкил этиш тўғрисида»ги2 фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 288-сонли қарорига асосан, дастлаб Республика Маънавият тарғиботи маркази очилди.

Қарорда марказнинг қўйидаги вазифалари белгилаб берилди:

- социологик тадқиқотлар, сўровлар ўтказиш орқали ўзбек халқининг бой маънавий-маданий мероси, шарқона ва умуминсоний қадриятлар асосида мамлакат, миллат келажагини белгилайдиган илғор ғояларни юзага чиқариш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

- жамиятдаги соғлом кучлар — юксак истеъдод ва тафаккур соҳибларининг ақлий-ижодий салоҳиятини Ватан истиқболи сари йўналтириш;

- миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашни, минтақамизда яшаётган миллатларнинг маданий, маърифий, маънавий тараққиёт томирлари муштараклигини тарғиб қилиш;

- маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий тараққиёт йўналишлари билан боғлиқ омилларни, миллий давлатчилик қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш;

- жаҳон, умумбашарий бойликларга эга бўлиш мақсадида мамлакатдаги ва дунёдаги хилма-хил мафкура, эътиқод, ғояларни ўрганиш, соғлом дунё қарашни ҳамда сиёсий маданиятни шакллантиришда иштирок этиш;

- жамоат бирлашмалари, илмий-маърифий, ижодий муассаса ва ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро самарали ҳамкорлигига кўмаклашиш;

- маънавий-маърифий масалаларга доир маърузалар, анжуманлар, суҳбатлар ўтказиш3.

       Мазкур ҳужжатлар ҳам, марказ фаолияти ҳам йиллар оша такомиллашиб борди.

______________________________

1 Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Тошкент, “Ўзбекистон”. 1996. –Б.202.
2 https://lex.uz/docs/196309 (15.05.2024)
3 https://lex.uz/docs/735209?ONDATE=08.06.1994 (16.05.2024)

 

Республика Маънавият ва маърифат кенгаши фаолияти ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1999 йил 3 сентябрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Бу маънавий маърифий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, мазкур Фармонда янги ташкил этилаётган кенгашнинг мақсади, вазифалари аниқ белгилаб қўйилди.

Ушбу ҳужжатда – аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириб боришда юксак маънавият ва маърифатли, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур эгаллаган, демократик тамойиллар ҳамда фуқаролик жамияти асосларини ҳар томонлама ўзлаштирган, шахсий ва умуммиллий манфаатларни ўзаро уйғун кўра оладиган эркин шахс ва онгли авлод тарбиясининг ўта муҳимлигини ҳамда маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий, устувор йўналиши эканлигини ҳисобга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Маънавият ва маърифат кенгашлари ташкил этиш масаласи белгилаб берилган.

Маълумки, 1999 йил 16 феврал куни республика пойтахти Тошкент шахрининг бир нечта нуқталарида экстремистик ҳаракатлар содир этилган эди. Бир вақтнинг ўзида мамлакат раҳбари ҳаётига суиқасд уюштирилган. Гарчи, Президентга қилинган суиқасд амалга ошмаган бўлса-да, кўплаб биноларнинг вайрон бўлиши ва ўнлаб инсонларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлган эди. Мазкур воқеалар фонида кўплаб жиноий тудалар, диний экстремистик гуруҳлар жиноятлари фош этилди. Ушбу гуруҳлар ўз таркибига аксарият тажрибасиз ёшларни жалб этгани сабаб республиканинг барча ҳудудларида айниқса таълим муассасалари, ёшлар масалалари билан шуғилланувчи ташкилотлар, маънавий маърифий йўналишдаги ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштиришга эхтиёж сезилди.

Йигирманчи аср охирига келиб жаҳон майдонида маънавий салоҳият, ақл-заковат мусобақаси, мафкуравий кураш етакчи ўринга чиқди. Бутун дунёда инсонларнинг қалби ва онгига ҳукмрон бўлиш учун кескин кураш кучайди. Табиийки, ҳеч қайси давлат, ҳеч қайси жамият бу жараёндан четда туролмайди.

Бугун халқаро ҳаёт, кишилик тараққиёти шундай босқичга кирдики, энди унда ҳарбий қудрат эмас, балки интеллектуал салоҳият, ақл-идрок, фикр, илғор технологиялар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Энди қурол-яроғ билан эмас, балки «фикрга қарши фақат фикр, ғояга қарши фақат ғоя» билангина курашиб, олға бориш мумкин. Бугун кимнинг мафкураси, маънавияти, миллий ғояси қудратли бўлса, ўша енгиб чиқади. Мафкуравий кураш бир жамият, бир мамлакат ичида ҳам, халқаро ва давлатлараро миқёсда ҳам давом этмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистонинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлидир”.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллагач, мураккаб дунё билан кўптомонлама муносабатларга киришилди. Сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилди. Шу билан бирга, мамлакатимизга турли йўллар билан ҳар хил мафкуравий, ғоявий либосдаги ахборот оқимлари кириб келмоқда, хилма-хил диний мазҳаблар, секталар фаолият юритиб, ўз таъсир доираларини кенгайтиришга, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий мувозанатини бузиш, маънавий беқарорликни вужудга келтириш орқали ўз мақсадларига эришишга интилмоқда. Коммунистик мафкура тарафдорлари ҳам ҳали қуролларини буткул ташлагани йўқ. Шунингдек, ён-атрофимизда шовинистик қарашлар, бизга империя кўзи билан қараш кайфиятлари, минтақада ҳукмронлик ва зўравонлик қилиш даъволари ҳам мавжуд. Экстремизм, диний ақидапарастлик ҳаракатлари, турли кўринишдаги зарарли тўдалари мамлакатимизнинг хавфсизлигига, халқимизнинг тинчлиги, тотувлигига, келажакка бўлган эзгу ишончига тажовуз қилишга бир неча бор уринди.

1999 йил 3 сентябрда имзоланган ПФ-2385-сон Фармонда Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясига таянган ҳолда Кенгашга аъзо ташкилотларнинг маърифий тарғибот йўналишидаги имконият ва салоҳиятларини бирлаштириш, фаолиятларини мувофиқлаштириш ва замонавий талаблар асосида ташкил этиш эхтиёжидан келиб чиқиб, бирламчи мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг  фаолият дастури ишлаб чиқилди. Унда Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши халқимизнинг ўзи танлаган тараққиёт йўлидан оғишмай олға боришига эришиш, уни бизнинг миллий манфаатларимизга зид бўлган турли хил ёт ва бузғунчи мафкуравий тазйиқ ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилганлиги белгилаб берилди.

Маълум вақт ўтгач, тизимда яна бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди, янги ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Соҳани ривожлантириш мақсадида янги тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва  маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-451-сон қарорига кўра Республика Маънавият ва маърифат кенгаши негизида  Республика Маънавият тарғиботи маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази алоҳида ташкилот сифатида иш бошлади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, тарихий ва ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, Республика “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази фаолиятини ислоҳ қилиш хусусида ўз вақтида Ислом Каримов томонидан имзоланган мазкур қарорда – халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси – ушбу соҳадаги ишларни, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг фаолияти ва таркибий тузилишини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда, деб белгилаб қўйилган эди.

Ислом Каримов “Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб, биз кўзлаган олий мақсад – озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди” деб фикр юритиб, республика аҳолиси, хусусан, ёшларда ватанпарварлик, халқпарварлик туйғуларини шакллантириш, ўзлигидан фахрлана олиш ҳиссини уйғотишда мазкур масалада таълим тизимининг барча буғинлари билан бир қаторда – республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти муҳимлигига эътибор қаратган.

Ўтган йиллар давомида соҳани ривожлантириш бўйича кўплаб амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, мактабларда миллий ғоя ва маънавият асослари – янги фан сифатида ўқув жараёнларига жорий этилди, олий таълим тизимида бакалаврлар тайёрлайдиган янги йўналишлар очилди, дарслик, ўқув қўлланма ва китоблар яратилди, илмий тадқиқот ишлари олиб борилди.

2008 йилда нашр этилган Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарининг муқаддима қисмида – ўқувчига қуйидаги ҳақли саволлар билан мурожаат этган.

“–Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик? – Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди? – Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг «Ассалом!..» деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик? – Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди? – Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди? – Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик? – Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди?

Дарҳақиқат, дастлаб Чор Россияси, кейинчалик совет бошқаруви даврида тарихимиз, урф одат ва анъаналаримиз, тилимиз, динимиз бир сўз билан айтганда миллий ўзлигимиздан айиришга бўлган турли усуллар ва ҳаракатлар олиб борилган. Миллий қаҳрамонларимиз, буюк алломаларимиз тарихини ўрганиш, улар қолдирган маънавий меросини кенг тарғиб қилиш имкониятидан мосиво бўлган эдик.

Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ва мустақилликнинг илк йилларидан миллий ўзликни англаш, қадриятларни тиклашга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда республика маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда бўлимлари, тузулмалари фаолияти алоҳида аҳамият касб этган.

Миллий маданиятимизга, жаҳон цивилизацияси тараққиётига буюк ҳисса қўшган боболаримиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳмад Яссавий, Ал- Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқа кўплаб аждодларимизнинг миллий ва маънавий мероси халқимизга қайтарилди, таваллуд топган кунлари бутун мамлакат бўйича нишонланди, руҳлари шод этилди, асарлари нашр этилди. Уларнинг маънавий мероси бугунги кунда халқимизга янги жамият қуришда маънавий куч-қудрат бағишламоқда, жамиятимизни маънавий юксалтиришга хизмат қилмоқда”.

Янги Ўзбекистон шароитида соҳага оид ишлар самарадорлиги

Маънавият масаласи – ҳар бир даврда, ҳар бир жамиятда доимо долзарб аҳамият касб этган. Вақтлар ўтган сари мазкур соҳа бўйича олиб бориладиган ишларни янада такомиллаштириш, замон ва маконга мос ислоҳотлар олиб боришга эҳтиёж сезилади.

Шу маънода, 2017 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги  ПҚ-3160-сон қарори қабул қилингач, Республика Маънавият тарғиботи ва Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказлари фаолияти умумлаштирилиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташкил этилди.

Мамлакат раҳбари соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Тизимни ривожлантиришга оид ишлаб чиқилаётган ҳуқуқий ҳужжатлар соҳани йилдан йилга такомиллашиб боришига хизмат қиляпти.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5040-сонли қарори – соҳада фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси” тузилди, Oyina.uz маънавий-маърифий портали очилди. 

Марказ муассислигида “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Жаҳон адабиёти (ҳаммуассисликда)” журналлари чоп этилади, шунингдек, “Маънавият” нашриёти фаолият юритади. 

Эндиликда марказ Ўзбекистон Президенти раислигидаги Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ижро органи ҳисобланади.

Президентимизнинг “Маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, бугун маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак!” деб, илгари сурган ташаббуси асосида “Сурхондарё тажрибаси” мисолида мамлакатимизда илк маротаба Маънавият сектори ташкил этилди.

Ушбу сектор 4 та секторга қўшимча равишда ижро ҳокимиятининг коллегиал органи ҳамда ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатиши белгиланди.

Шу билан бир қаторда соҳани ривожлантириш учун кўплаб тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан,

- бугунги кунда мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий тараққиёт стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, Маънавий тараққиёт стратегияси ва уч йиллик дастури ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилмоқда;

- Ўзбекистон тарихи ва маданияти ривожига ҳисса қўшган машҳур шахслар номлари билан турли мактаблар ташкил этилди;

- “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича янги электрон платформа ишга туширилди;

- “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди;

- Маънавият ва маърифат масалаларига оид турли мавзуларда республика ва халқаро анжуманлар ўтказиш йўлга қўйилди;

- республика миқёсида турли танлов (китобхонлик) лар, фестиваллар, янги лойиҳалар  йўлга қўйилди;

- “Маънавият марафони” ташкил этилди.

Бу каби ютуқларни яна кўплаб санаш мумкин. Энг эътиборли жиҳатларидан бири – 2023 йилда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан дунёнинг мафкуравий манзарасини тадқиқ этиш мақсадида АҚШ, Германия, Англия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея, Полша, Ҳиндистон, Финляндия, Россия, Бразилия, Эрон, Миср, Озарбайжон каби 40 га яқин давлатларнинг тажрибалари ўрганилди. Хорижда ва республикада олиб борилган илмий тадқиқотлардан тўпланган илмий натижалар – таълим муассасалари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув методик адабиётлар яратишга жорий этилмоқдалар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан бошқа соҳалар билан бир қаторда маънавиятимизни юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар – Янги Ўзбекистон шароитида янада самарали фаолият олиб бормоқда.

 

Ҳ.Раҳмонов,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)