ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

БУЮК ВА МУҚАДДАС САНА


07.09.2026

 

Мустақиллик бизни мустабид ва

мафкуралашган тузум кишанларидан озод қилди,

ўзбек халқига ўз юртида бошини баланд кўтариб юриш,

ўз маданияти ва анъаналарини, қадр-қиммати, дини ва эътиқодини,

она тили ва маъанавиятини қайта тиклаш имконини берди

Ислом Каримов

 

Ҳар бир халқ ҳаётида унинг тақдирини, келажагини тубдан ўзгартириб юборадиган буюк ва муқаддас саналар бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги эълон қилинган 1991 йил 31 август санаси ҳам Ватанимиз тарихида алоҳида аҳамият касб этади. Бу кун халқимизнинг эркинликка ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига бўлган улуғ орзусининг рўёбидир

Миллий давлатчиликнинг қайта тикланиши Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишига ва жаҳон мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик олиб боришга асос бўлди. Бу Ўзбекистонда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида тизимли ислоҳотларни амалга оширишни, мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашни, бозор муносабатларини жорий этишни ҳамда халқаро ҳамжамият билан ўзаро муносабатларни узоқни ўйлаган ҳолда олиб боришни талаб қилар эди.

Мамлакат тақдири учун ҳал қилувчи бир пайтда ўтган асрнинг 80-йиллариданоқ мустақиллик сари дастлабки қадамлар ташланди. Хусусан, 1989 йил давлат тилига ўзбек тили мақомининг берилиши, 1990 йилда “Мустақиллик Декларацияси”нинг қабул қилиниши, Президентлик институтининг жорий этилиши ўша вақтдаги ўта мураккаб вазиятда ўзига хос сиёсий ва маънавий жасорат намунаси бўлди.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда қизғин ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар юз бераётган эди. Қайта қуриш даврида бошланган ижтимоий фаоллик туфайли аҳоли турмуш шароитининг пастлиги, пахта яккаҳокимлиги, ижтимоий ҳимоялашдаги камчиликлар, халқ хўжалигидаги турғунлик, Орол муаммоси, қишлоқ хўжалигининг инқирози, экологик танглик, аҳолини ер ва уй-жой билан таъминлаш, ишсизлик каби жамиятда тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар мавжуд эди. Шунингдек, фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларининг ислоҳотга муҳтожлиги маълум бўлди, адабиёт ва санъатда миллий тил ва мустақиллик масалалари илгари сурилди.

1991 йил 31 августь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов  Ўзбекистон республикаси давлат мустақиллигини эълон қилди. Бу Ўзбекистон тарихида муҳим тарихий воқеа бўлди. Бироқ мустақил давлат ва янги жамиятни қуриш осон кечмади. Турли соҳаларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар мустақилликнинг дастлабки йилларида жуда кескин намоён бўлди ва бугун ўтиш даври деб номланаётган ҳолатни вужудга келтирди. Ўзбекистонда ўтиш даври қийинчиликлари ва муаммоларини босқичма-босқич, тадрижий босиб ўтишга қаратилган бир қатор дастурлар ишлаб чиқилди.

 

Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий жараёнлар

 

ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллиги Ўзбекистон тарихидаги мураккаб ва таҳликали, ўтиш даври сифатида тарихга кирди. Мустақилликка интилиш республика халқи ҳаётида у ёки бу кўринишда собиқ Совет империяси ҳукмронлик қилган даврдаёқ намоён бўла бошлади. 

Собиқ СССР ҳукмронлиги даврида 80-йилларнинг иккинчи ярми ва 90-йилларнинг бошларида мамлакатда умумий инқирознинг кўринишлари яққол намоён бўла бошлади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариш аста-секин пасая бошлади. Масалан, 1987 йилда Ўзбекистонда миллий даромад киши бошига 1985 йилдагига нисбатан 94,5% ташкил қилди. Ижтимоий меҳнат унумдорлиги 1986-1990 йилларда бирор марта ҳам 1985 йилдаги даражасига етиб бормади. Бу даврларда саноат ва қишлоқ хўжалигининг бир қанча соҳаларининг нафақат киши бошига, балки мутлақ миқдори ҳам камайиб кетди.

Бу даврнинг оғир ва аянчли ижтимоий-сиёсий манзарасига  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти  Ислом Каримов «шу нарса шак-шубҳасиз ва очиқ-ойдиндирки, республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. Биз бу рақамларни илгари ҳам неча марталаб айтганмиз, аммо бугун уларни яна бир бор идрок этмоқ керак. Ўзбекистон ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст..., деб баҳо берган эди.

1989 йил охиридаги статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳар бир киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича собиқ Иттифоқ бўйича 12-ўринда қайд этилган бўлса, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст бўлганлиги ҳам айни ҳақиқат эди. Саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан республика Иттифоқдан 40 фоиз, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса икки баробар орқада қолган эди. Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришининг кўпайиши, асосан пахта тозалаш, ёқилғи саноати, ресурс соҳалари, қора ва рангли металлургия тармоқлари ҳисобига таъминланарди.

Ўзбекистонда аҳолининг турмуш даражаси паст кўрсаткичларга тушиб кетганди. Мисол учун, ишчилар ва хизматчиларнинг иш ҳақи Ўзбекистонда умумиттифоқ бўйича 1975 йилдаги 93,7 фоиздан 1987 йилда 81,3 фоизга тушиб қолган бўлса, аҳоли жон бошига истеъмол фонди ҳажми тегишли равишда 66 фоиздан 58 фоизга камайиб кетганди.

Жамиятда тангликнинг содир бўлишига марказ ташаббуси билан амалга оширилган “ўзбек иши”, “пахта иши” деб аталган, аслида 1937 йилдаги қатағондан қолишмайдиган, қонунлар тўғридан-тўғри поймол қилиниб гуноҳсиз фуқароларнинг жавобгарликка тортилишига ҳам сабаб бўлди. Марказнинг йилдан-йилга пахта ишлаб чиқаришни кўпайтириш талабларини бажармаган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари совет давлатининг сиёсатига қарши чиқиш, давлат манфаатини менсимаслик, миллатчилик кўриниши сифатида баҳоланиб, жавобгарликка тортилиши мумкин эди. Қатағоннинг қанчалик авж олганлигига “пахта иши” бўйича жавобгарликка тортилган уч мингдан ортиқроқ одамнинг, кейинчалик бутунлай оқланганлиги ҳам далил бўла олади.

1989 йил 23 июнь куни И.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди ва ўша вақтда фожеали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди. Иттифоқдаги айрим бузғунчи кучлар таъсирида 1989 йилнинг май ойининг охирлари июн ойининг бошларида Фарғонада миллий низолар бошланиб, жанжал, тўполонлар алангаси авж олди. 1990 йилнинг июлида қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида ҳам ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллатлараро Низолар бошланиб, ҳар иккала томондан қурбонлар ҳам бўлди.

1989 йил 21 октябрда ҳали Ўзбекистон собиқ СССР таркибида бўлган вақтда, Ўзбекистон ССР Олий Советининг ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонун бўйича ўзбек тилига давлат тили расмий мақоми берилди. 1990 йил 19 февралда “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш давлат дастури қабул қилинди. Шундан сўнг мамлакатимизда мажлислар, илмий-амалий анжуманлар, олий ўқув муассасаларида ўқув машғулотлари ва бошқа тадбирлар ўзбек тилида ўтказила бошланди.

“Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисида”ги Қонун ва “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш давлат дастурини қабул қилиниши мамлакатимиз халқининг мустақиллик сари ташланган илк қадамларидан бири бўлди.

1990 йил 24 март куни ХII чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг биринчи сессиясида “Ўзбекистон ССР Президенти лавозимини таъсис этиш  тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Олий Кенгаш яширин овоз бериш йўли билан Ислом Каримовни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти этиб сайлади. Ҳали собиқ СССР ва унинг марказий ҳокимияти мавжуд бўлган шароитда Ўзбекистонда ўз Президентини сайланиши муҳим воқеа бўлди ва Ўзбекистоннинг мустақиллик йўлида қўйилган яна бир муҳим қадами бўлди.

Олий Кенгаш Президиуми 1991 йилнинг 22 июлида «Ўзбекистон ССР ҳудудида жойлашган иттифоққа бўйсинувчи давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларини Ўзбекистон ССРнинг ҳуқуқий тобелигига ўтказиш тўғрисида» қарор қабул қилди. Қабул қилинган қарорлар, мустақилликка эришиш учун қилинган ҳаракатлар мажмуасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмаса ҳам, мустақиллик сари интилишнинг тасодифий ҳодиса эмаслигини тасдиқлаб турибди.

1991 йил 17-19 августь кунлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистон Республикасига расмий ташриф буюрди. Бу визит шу вақтдаги вазият тақазосига кўра қисқа ва тўла якунланмаган бўлсада, Ўзбекистоннинг хорижга илк расмий ташрифи сифатида тарихда қолди. 

1991 йил  19-21-август майида содир бўлган сиёсий воқеалар СССРнинг тарқалиб кетиши учун муҳим туртки бўлди дейиш мумкин. Империалистик сиёсатнинг мустамлака ҳудуд аҳолисининг манфаатлари билан ҳисоблашмаслиги, социализм деб аталмиш ижтимоий тузумнинг жамиятдаги иқтисодий, сиёсий жараёнларини мувофиқлаштирувчи ички механизми шаклланмаганлиги туфайли СССРдек давлатнинг ўзи барбод бўлди. Тобе бўлган миллий республикаларнинг мустақиллигига йўл очилди. Москвадаги август воқеалари билан боғлиқ собиқ Иттифоқ ҳокимиятидаги парокандалик унинг вазиятни тузатишга лаёқатсизлигидан далолат берди. Бу эса ўз вақтида Ўзбекистон раҳбариятининг ўз халқини муҳофаза қилиш борасида қатъий ҳаракатлар қилишга ва шошилинч чораларни кўришга мажбур қилди. 1991 йил 19 августда – Биринчи Президентимиз Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашиб, мамлакатда юзага келган вазиятни муҳокама қилди. 1991 йил 20 августда – Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати билан Вазирлар Маҳкамасининг қўшма мажлисида ГКЧПнинг қарорларига Ўзбекистон раҳбариятининг салбий муносабати очиқ-ойдин баён этилди. Шундай вазиятда 1991 йилнинг 21 август куни Президент И.А.Каримовнинг ГКЧП қарорлари Ўзбекистон учун ноқонуний эканлиги ҳақидаги фармони эълон қилинди. Бу билан марказий ҳокимиятнинг республиканинг бундан кейинги ички ишларига аралашувига чек қўйилди;

– 1991 йилнинг 25 август куни ҳар қандай давлат ўзини ўзи муҳофаза қила олиш қобилиятига эга бўлиши заруриятини назарда тутиб Президент Фармони билан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат Хавфсизлик Қўмитаси Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олинди. Ички ишлар қўшинлари эса тўғридан тўғри Президентга бўйсиндирилди.

1991 йилнинг 28 августида Ўзбекистон Компартиясининг пленуми КПСС Марказий Комитети билан алоқаларни тўхтатгани, унинг барча ташкилотларидан чиққанлиги ҳақидаги қарорини эълон қилди. 

Мустақилликнинг қўлга киритилиши ва унинг тарихий аҳамияти.

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 31 августда давлат мустақиллигини қўлга киритиши мамлакат тарихида янги саҳифа очди. Мустақилликка эришилгандан сўнг, Ўзбекистон олдида давлат бошқарувининг мустақил, демократик ва халқчил тизимини барпо этишдек муҳим вазифа турарди. Ўтган давр мобайнида мамлакатда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мустақиллик эълон қилингач, ўзбек халқи ўз тақдирини ўзи мустақил равишда белгилашдан иборат бўлган ҳуқуқни муваффақиятли амалга оширмоқда. Босиб ўтилган дастлабки истиқлол йиллари Ўзбекистонда фаол миллий давлат қурилиши, халқнинг миллий ўзлигини англашнинг ортиши, кўп асрлик маънавий-ахлоқий қадриятларининг қайта тикланиш даври бўлди.

Мустақиллик Ўзбекистон халқига қаддини баланд тутиш, ўз ерининг ҳақиқий хўжайини деб ҳис қилиш, ўзбек халқига чинакам қадр-қиммат туйғусини, тил ва маънавиятини қайтариш имконини берди. Мустақил Ўзбекистон аввал бошданоқ миллий давлат қурилишининг асосий устувор йўналиши сифатида демократия қадриятларини, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, эркин бозор иқтисодиётини яратиш йўлини танлади. Бироқ миллий давлатчиликнинг тикланиши, маънавиятли тараққиётнинг умуминсоният йўлига солиниши ниҳоятда мураккаб вазиятларда кечди. Амалда кўп нарсаларни янгидан бошлашга тўғри келди.

ХХ асрнинг сўнгги йиллари ва ХХI асрнинг боши Ўзбекистон тарихи учун бутунлай янги саҳифа очилди. У тарихий давр сифатида туб бурилиш ҳодисасини бошлаб берди. Ўзбекистоннинг тоталитаризм шароитидаги охирги йиллари ва мустақилликдан кейинги тараққиёт даври халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихида ўзининг мазмуни, моҳияти, жараёнларининг тезкорлиги, воқеа-ҳодисаларнинг шиддатлилиги билан алоҳида ажралиб туради.

ХII чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VI сессияси 1991 йил 31 августда ўз ишини бошлади. Ўзбекистоннинг мустақил давлат деб эълон қилинишида мазкур сессия катта тарихий аҳамият касб этди. Унда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги масалалар кун тартибига қўйилиб, қизғин муҳокама қилинди. Сессияда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлаб, собиқ Иттифоқда сўнги пайтларда юз берган ижтимоий-сиёсий вазиятга баҳо берди, мустақиллик ўзбек халқининг азалий орзу-умиди эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди ва уни мустақиллик тўғрисидаги қонун билан мустаҳкамлашни таклиф қилди.

Олий Кенгаш депутатлари моддама-модда муҳокамадан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонунни қабул қилдилар.  Шу асосда 1991 йил 31 августда– Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди.

«Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонун ғоят катта аҳамиятга эга бўлиб, бу қонун асосида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ҳолати тубдан ўзгарди. Ўз моҳиятига кўра бу ҳужжат Республика учун вақтинча конституция ролини ҳам ўйнайдиган бўлди. 17 моддадан иборат ушбу қонун суверен Ўзбекистон Республикасининг асосий белгиларини аниқлаб берди. 

Бу қонун 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида қабул қилинди. Ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Олий Кенгаш Баёноти”да шундай дейилади:

- ўтмишдан сабоқ чиқариб ва СССР Иттифоқининг сиёсий ҳамда ҳаётдаги ўзгаришларни эътиборга олиб;

- халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда қайд этилган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига асосланиб;

- Ўзбекистон халқининг тақдири учун бутун масъулиятни англаб;

- шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мустақил давлатлар ўртасидаги чегараларнинг бузилмаслиги тўғрисидаги Хелсинки шартномаларига қатъий садоқатни баён этиб;

-  миллати, диний эътиқоди ва ижтимоий мансублигидан қатъий назар, республика ҳудудида яшовчи ҳар бир кишининг муносиб ҳаёт кечиришини, шаъни ва қадр-қимматини таъминлайдиган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга интилиб;

- Мустақиллик Декларациясини амалга ошира бориб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини ва озод суверен давлат - Ўзбекистон Республикаси ташкил этилганлигини тантанали равишда эълон қилади”.

Ўзбекистонда мустақилликнинг биринчи йилларидаёқ давлат мустақиллигини амалда намоён этадиган ва давлатчилик асосларини ташкил этадиган ва ҳимоя қиладиган турли тузилмалар шакллантирилди:

- 1991 йил 6 сентябрда- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги;

- 1991 йил 7 сентябрда- Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки;

- 1991 йил 26 сентябрда-Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;

-1991 йил 24 октябрда-Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси;

- 1992 йил 8 январда- Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси;

- 1992 йил 14 январда- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари (ўша куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қабул қилган қарорига мувофиқ республика ҳудудида жойлашган собиқ Иттифоқ Қуролли Кучларининг барча қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, муассаса ва ташкилотлари ҳамда бошқа ҳарбий қисмлари Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олинди);

- 1991 йил 30 январда- Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;

- 1991 йил 21 февралда- Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги;

- 1992 йил 31 мартда- Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси ва бошқалар.

- 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси-сўм муомалага киритилди.

Ватанимиз тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган ўша унутилмас кунларга назар ташлайдиган бўлсак, айни ўша пайтда ёш, мустақил Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган кўплаб муҳим ҳужжатлар қабул қилганининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, 31 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги қонун, 5 сентябрда имзоланган Тошкент шаҳридаги Ленин номидаги майдонни Мустақиллик майдони деб қайта номлаш тўғрисидаги, 6 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш тўғрисида”ги Президент фармонлари ва бошқа муҳим сиёсий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач собиқ Совет Иттифоқида ҳукмрон бўлган коммунистик мафкура таъсирида шаклланган давлат рамзларидан воз кечиш зарурати пайдо бўлди. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йилнинг 18 ноябрида бўлиб ўтган саккизинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, 1992 йилнинг 2 июлида бўлиб ўтган ўнинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, 1992 йилнинг 10 декабрида бўлиб ўтган ўн биринчи сессиясида эса “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди.

Ўзбекистон мустақилликка эришиб, ўз тақдирини ўзи белгилаши, республикадаги барча табиий бойликларни мамлакат салоҳияти, халқ манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон ҳамжамияти томонидан мустақил давлат сифатида тан олиниб, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида олиб борилаётган амалий ҳаракатлар натижасида жадал ривожланаётган давлатлар сирасига кирди.

Сўнги йилларда Президентимиз Ш. Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар  Янги Ўзбекистон қиёфаси ривожланиб бормоқда. Сиёсий ўзгаришлар, тизимли либераллашув, ривожланишнинг янги иқтисодий модели, маданий модернизация жараёнлари Ўзбекистоннинг энг янги тарихида янги босқич бошланганлигини кўрсатди. Сиёсат, иқтисодиёт, маданият, халқаро муносабатлар каби барча соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар жамият фаровонлигини ошириши билан бирга, мамлакатнинг халқаро нуфузини ҳам оширишга хизмат қилмоқда.

 

Ҳамро Раҳмонов,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент