Раҳматли биринчи Президент Ислом Каримов таваллуд куни сабаб, баъзи бир воқеалар эсга тушиб кетди. Айбга буюрмасангиз, шулардан айримларини хотирласам.
Матбуот соҳасини мисол қиладиган бўлсам, ўша кун яқинлашгани сари, катта-кичик раҳбарлар бамисли байрамга ҳозирлангандек ҳовлиқиб қолишарди. Шу куни (гарчи бирор ўринда сана эслатилмагани билан) ҳеч бир танқид берилмаслиги, бутун бошли катта соҳалардаги ўзига хос сарҳисоб ва “кўтаринки” руҳ алоҳида жило бериб ёритилмоғи, Катта – номини эълон қилган йил номига хос-у мос шарҳлар бўлиши, иложи бўлса, статистика қўмитасидан зуғум билан “ясатиб олинган” “мамлакатдаги ўртача умр давомийлиги”нинг салмоғи – оқсоқол ёшига айнан тўғри келиши ҳақидаги факт – газет ё телевизорнинг кўринарли жойида турмоғи раво эди (Негадир ўша рақам йилдан-йилга ошиб борарди, денг).
Телевидениени-ку, гапирмай. “Кайфиятни кўтаргувчи” фильм ва кўрсатувлар босарди эфирни. Омади чопган ёхуд шўри қисган бирортасига махсус кўрсатув тайёрлаш топшириларди (муаллифнинг кейинги тақдири – кўрсатуви ёққан-ёқмаганига қараб кечарди-да). Худди шундоқ кўрсатувлардан бирини тайёрлаш каминага ҳам юклатилган.
Қиласан, дейилди, тамом. Йўқ десанг ё уддалолмасанг, нима бўлиши маълум. Бор-йўғи уч-тўрт кун вақт қолган. Ўшанда адашмасам, “Меҳр-мурувват йили” эди. Шуни дастак қилиб олиб, апил-тапил Абдулла Орипов, Эркин Воҳидову Озод Шарафиддиновлардан (ҳаммаларининг охиратлари обод бўлсин) – меҳру мурувватнинг нечоғли улуғ туйғу экани, унинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эса – одамийликнинг олий нишони бўлгани тўғрисида интервьюлар ёзиб келдим. Шуларни бир-бирига улаб, охирига – “Боғинг гўзал, боғбонинг асра, элим”га ўхшаш бирорта қўшиқ уланса, бас, “тўйга боргудек” кўрсатув чиқарди асли. Ишни ўзим бузиб қўйдим.
Интервьюлар оралатиб – етимхонадаги гўдакларнинг мунгли нигоҳлари, ғарибхонада ётган қарияларнинг ночор аҳволлари акс этган тасвирларниям тиқиб юбордим. Хуллас, ўша куни эфирга кетган кўрсатув – ўзим кутганимдек, унча ёқинқирамасдан қарши олинди. Ўлибманми, сабабини билиб турибман. Лекин энг қизиғи, Катта, менинг бевосита раҳбаримга – ўша тасвирлар учун эмас (гарчи асосий сабаб шу бўлсаям), бошқа нарса учун дакки берибди. Эмишки, оиласи – қизлар, неваралар катта бўлиб қолганмиш, нега кўрсатувда уларнинг эски, алмисоқдан қолган болаликдаги сувратларини қўйибмиз?..
“Ёш ва умидли кадр” эканимиз боис ҳартугул кечирилдик.
Лекин худойилигини айтсам, Оқсоқол кўп ҳолларда каминани “дор остидан” қутқариб ҳам қолган. “Яқин-йироқлар” номли туркум кўрсатув қилдик. (Ҳозир оҳанжама қилиб, бу тахлит матоҳлар “янги лойиҳа” дейилади). Қашқадарёга – гўринг нурга тўлгур Абдулла акам Ориповни, Бухородан тайёрланганига эса – академик Тўра Мирзаев ва халқ артисти Теша Мўминовларни, яна денг, азза-базза поездга ўтирғизиб, олиб бордик. Биздан – қишлоқлардаги ғариб мактаблар ҳам, ҳақини ололмаган деҳқон ноласиям, аёл боши билан вилоят ҳокимини (аслида қилиғига яраша) келиштириб бир тепган фермер опа тақдири ҳам, уйи йўқлигидан кўч-кўрони билан шийпонда яшаётган оилаям қолмади. Бир сўз билан, 2000-йиллар бошидаги мавжуд вазият учун эртакдек туюлиши аниқ бўлган кўрсатувлар.
Уларни пайдар-пай тайёрлайман, худди ўзимиздек “болтадан қайтмас” демократ раҳбаримиз – Президент матбуот котиби Рустам Жумаев “Кто не рискнёт, тот не пьёт шампанского” дея, ўрисча қатъият билан, кетини узмай эфирга бердиради. Ўшанда, Каттанинг ёнидагилар “Бунақа гаплардан кейин аниқ халқ кўтарилиб кетади, ўзингиз бориб, босмасангиз бўлмайди”, деб маҳоват қилганми ё ўзи ўйлаганми, ишқилиб, иккита кўрсатув эфирга кетгач, Президент ошиғич Бухоро ва Қашқадарёга борадиган бўлди. Каминанинг эса унинг ёнида бўлмоғи қатъий талаб қилиб қўйилди.
Бордик. Оқсоқолни аэропортда кутиб олган вилоят ҳокимлари “дағ-дағ” қалтираб, бир – каттага, бир – кузатиб юрувчилар орасида шумшайиб юрган каминага қарайди. Ҳар иккала вилоятдаям номига, бир-икки объектга “ташриф буюрилган” бўлиб, сўнг мажлис қилинди. Уларда – кўрсатувда нима ҳақда гап кетган бўлса, ҳаммаси – гоҳ ошкор, гоҳ тагдор ишоралар билан тилга олинди. “Бу муаммоларни ҳозир биз айтмасак, ким айтади. Дўст ачитиб гапиради, журналистлардан хафа бўлманглар” деган гаплар билан “яраш-яраш” қилинди. Энди ўйласам, ўшанда Оқсоқол эҳтиросга берилган мендек бир тирмизакнинг баҳридан ўтиб қўя қолса-ку, олам гулистон эди. Йўқ, ундай қилмади. Ўшандай қилса, ўзини салкам амир ҳисоблаган ҳокимлару, пишқириб юрган амалдорлари яна қутуриб кетишини, Президент сиёсатига орқа қилиб, ишониб, телевизорда айтилган гаплар ҳавойи, писта пўчоқдек қадрсиз бўлиб қолишини тушунганмиди... Билмадим. Дарвоқе, “лойиҳа”нинг Фарғона вилоятига бағишланган сони туғилмаёқ бўғилган ва у бошқа мавзу.
Балки ҳозирги мисоллар бир қарашда ўта шахсий, ўта субъектив туюлар. Лекин бор гап шуки, қатъий мувозанатни биларди раҳматли: ички сиёсатдаям, чет давлатлар билан алоқалардаям. Ҳоҳ ўрис, ҳоҳ океан орти давлати бўлсин, буёғда шарқ давлатлари билан ҳам, номини фақат ўзи, ўзигагина хос тарзда бузиб, “Улуғ Британия” деб талаффуз қилган мамлакату, мусулмон давлатлари бўлсин – ҳаммаси билан мағрур, гапини кесиб-кесиб, қатъий муомала қилган. Ҳаддини билмаганда, бирининг “холис” хизматидан воз кечиб, бошқаси билан алоқа ўрната олган. Энг биринчи планда – миллий манфаат эди-да. Оқсоқолнинг чўрткесар ва ўжар феъли шундай пайтларда ғоят асқотарди. Дарвоқе, Британиянинг номи ва унинг бобо забонидаги талқини тўғрисида.
Расмий таржималаримизда ҳам, оғзаки нутқда ҳам у “Буюк Британия” дейилиши маълум. Лекин оқсоқол интервью берган чоғларда ҳашшокалла “Улуғ Британия” демоқни қўймасди. Ўзи луғат жонворам қизиқ эдики, “тўрга чиқинг”ни – “тўрага чиқинг”, “мақол”ни – “мақола”, “пишиқ ғишт” – “пухта ғишт", “банк” – “бонка” ва ҳоказо талқинларга ҳамма кўникиб кетганди. Анави сабил “Улуғ Британия”ни тўғри айтишни, йўқса, монтажда қийналажагимизни арзи ҳол қилиб, адашмасам, ўша пайтлардаги матбуот котиби Азамат Зиёдан сўраганмиз. Шунда қандай жавоб бўлибди, денг.
– Ман учун Беруний, Хоразмий, Амир Темур, Навоийлар – буюк. У давлатинг эса “улуғ” бўлиб қолаверади. Кўп ақл ўргатма манга...
Бу ажаб мантиқдан ҳайронлар қолмайсизми. Ўжар одам – барибир ўжар-да. Кейинроқ сенинг ҳақлигингни тушунсаям, ўша вақт сир бой бермасди раҳматли. Гоҳида, самолёт-памолётларда, кўнгил етар маҳрамга дар қолибми, ишқилиб, бизгаям ҳасрат қилиб қоларди...
Иттифоқо, ўриснинг бир муддат худо “ол, қулим” деб, давлат бошига ўтирган муваққат раҳбари келганди бизга. Оқсоқолнинг ўзи Самарқандга бошлаб бориб, Регистону Гўри Амирларни кўрсатди. Соҳибқирон қабри бошида эса, суҳбатга киришиб кетганидан, экскурсовод хотиннинг қўлидан дастчўпни юлиб олиб, харитага нуқиб, Амир Темур юришлари, унинг ҳатто Масковгача етгани, ўрисни мўғул қўлидан қутқаргани тўғрисида тўлқинланиб сўзлай кетди. Гапини тугатиб, анави меҳмонга қарата, “Вам понятно?” деб сўраганди, меҳмонимиз ҳам ҳаяжонланганидан, “сергак толиби илм” қиёфасига кириб, “Всё понятно, Ислам Абдуганиевич” деб юборса, денг.
Ҳолатни кўрган ўрис ҳамкасбларимиз, улар учун ўта ёқимсиз манзара матбуотга чиқиб кетса, шарманда бўлмайлик, дея, отни барвақт қамчилаб, ошиғич тарзда воқеликни атай бузуқ талқин қилиб, жон ҳалпида “Узбекистан сказал, что ему всё понятно” қабилида ғирт тескари мақолалар уюштиришди. Ўшанда видеони шундоққина ўзини қўйсагам, ким муаллим, ким толиб экани ойдинлашарди-ю, шугинаниям қилмаганмиз-да. Ҳай, майли, гап бунда эмас.
Гап шундаки, бу ерда, бизнинг олдимизча, ўшанда Ўзбекистон тиш-тирноғи билан қарши турган – қўшниларнинг сув омбори учун пул бермайман, деб мумсикланиб турган одам уйига бора солиб, ўша зорманда қурилишларни молиялаштиришлари тўғрисида баёнот беради. “Ҳам михга, ҳам нағалга уриш” дермиди буни. Оқсоқол бирам тутоққан, атай Масковга бориб, айтгулигини айтиб келганди. Самолётда ҳасрат қилади, деганим, ўша кез қайтар чоғ бизни чақириб, “Билиб қўйларинг, бу олтикетлар мана шунақа ифлос ўйин қилади, буларнинг фириби шайтонга дарс беради” дея ёзғирганди. Табиийки, сиёсат ҳам шу ғазабга яраша эди-да...
Бир гал Эронга борилди. Расмий машварат, қабул маросими-ю меҳмоннавозлик рисоладагидек. Ўша даврларда адашмасам, форсигўйларнинг Президенти Саид Муҳаммад Ҳотамий эди-ёв. Кўрганлар билади, аслида ҳамма муҳим пинҳон гап ҳал бўладиган – яккама-якка учрашувдан кейин, азбаройи протокол қоидаси бўйича – “кенгайтирилган” дейилмиш, делегация аъзолари – ким раҳбар қаватида, ким пойгакроқда қоладиган йиғилишга – бир толордан бошқасига ўтилаётган чоғ. Бунақа машваратга аҳли матбуот зинҳор яқинлаштирилмайди-ю, нимаям бўлиб, тиқилинчда Президентлар орқасига тушиб қолибман. Ва уларнинг ўзаро гапини тасодифан эшитиб қолдим. Ҳотамий “Сиз асли Самарқандликсиз-ку, демак тожик тилини биласиз. Бизга ўша тилда гапиравермайсизми ахир, тез тил топишардик”, деган гаплар билан бизнинг каттани “ўраяпти”.
Ўшанда оқсоқолнинг ранги бироз ўзгарди-ю, лекин буни сездирмай, босиқ жавоб қилди.
– Мани Самарқанддан чиқиб кетганимга қирқ йилдан ошди. Демакки, шунча вақт ичида ҳеч ким билан мулоқот қилмаганимдан, у тил эсимдан чиқиб кетди. Бошқа томондан, мен ўзбекман, сизгаям шу тилда гапираяпман. Аксинча, ўз тилларимизда гаплашсак, менимча, тезроқ тил топишамиз, – деб “дўстона” таклифни шартта узиб берганди.
Қойил қолганман...
Умуман, бунақа қойил қолган жойларим кўп эди. Уларни бирма-бир эслай, дейману, шундоғам битиклар кўпайиб кетди.
Якунда айтадиганим, раҳматли бобога – кулса, кулгиси, меҳр берса, меҳри ярашарди. Қандайдир нурими, сирими, фариштасими, бор эди. Жаҳли чиқсаям, “похолдўқ” қилмасди ва табиийки, айтган гап – ҳукм ўрнида бўларди.
Илоҳим охиратлари обод бўлсин!
Комилжон ШАМСИДДИНОВ,
Журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби