THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Ҳар кунимиз бўлсин Наврўз


18.03.2023

Наврўз – табиатнинг уйғониши, янгиланиши, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олинди. Шунингдек, у ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик, бағрикенглик рамзидир. Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан ҳамоҳангдир.

2010 йил февраль ойида БМТ Бош Ассамблеяси 21-мартни Халқаро Наврўз куни деб эълон қилди ва БМТга аъзо бўлган давлатларни ушбу байрамни дунё миқёсида кенг нишонлашни тарғиб қилишга чақирди. Байрам ислом дини кириб келишидан олдинги даврда зардуштийлар томонидан нишонланган ва янги йил кириб келганини англатган.

Ислом Каримов мустақиллик арафасида, ҳали собиқ иттифоқ ҳукмрон бир пайтда 1990 йил 3-майдаги фармони билан 21-март кунини Наврўз умумхалк байрами ва дам олиш куни деб эълон қилди. 1991 йил 12-февралдаги “Республикада Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида” ги Фармон азалий анъаналаримизни тиклашда муҳим қадам бўлди. Шу тариқа Наврўз - умумхалқ байрами халқимизга қайтариб берилди.

Наврўз байрамини нишонлаётган халқлар орасида шундай анъана борки, байрам дастурхонида турли таомлар ва ширинликлар қанча кўп бўлса, йил шунчалик баракали ва фаровон бўлади. Байрам кунида дўстлар ва қўни-қўшниларни миллий таомлар билан сийлаш одат тусига кирган.

Қўшиқлар, байрам дастурхонлари, “Сумалак сайли”, “Лола сайли”, “Гул сайли”, саҳна кўринишлари, кўпкари, халқ ўйинлари, кураш мусобақалари бу байрамнинг ажралмас қисмидир.

Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади.

 

Ф.Курбанбаев суратлари