THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

“Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири”.


01.02.2024

Тошкентда Каримов Фонди томонидан суратга олинган “Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири” номли кўп серияли ҳужжатли фильмнинг иккинчи қисми премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг “Кураш” деб аталган қисми намойиши Ўзбекистон давлат мустақиллиги асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 86 йиллигига бағишлаб ташкил этилди.

Фильм Ўзбекистон халқининг озодлик ва истиқлол учун кураши тарихида алоҳида ўрин тутган жадидчилик ижтимоий-сиёсий ва интеллектуал ҳаракати ҳақидадир. Ғоя муаллифлари – Лола Тилляева ва Тимур Тилляев.

“Ажойиб фильм томоша қилдик, қимматли маълумотларга эга бўлдик. Таъкидлаш керакки, жадид ҳаракатининг маъно-моҳияти, фалсафаси барча замонлар учун аҳамиятлидир. Шу боис ҳам маърифатпарвар боболаримиз эришган ютуқлар, уларнинг меросини теран ўрганишимиз керак”, – дейди “Жадид” газетаси бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Ҳумоюн Акбаров.

“Кураш” номли иккинчи қисмда жадид ҳаракати вакилларининг сиёсий дастурларга ўтиши ҳақида ҳикоя қилинади. Жадидлар жаҳон халқларининг мустақиллик учун кураши тажрибаси ҳамда узоқ ва яқин мамлакатлардаги сиёсий жараёнларни ўрганиб, Туркистон ўлкаси аҳолисининг сиёсий онгини юксалтиришга қаратилган ўз дастурларини туздилар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан матбуот ва театр равнақ топди, ўлкадаги мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, шунингдек, халқнинг маънавий-руҳий уйғониши, ўз келажаги учун кураши қаламга олинган салмоқли адабий асарлар ёзилди.

Фильм ғояси муаллифи ва продюсери Лола Тилляева томошабинларга мурожаатида мазкур лойиҳа мустақил Ўзбекистон давлати меъмори, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишлангани, зеро, Яратганнинг иродаси билан Ватанимиз ҳурлиги ва давлат мустақиллиги у кишининг олий мақсади ва ҳаётий маслагига айланганини таъкидлади.

Ислом Каримов Фонди

Ф.Қурбанбаев суратлари