Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида мажмуа Касаба уюшмаси аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Кун тартибида янги таҳрирдаги меҳнат кодекси ва Музейлаштириш ишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
2023 йил 30 апрелда кучга кирган янги таҳрирдаги меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришлар бўйича мажмуа юрист-консультанти Нуриддинова мажлис қатнашчиларига тўлиқ маълумот бериб, янгитдан тузиладиган жамоа шартномалари, ишчи-ходимларнинг меҳнат фаолиятига оид янгиликларга атрофлича тўхталди. Мазкур масала бўйича муҳокамаларда иштирок этган музей фондларини сақлаш бўлими бошлиғи, мажмуа касаба уюшмаси қўмитасининг раиси Рафиқова, мажмуа раҳбари Ширинов, Ислом Каримов номидаги кутубхона мудири Шукурова, илмий-ижодий фаолият бўйича раҳбар ўринбосари Турсунова ва бошқалар янги ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, ҳужжатдан ўрин эгаллаган ўзгартиришларни амалиётга тадбиқ этиш механизмлари хусусида ўз мулоҳазаларини баён қилдилар.
Йиғилишда мажмуа фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ташкилот раҳбари Темур Ширинов музейлаштириш ишларининг ҳозирги босқичида бажарилаётган ишлар ва галдаги вазифаларга атрофлича тўхталди.
Мажлисда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ф.Курбанбаев суратлари