THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Китоб – тафаккур гавҳари, кутубхона – тафаккур хазинасидир


24.05.2023

Жамиятда ориф, зиёли, маънан етук инсонлар қанчалик кўп бўлса, ўша жамиятдаги муҳит соғлом ва барқарор бўлади. Мамлакат равнақ топади, эл-улус фаровон яшайди.

Дунё тамаддуни ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк алломалар юрти – Ўзбекистонда асрлар давомида маънавият ва маърифат моддий неъматлардан анча устун бўлиб келган, ҳозирда ҳам жамият ҳаётида бу қадриятларнинг мақоми юқори даражада. Бунинг сабаби, бошқа омиллар қаторида халқимизнинг китобга нисбатан муносабатидадир.

Инсонни ўқимишли, зиёли эканлигини унинг бир оғиз сўзидан билиб олиш мумкин. Китоб мутолааси дунёқарашни кенгайтиради. Яхши китоб ўқиган сари кишида ҳаётга ўзгача бир назар билан қараш бошланади. Шу  ўринда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида келтирилган қуйидаги сўзларини ёдга олишни ўринли деб билдик.

“Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшайди”.

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб – тафаккурнинг толмас қанотларидир. Мухтасар қилиб айтганда, биз шунга эришишимиз керакки одамлар, айниқса фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин.

Ислом Каримов номидаги  кутубхонада 22 май куни ўтказилган тадбирнинг мавзуси айни шу эзгу ғоя билан йўғрилган. Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Васийлик кенгашининг аъзоси Татьяна Акбаровна Каримова Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонасидан  500 дан зиёд китоблар ва 20 дан ортиқ китоб-альбомларни кутубхонага совға тариқасида топширди. Мажмуа раҳбари Темур Ширинов тадбир аввалида Ислом Каримовнинг чорак аср мобайнида мустақил Ватанимизни бошқариб, халқпарвар, букилмас ирода соҳиби, буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонгани хақида гапирди.

Татьяна Акбаровна Ислом Каримовнинг китобга бўлган меҳри, Биринчи Президентимизнинг шахсий кутубхонаси қандай шаклланганлиги хақида  сўз юритиб Ислом Каримовнинг севимли китоблари, тан олиб ҳурмат қиладиган хорижий ёзувчилар, миллий адабиётимиз намоёндалари хақида гапириб, кутубхонанинг ишини фаоллаштиришга оид ўз  мулоҳазаларини баён этди. 

Кутубхона мудири Дилором Шукурова Татьяна Акбаровна томонидан ҳадя этилган китоблар тўплами учун миннатдорчилик билдириб, китобларнинг мавзуларини қисқача шарҳлаб, айниқса Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултан Назарбаев, Исроилнинг тўққизинчи Президенти Шимон Перес,  Пиримқул Қодиров, Мурод Мухаммад-Дўст, Чингиз Айтматов, Тулепберген Каипбергенов каби муаллифларнинг автографлари битилган китоблар китобхонлар учун ноёб совға бўлишини, ижтимоий тармоқларда китобхонлар учун тақдим этилаётган электрон нашрлар қизиқиш билан ўқилаётганлиги хақида сўз юритди.

Ислом Каримов музейи директори, тарихчи олим Ойбек Абдимўминов Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонасидаги китоблар нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё миқёсида беназир ва қимматли нашлар қаторида туришини таъкидлади. У “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ” номли тўпламни тарихчилар ва илмий ходимларнинг изланишлари учун ноёб қўлланма сифатида юқори баҳолади.

Тадбир ўзаро фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар, ёрқин хотираларга бой кечди.

Ф.Курбанбаев суратлари