THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ 583 ЙИЛЛИГИ


09.02.2024

Жонажон Ватанимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил

асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб,

янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда

Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида

ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш

ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

         Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилди.    

        Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам тарихда катта из қолдирган. Алишер Навоий 31 ёшида саройининг бош вазири лавозимини эгаллаган ва унга "Амири кабир" унвони берилган. Шу боис унинг кўп рубоийлари, достонлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, саволига жавоб тариқасида ёзилгандир.

        Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан кўпроқ вақт ўтди. Шундан буён Навоий шахсияти ва ижодини тадқиқ этиш олимлар, шоирлар, таржимонлар, котиблар, наққош ва мусаввирлар диққат марказидаги масалалардан бири бўлиб келмоқда. Мустақил Ўзбекистонда Навоий ижоди янада юксак қадр топди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1991 йил Алишер Навоий йили деб аталган эди.

Ўша йили Ислом Каримов адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги Фармонга имзо чеккан. Тошкент, Самарқанд кейинчалик Навоий шаҳарларида буюк аждодимизнинг ҳайкаллари қад ростлаган. Пойтахтимиз марказидаги Миллий боғ, университет ва кутубхона, метро бекати ва кўчаларга Алишер Навоий номи берилган.

Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда.

Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади. Эндиликда шоир сўзлари Янги Ўзбекистон бўйлаб, бутун дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.

Ф.Қурбанбаев суратлари