THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни


01.06.2023

Бу сананинг халқаро миқёсда нишонланишида чуқур маъно бор. Инсоният миллатларга, чегаралар билан ажратилган мамлакатларга, халқ деб аталмиш катта-катта жамиятларга бўлиниб яшайди. Лекин мурғак ёшдаги бола учун на миллат, на чегара ва на давлат мавжуд. Унинг учун олам ва одам бор холос. Тақдир тақозоси билан у киндик қони тўкилган ердан айрилса, қўним топган жойи Ватан, бағридан жой берганлар қондоши ва жондоши бўлади. Болаларнинг ҳуқуқи ҳам, бурчи ҳам битта – яшаш ва камол топиб улғайиш. Бироқ, улар вояга етгунига қадар ҳамиша ҳимояга муҳтождирлар. Мазкур вазифанинг қамрови, юкнинг залвори, масъулиятнинг кўламини чуқур англаган ориф инсонлар томонидан, сайёрамизнинг жажжи инсонларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун дунё халқларининг бирлашиши тўғрисидаги эзгу ғоя илгари сурилди.

1949 йилнинг ноябрь ойида Париж шаҳрида Аёллар халқаро демократик федерацияси конгресси қарори билан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни деб эълон қилинди ва биринчи маротаба ушбу сана 1950 йилда кенг нишонланди. БМТ мазкур ташуббусни қўллаб-қувватлаб, болалар ҳуқуқи, ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида эълон қилди. БМТ  Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинди.           

1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон томонидан мазкур ҳужжатнинг ратификация қилиниши, Мустақил мамлакатимизда  болаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий мақомини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Ўзбек халқининг нақадар болажон миллат эканлигини тасдиқлашга хожат бўлмаса керак. Оилада нечанчи фарзанд дунёга келишидан қатъий назар, бу воқеа тўй маросими даражасида нишонланади. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов учун она, бола ва оиланинг жамиятдаги мақоми ҳар нарсадан устун бўлиб келган. Давлат даражасидаги устувор масаланинг амалий ижросига йиллар давомида катта куч, имконият ва маблағ йўналтирилган.

Бундай сиёсат ва ёндошув Ислом Каримовнинг ташаббуси билан йилларнинг номланишида ҳам ўз ифодасини топган.  “Соғлом авлод йили” (2000 йил), “Оналар ва болалар йили” (2001 йил), “Баркамол авлод йили” (2010 йил), “Соғлом бола йили” (2014 йил), “Соғлом она ва бола йили” (2016 йил)  каби номлар билан аталган йиллар давлатимиз томонидан соғлом авлодга, уни дунёга келтириб вояга етказадиган улуғ зот – онага нисбатан эътибор ва ғамҳўрлик нақадар юксак бўлганидан далолатдир. Мустақил Ватанимизнинг биринчи ордени "Соғлом авлод учун" деб аталгани, "Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси тузилгани ҳам кўп нарсани англатади.

Биринчи Президент Ислом Каримовнинг 24 октябрь 2002 йилдаги фармони асосида қабул қилинган «Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги  ҳукумат қарори ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий саломатлигини шакллантириш, соғлом турмуш тарзига интилиш ва спортга меҳр-муҳаббатни сингдиришга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.

Бугун ҳам Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлмиш ёш авлод вакиллари ҳар томонлама давлат ҳимоясида. Биргина мисол, 2021 йил 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Бола ҳуқуқларининг кафолотларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Шу асосда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Болалар омбудсмани институти фаолияти йўлга қўйилди. Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди. Фарзандлари эъзозда бўлган юртнинг эртанги куни фаровон бўлиши аниқ. Боиси, бу  “ниҳоллар” улғайиб, эртага маҳобатли ва улкан “чинор”ларга айланади. Ва бу “чинор”лар Ватанимизнинг пойдеворини янада қудратли ва мустаҳкам қилиб турувчи садоқат, ғурур ва ифтихор устунлари бўлишига ҳеч шубҳа йўқдир.

                                                                                                          Ф.Курбанбаев суратлари