THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

УНУТИЛМАС УЧРАШУВЛАР


26.12.2023

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида   Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти билан ёнма-ён туриб, бевосита мулоқотда бўлиб фаолият юритган  инсонлар билан учрашиш анъанага айланган.  Ва бундай учрашувлар хотираларга ниҳоятда бой бўлади.

21 декабр куни Ёдгорлик мажмуасининг кутубхонасида Татьяна Акбаровна Каримова ва  Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган санъат арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби,  таниқли журналист, ёзувчи Дадахон Ёқубов билан учрашув бўлиб ўтди. Мамлакатимиз тарихида ўта таҳликали давр саналган, Мустақилликнинг дастлабки йиллари, юрт ва элнинг тақдири хал бўлаётган кунларда етти эмас, етмиш маротаба ўлчаб қарорларни қабул қилиш, кези келганда ибратга лойиқ жасорат кўрсатиб ўз қарашларини ҳимоя қилиш миссияси Ислом Каримовнинг чекига тушди.  Мулоқот чоғида бу ва бу каби хотиралар ёдга олинди.

“Ислом ака менга жасур бўлишни ўргатдилар”- дея, Дадахон Ёқубов Биринчи Президентнинг махсус топшириқлар бўйича ёрдамчиси лавозимига қандай тайинланганлиги, Ислом Каримовнинг кўпчиликка маълум бўлмаган инсоний ҳислатлари хусусида сўзлаб берди.  Бугунги кунда журналист давримизнинг буюк шахси хотирасига бағишланган “Бугунги кунлар” номли  кўп  жилдлик  асар устида ишламоқда. Бу хақда ҳам Татьяна Акбаровнага кўп қизиқарли маълумотларни етказди.           

Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида яратилаётган янги давр солномаси, кенг кўламли ўзгаришлар замирида инсон манфаати унинг ҳаётини фаровон қилиш мақсади мужассам эканлиги хусусида ўзаро фикир алмашилди. Татьяна Акбаровна: "Ислом Каримов хотирасига нисбатан  ҳурмат-эътиборнинг замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсадни кўриб турибмиз”, дея ушбу мавзуда мулохазаларини баён этди.