THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Унутилмас учрашувлар


29.06.2022

Эл ардоғида бўлган айрим инсонларнинг ҳаёти чинданда таҳсинга лойиқ. Ҳамюртларимиз уларнинг номини фахр ила тилга оладилар, амалга оширган ишлари билан хайратланишдан тоймайдилар. Шу маънода Юсуф Неъматович Абдуллаевнинг ҳаёти ва фаолиятини ватанпарварлик намунаси десак муболаға бўлмайди.

Республикамиздаги таниқли журналист Раҳимжон Султонов Юсуф Неъматовичга: “Хақиқий ватанпарвар, тинчлик йўлида оташин курашчи, олим, педагог, дипломат, бир сўз билан айтганда, буюк Инсон”, дея таъриф берган. Ва булар шунчаки қуруқ сифатлар эмас. Ҳар бирининг ортида тоғдек хазинага эга таржимаи ҳол, катта ҳаёт мактаби турибти. Ўз халқига, Ватанига, илм-фанга содиқлик билан хизмат қилишни шараф деб билган шахснинг умр йули мужассам.

 
 

Педагогика фанлари доктори, профессор Юсуф Абдуллаев Самарқанд шаҳрида педагоглар оиласида туғилган. Сиёб туманидаги Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таҳсил кўрган 21-мактабда ўқиган. Самарқанд давлат университетида таълим олган.  

Мазкур олийгоҳни тугатгач, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида масъул лавозимларда фаолият юритган.

ХIX-XX асрларда Россия-Эрон муносабатлари тарихи бўйича номзодлик диссертациясини, кейинчалик чет эл педагогикаси бўйича докторлик диссертациясини ёқлаган.

Бир нечта хорижий тилларини мукаммал ўзлаштирган Абдуллаев, халқаро таълим ва халқаро муносабатлар бўйича 200дан зиёд илмий ишларнинг муаллифи. 1979 йилдан бошлаб АҚШ, Буюк Британия, Италия, Финляндия, Миср, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар университетларида лекциялар  ўқийди.

Ёшлар масаласи бўйича маслаҳатчи сифатида Совет Иттифоқи комсомол ташкилоти МҚсининг вакили сифатида, 80-чи йилларнинг бошида дунёнинг энг қайноқ нуқталаридан бири Афғонистонда ишлаган.  

Юксак истеъдоди, чуқур билими, меҳнатсеварлиги инобатга олиниб, катта ҳаётий тажрибага эга сиёсий арбоб сифатида Юсуф Абдуллаев Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган.

Ўзбекистон-Россия муносабатларининг йулга қўйилиши ва равнақ топишида Абдуллаевнинг ҳиссаси беқиёсдир.

Юсуф Неъматовичнинг элчилиги даврида Ислом Каримов Россия пойтахтига бир неча марта ташриф буюрган. Ҳар гал Москвадан жўнаётган пайтида, Ислом ака самолёт ёнида хайрлаша туриб, яқин одамига мурожаат қилгандек: “Раҳмат сенга, Юсуф”, дея елкасидан маҳкам қучиб қўярди.

Бугунги кунда ҳам у юрт фидоийларининг олдинги қаторида. Мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим лойихаларни амалга оширишда ўз билими ва тажрибасини аямасдан меҳнат қилмоқда.

Юсуф аканинг нотиқлик қобилияти алоҳида таҳсинга лойиқ. Фикрини жуда теран, аниқ ва узгача тавозе билан етказа олади. Ҳамсуҳбатини руҳлантириш кучига эга.

 

Унинг яқинда Оқсаройга ташрифи чоғида бунинг бевосита гувоҳи бўлдик. Бу ерда Юсуф Абдуллаев Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан учрашиб суҳбат қурди. Мулоқотнинг бошиданоқ учрашув ҳар қандай расмиятчиликдан холи, самимий ва дўстона руҳда ўтиши маълум бўлди. Боиси, буюк шахснинг хотираси ҳар икки томон учун ниҳоятда қадрлидир.

 

Юсуф Неъматович Ислом Каримов музейи фондига Россияга Ўзбекистон элчиси этиб тайинланиши, ҳамда фаолиятининг якунига оид ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширар экан, Биринчи Президент билан ишлаган йилларини ҳаёти ва фаолиятининг энг муҳим даври сифатида қадрлашини таъкидлади. Татьяна Акбаровнага самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларда Ёдгорлик мажмуаси жамоасига муваффақиятлар тилаб қолди.

Ф.Курбанбаев суратлари