THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

ТАРИХ ВА ҲОЗИРГИ ЗАМОН


07.02.2024

“Тарихни билмаганлар ҳар қадамда хато қиладилар,

ўз тарихи билан ғурурланмаган халқ ўз истиқболини кўра олмайди”.

Ислом Каримов

 

2024 йил 6-февраль куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Хотира ҳафталиги доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бу галги учрашувда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш тамойилларига тарихий қадриятлар ва давлат қурилиши анъаналари нуқтаи назаридан ёндошиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

  Тарихчи олимлар, олий ўқув юртлари, жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда Биринчи Президентимизнинг тарихий ҳақиқатни тиклаш, одамларда миллий ўзликни англаш туйғусини шакллантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги улкан хизматлари эътироф этилди.

Тадбир модератори, Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов ХIХ-ХХ асрлар бўсағасида халқ ўз тақдирини ўзи белгилаш ва давлатчилик барпо этиш ҳуқуқи учун курашган илғор тафаккурли аждодларимизнинг, уларнинг тарихий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, халқимизнинг интеллектуал салоҳиятини очиб беришдаги ўрни тўгрисида тўхталиб ўтди. Бу давр Туркистонда ўзига хос навбатдаги интеллектуал тафаккур ва сиёсий Уйғониш даври эди. Ислом Каримов ташаббуси билан уларнинг номлари ва беназир мероси халқимизга қайтарилди.

Жадидчилик ҳаракати маърифатпарварларининг унут бўлаёзган асарлари қарийиб бир аср сўнг яна ёруғлик кўрди, ва мукаммал ўрганила бошланди. Уларнинг ҳаёти ва фаолиятига мактаб ва олий ўқув юртлари дарсликларидан кенг ўрин ажратилди. Биринчи Президентимиз қарори билан 2001 йилда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ташкил этилди. Тарихий анъаналарни ривожлантиришнинг самарали воситаларидан бири давлатлараро, миллатлараро ҳамкорликдир. Шарқ халқларининг моддий ва маънавий хазинасини намоён қилиш ва бойитишда мислсиз имкониятларни очиб берган Буюк Ипак йўлида маданиятлар ва цивилизациялар мулоқоти вужудга келган ва ривожланган. Хитой, Ҳиндистон ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ каби мамлакатлар ва минтақаларни бирлаштирган антик даврнинг транспорт артерияси бугунги кунда турли мамлакатлар халқларининг ўзаро илмий билим ва ютуқлар билан бойиб бориши, маданий алмашинув тимсолига айланган. Шу боис, олимларнинг маърузаларида ушбу мавзуга кенг ўрин ажратилди.

Давра суҳбатида иштирок этган талабалар мажмуа кутубхонаси билан танишиш истагини билдирдилар. Уларда Биринчи Президентнинг асарлари, хорижий сафарларда совға қилинган нашрлар, Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонаси катта қизиқиш уйғотди. Ташриф буюрган иштирокчиларнинг аксарияти кутубхонага аъзолик гувоҳномаларини расмийлаштирдилар.

Т. Қурбанбаев суратлари