THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

ҚИШНИНГ АЖИБ ЗИЙНАТИ


17.12.2024

Яратганнинг инъоми билан ер ости ва ер усти бойликларидан ташқари бетакрор табиатга эга заминда яшаяпмиз. “Доно табиат” деб бежиз айтишмайди. Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша зийнати бор. Ҳар бир фаслнинг ўз фалсафаси мавжуд. Баҳорнинг бетакрор гўзаллиги, турфа рангларга бурканган ёзнинг таровати, кузнинг вазминлиги ва барокати, қишнинг ғуборлардан фориғ қиладиган оппоқ қорлари... Юртимизда тўрт фаслнинг ўзига яраша гашти бор.

Куни кеча бутун борлиқ каби Оқсарой ва унинг атрофи ҳам оппоқ қорга бурканди. Бу ердаги манзара одамнинг руҳияти ва кайфиятига ўзгача таъсир қилади. Биринчи Президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзлари томонидан танлаб экилган кўчатлар улғайиб, бўй чўзиб бугун боғ ва арчазорларга айланди. Ишчи хизматчилар ва боғбонларнинг кундалик меҳнати туфайли бу маскан ҳамиша обод ва саришта.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Янги йилга хайрли амаллар билан қадам қўйиш ниятидан далолатдир бу. Бундай ёруғ ниятни рўёбга чиқариш бизнинг қўлимизда. Юртимизни янада обод қилиш ҳам ўзимизнинг қўлимизда. Табиатдан анча қарздормиз. Уни узиш вақти келди. Зеро фарзандларимизга биздан кейин бетакрор ва гўзал, яшил маконда умргузаронлик қилиш насиб этсин.

   

Ф. Қурбонбоев ва Т. Қурбонбоев олган фотосуратлар