THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси қабул қилинганига 33 йил тўлди.


21.06.2023

Мустақиллик декларацияси Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган эди.

Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти, энг аввало, мамлакатимизнинг ўз умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш каби жиҳатлар билан изоҳланади. Мустақиллик декларациясида мамлакатимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган давлатчилик, фан-таълим ва маданий тараққиёт борасидаги бой тажриба ва анъаналари ўз аксини топган. Мазкур ҳужжатнинг мураккаб шароитларда қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш сари ташланган қатъий ва муҳим қадами бўлди.  

Бу пайтда Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлиб, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишида барча жавобгарликни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов республика раҳбари сифатида тўлиқ ўз зиммасига олган.

Ўша кезлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси бўйича иттифоқдош республикалар орасида сўнгги ўринлардан бирини эгаллаган, амалда социалистик лагерь учун хом-ашё манбасига айланиб қолган эди.

Республиканинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига доир масалалар Марказнинг рухсати билан ҳал этилар эди.

Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва асрлар мобайнида шаклланган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдек олий мақсадларни ифода этган. Халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятлар ва демократик принципларга асосланган мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши билан Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир масалалар мустақил тарзда ҳал қилина борди.

Мустақиллик декларациясида Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига ички ва ташқи сиёсатга тегишли барча масалалар, шунингдек, иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан муносабатларни белгилаш ҳамда амалга ошириш алоҳида қайд этилди. Давлат ҳокимияти республика ҳудудига кирадиган барча таркибий қисмлар устидан амалга оширилиши кафолатланди.

Шу билан бирга, “давлат суверенитети”, “давлат чегараси” каби атамалар жорий этилиб, уларнинг дахлсизлиги эълон қилинди.

Бу ҳали тўлиқ давлат мустақиллигини англатмас эди, аммо Ўзбекистон йиллар мобайнида йиғилган иқтисодий-сиёсий муаммоларни ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналари, эътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари, умуминсоний қадриятлар ҳамда демократик тамойиллар асосида нисбатан мустақил ҳолда ҳал этишга киришмоғи мумкин эди.

Мустақиллик декларацияси асосида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси каби фундаментал аҳамиятга эга ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.