THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

ҲАФТАЛИК ДОИРАСИДАГИ ТАДБИР


07.06.2024

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида мамлакатимизда ўтказилаётган “Зилзилага тайёргарлик ҳафталиги” доирасида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, бу каби тадбирлар аҳолига табиий офатларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини тушунтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 апрелдаги “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ўтказилмоқда.

Мазкур қарорнинг кириш қисмида тилга олинганидек, сўнгги йилларда дунёда талафотли зилзилалар сони ортиб, улар аҳоли ҳаёти ва мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларига жиддий таъсир кўрсатаётганлиги сабабли сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини доимий такомиллаштириб бориш доирасида мавжуд ва қурилаётган бино-иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, зилзилани прогнозлаш, мониторинг қилиш ҳамда унга тайёргарлик кўришда давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро алоқаларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир давомида мажмуа мутасаддиларига – ер ости силкинишлари  кузатилган чоғда бинода қандай ҳатти-ҳаракат қилиш қоидалари, зилзила давомида очиқ ва ёпиқ ҳудудлардаги хавфсизликка риоя этиш босқичлари ва бошқа муҳим масалалар бўйича тушунтиришлар берилди. Намойиш этилган видео-қўлланма ва тарқатма материаллар ҳам хавфсизлик қоидаларини янада чуқурроқ англаб етиш учун хизмат қилиши шубҳасиз.