THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Buyuk zotning nomi va xotirasi oldida taʼzimdamiz


26.01.2022

       25 январь куни ёдгорлик мажмуасида Мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримовнинг 84 йиллигига бағишланган Хотира ҳафталигининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Биринчи Президентнинг ҳайкали ўрнатилган майдонда тантанавор руҳ ҳукмрон.

      Тадбирда Биринчи Президентнинг рафиқаси, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Васийлик Кенгаши аъзоси Татьяна Акбаровна Каримова, Ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари қўмитаси хизматчилари, фахрийлар ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети раҳбарияти, Ислом Каримов номидаги “Тошкент Халқаро аэропорти” вакиллари иштирок этдилар.

      Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов Ислом Каримов хотирасини абадийлаштиришга нисбатан эътибори ва мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларда фаол иштироки учун ҳозир бўлганларга чуқур миннатдорчилик билдирди. 

      Меҳмонлар қаторида кўплаб ҳарбийлар – генерал ва офицерлар, фахрийлар турганида мантиқий асос бор. Бу йил давлат чегаралари даҳлсизлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга масъул вазирлик, ташкилот ва тузилмаларнинг таркиб топганига 30 йил тўлди. Ёдгорлик мажмуасаи раҳбари ушбу сана билан йиғилганларни табриклади.

 

      Татьяна Акбаровна Каримова ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш, унинг бой меросини асраб-авайлашга нисбатан эътибори, чин инсоний муносабати учун ўз миннатдорлигини ифода этди.

       Шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга масъул барча вазирлик ва ташкилотлар, идора ва тузилмалар ходимларини 30 йилик юбилей билан самимий қутлади.

 

       Тадбир қатнашчилари чуқур эҳтиром ва таъзим ила Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк давлат арбоби, давримизнинг етук сиёсатчиси, эл ардоғидаги инсон хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

 

Ф.Курбанбаев фотосуратлари.