THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

8 – МАРТ ХАЛҚАРО ХОТИН–ҚИЗЛАР БАЙРАМИ  


07.03.2023

                                                                                                 “Аёл яратганнинг мўжизасидир”.

                                                                                                                             Ислом Каримов

 

      Ўзбек халқидек умрининг ҳар онини фарзандига, оиласига бахш этадиган элат бўлмаса керак. Юртимизда Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб барча йўналишдаги ислоҳотлар ҳам ана шу мезон асосида амалга оширилган. Айнан Ислом Каримовнинг одилона сиёсати туфайли келажагимиз бўлган соғлом ва баркамол авлодни табиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

       Соғлом бола фақат соғлом оналардан туғилишини бугун ҳам барча бирдек англаб турибди. “Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”. Биринчи Президентнинг бу каби пурмаъно фикрлари амалдаги тадбирларда ўз ифодасини топиб келган.

Ўтган вақт мобайнида “Оила йили” (1998 йил), “Аёллар йили” (1999 йил), “Соғлом авлод йили” (2000 йил), “Оналар ва болалар йили” (2001 йил), “Баркамол авлод йили” (2010 йил), “Соғлом бола йили” (2014 йил), “Соғлом она ва бола йили” (2016 йил)  каби номлар билан аталган йиллар давлатимиз томонидан соғлом авлодга, уни дунёга келтириб тарбия қиладиган оналарга нақадар улкан аҳамият берилганидан далолатдир.

        Биринчи Президент айниқса қизларга эътиборли бўлиш, уларнинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш олий мақсадимиз бўлиши даркорлигини ҳамиша таъкидлаб келган. Ислом Каримовнинг "Ҳеч шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият барқарор ва фаровон бўлади", деган сўзлари бугун ҳам долзарблигича қолмоқда.

       1999 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан. Давлат мукофоти дастлаб 25 ёшгача бўлган қизларга берилиши назарда тутилган бўлса, 2006 йилдан бошлаб 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган қизларга берилиши белгилаб қўйилган.

Шундан бери ҳар йили анъанавий тарзда, Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун топшириб келинмоқда.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва олий нишон – “Олтин юлдуз” медали биринчи бор 1995 йилда берилган. Ушбу юксак давлат мукофотини юртимизда бир неча ўн киши олишга муяссар бўлган. Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаол ва фидокорона меҳнат қилган, ёш авлод таълим-тарбияси, маънавиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси ва нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган ўн олти нафар фидойи, фаол, ташаббускор аёл Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак номга муносиб топилган.

        Аёлларни улуғлаш, ҳар томонлама қўллаб қувватлаш борасида, чорак асрдан зиёд вақт мобайнида Ислом Каримов раҳбарлигида қилинган ишларнинг барини санаб адоғига етиш мушкул албатта. Байрам кунлари бу буюк зотнинг номини тилга олишимиздан мақсад, инсон омилини ҳар нарсадан устун деб билган Биринчи Президентимизнинг хотирасига яна бир бор чексиз ҳурматимизни ифода этишдир.

        Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз ҳақида кўплаб таърифлар келтириш мумкин.

       Бу борада Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг "Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз"  деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.

 

Ф. Курбанбаев суратлари