THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ


30.09.2023

«Бу дунёда ҳар қайси онгли инсон — қаерда ишламасин, қандай касбу кор,

лавозим эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, ҳаётга йўллаган

муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди».

Ислом Каримов

 

Ўзбекистон Республикасининг "Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонуни 1996 йил 27 декабрда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган.

Янги қонун ушбу байрамда меҳнати қадрланадиган касблар доирасини кенгайтирди. Яъни бу кун нафақат ўқитувчилар, балки барча устоз ва мураббийлар байрами деб белгиланди. Шу тариқа календардан яна бир сана – 1 октябрь давлат байрами (дам олиш) кунига ўрин ажратилди.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, “Ўқитувчилар куни” дунёнинг аксарият мамлакатларида, шу жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Хитой, Польша, Бразилия, Литва, Австралия, Янги Зеландия, Ҳиндистон, Эрон, Тунис, Марокаш, Миср, Саудия Арабистони, Яман, Баҳрайн, Уммон, Куба, Чили, Эквадор, Аргентина, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларида кенг нишонланади. Аммо, ўқитувчи ва мураббийлар кунини “дам олиш куни” деб эълон қилган давлатлар (Ўзбекистон – 1 октябрь, Таиланд – 16 январь) озчиликни ташкил этади.

Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратди. Янги қабул қилинган қонун мамлакатда ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича тизимли ишлар давлат сиёсати даражасида олиб борилди.

Ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асосларини ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги учун ўқитувчи ва мураббийларга “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”,  “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” каби фахрий унвонлар жорий қилинди.

Бугунги кунда ҳам ушбу касб эгалари эъзозланиб, ёш авлодни тарбиялашдаги уларнинг фидоий меҳнати қадрланиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда: “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.

Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”.

Ушбу фикрларнинг амалий тасдиғини бугун ҳар қадамда кўриш мумкин. Мазкур сохада олиб борилаётган ислохотларнинг замирида миллий манфаатларимиз мужассамлиги этиборга лойиқ. Барча амалий ҳаракатларда таълим сохаси ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг беназир меросига таяниб иш кўрилаётгани таҳсинга лойиқ. Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов Президент Шавкат Миризиёевнинг Фармони билан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани фикримизнинг тасдиғидир.

Хулоса ўрнида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларини ёдга олишни ўринли деб билдик: “Келажагимизни ҳал қиладиган оламшумул ишга қўшган буюк ҳиссангиз учун ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва маслакдошларим бўлган сиз, азизлардан умрбод миннатдорман ва барчангизга чин қалбимдан таъзим қиламан”.

Азиз устозлар! Сизнинг машаққатли меҳнатингиз, жонкуярлигингиз, фидоийлигингиз олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Ф.Қурбанбаев суратлари