THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Хотира уйғонса гўзалдир


18.04.2018

Ислом Абдуғаниевич Самарқандда туғилган. У оиладаги саккиз нафар фарзанднинг еттинчиси эди. Оталари, бувам Абдуғани бобо оддий хизматчи, оналари, бувим Санобар ая уй бекаси эди. Амакиларим, айниқса аммам Меҳринисо опани яхши эслайман.

Амакиларимнинг ҳаммаси олий маълумотли, мактабни олтин медаль билан тугатганлари ҳам бор. Ислом акадан ташқари яна иккита амаким фан номзоди бўлган. Ўша вақтлар учун бу оддий ҳол эмас эди. Меҳринисо аммамнинг айтишича, Ислом амакимнинг зукколиги оналаридан ўтган экан.

Санобар аянинг оталари ўқимишли ўз даврининг ориф инсонларидан бўлган экан. Уларни ҳурмат билан мулла-шариф деб чақиришарди. У киши қизларига исм беришда ҳам, ижодий  ёндошиб, ўша даврларда унча расм бўлмаган ўзига хос номларни топиб қўйганлар: Санора, Санобар, Севар.

Кучли ирода ва қаттиққўллик Ислом Абдуғаниевичга оталаридан ўтган бўлса керак. Абдуғани бобом чўрткесар, бир сўзли, ўзига ва бошқаларга нисбатан бирдек талабчан одам эди.

Санобар бувим кўчага кам чиқардилар. Қўшни аёлларнинг бекорчи, майда-чуйда гапларига қўшилмасдилар. Доим уй ишлари, оила ташвишлари билан банд бўлганлар. Хотиралари жуда ўткир эди. Политбюро аъзоларини номма-ном билардилар. Атрофдаги воқеалар, дунёдаги янгиликлар билан жуда қизиқардилар.

Ислом Абдуғаниевич келганларида саволларга кўмиб ташлардилар. У кишига бундай суҳбатлар эриш туюлиб, кулимсираб жавоб қайтарардилар. Оналарини жуда эъзозлардилар. Бувим Ислом амаким ҳақида ғурурланиб гапирардилар. Иймонли аёл эдилар. Ўша пайтларда ҳайиқмасдан беш вақт намоз ўқиб ибодат қилардилар. Мен мана шундай аҳил оилада улғайганимдан фахрланаман, Аллоҳга шукрлар бўлсин, дейман.

Оиламизда таниш-билишчилик деган тушунча бўлмаган. Ислом амаким имкониятлари бўлсада, ҳар ким ўз кучига, билимига таяниб яшаши керак дердилар. Фақат бир маротаба мени янги лавозимга тайинлашаётганларида тавсиянома ёзиб берганлар. Шунинг ўзи ҳам мен учун жуда катта ёрдам бўлган. Бошқа бирон марта ишим ёки ҳаётимга аралашмаганлар.

Ҳамма ўз аравасини ўзи тортган. Ўзлари ҳам ҳеч кимдан ёрдам кутмасдан, муаммоларни ўзлари ҳал қилардилар. Лекин борди-келди, қариндошчилик ҳеч қачон узилмаган.

Хотиралари ҳамиша юрагимда сақланиб қолади.

Азим Каримов

Ислом Каримовнинг жияни

 

***

1938 йил Биринчи Президентимиз туғилган йил. Мафкуравий кураш авжига чиққан бир пайтда янги туғилган чақалоққа Ислом деб ном қўйиш жасоратга тенг қарор бўлган. Қатағонлар давом этаётган таҳликали кунларда исломий номлар билан болаларни аташ тугул диний мавзуда сўз юритишнинг ўзи хавфли бўлган.

Расмий ҳисоботларга кўра ўша йили Самарканд областида 1694 нафар бола туғилган. Фақат биттасигагина Ислом деб ном берилган экан.

Бу албатта, саккиз нафар болани вояга етказиб, тарбиялаб, ҳаётда тўғри йўл кўрсатган Абдуғани ота билан Санобар аянинг қатъиятлилиги, фақат виждон амрига бўйсиниб яшашганлигидан далолатдир.

 

Орзу Раҳматов

«Даҳбедий» маҳалла фуқаролар йиғини раиси

 

***

Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, акаси Ибод Ғаниевичнинг уйида танишганмиз. Унинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг аммаваччам эди. Мен Самарқандда муҳандислик-технология факультетида таҳсил олиб, талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эди.  

Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эди. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Қизлик идрокимда недир кучли таассурот қолдирганини эслолмайман. Мен учун у пайтда Ислом Абдуғаниевич оқ-қорани таниган жиддий бир одам, эгачимнинг қайниси эди.

Орадан бир неча ой ўтиб, февраль ойларида биз яна Тошкентда кўришдик. Мен Фарғонага таътилга кетаётган эдим. Қувасойдаги қариндошларни йўқлашга отланган Хайринисо Султоновна менга ҳамроҳ бўлди. Ислом Абдуғаниевич чипта олишда ёрдам берди. Пойтахтда бирровга тўхтаб ўтдик. Бу гал ҳам суҳбатимиз узоқ давом этмади.

Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммолим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени бир йигит сўраб келганини хабар қилишди. У ким экани етти ухлаб тушимга ҳам кирмагани рост. Ўзимча отам йўллаган (эҳтимол бирор нарса бериб юборгандир) ёки оиламиз, хонадонимизга дахлдор бировдир-да деб ўйладим. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич экан.

Мени сайр ва суҳбатга таклиф қилди. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда «Менга турмушга чиқасизми?» деб сўради. Мен, албатта, ҳайратдан қотиб қолган эдим. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман, мен шундай ҳолга тушган эдим: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак «ҳа» дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак... Мен «ҳа» дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув...

 

Татьяна Каримова

Ислом Каримовнинг рафиқаси