THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

ЎЗБЕКИСТОН ВА БМТ: ТИНЧЛИК, ХАВФСИЗЛИК ВА БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ҲАМКОРЛИК


01.03.2024

Ўзбекистон мустақил давлат мақомига эга бўлган дастлабки кунларидан халқаро ҳамжамият билан тенг ҳуқуқли, суверен ҳамкорлик олиб бориш йўлидан борди. Қисқа тарихий даврда мамлакат жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган нуфузли давлатга айланди. Ўзбекистон жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда ҳамда унинг географияси, кўлами янада кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан муносабатларининг ўрнатилиши ва ривожланиши мамлакат ташқи сиёсатининг ўта муҳим йўналиши сифатида Ўзбекистоннинг энг янги тарихидан жой олди. Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли суверен вакили сифатида БМТга аъзо бўлди. Бу йирик, глобал халқаро ташкилот ва унинг ихтисослашган муасассалари билан халқаро ва минтақавий хавфсизлик, барқарор тараққиёт муаммолари, ижтимоий-иқтисодий, экологик каби масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорлик олиб борди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси номидан 1992 йил 6 январь куни БМТнинг ўша вақтдаги Бош котиби Бутрос Бутрос Ғолийга мустақил Республикани тенг ҳуқуқли аъзо сифатида БМТга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг, 1992 йил 29 январда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Бош Ассамблеяга мустақил Ўзбекистонни БМТга аъзоликка тавсия қилди. 1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТга қабул қилинди. Ўзбекистонни БМТга қабул қилиш тўғрисидаги қарор БМТ Бош Ассамблеясининг 46-сессияси, 82-мумуий йиғилишида якдиллик билан маъқуллаш асосида, овозга қўйилмаган ҳолда қабул қилинди.

Бу тарихий воқеа нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам муҳим аҳамият касб этди, чунки унинг сафига янги мустақил давлат қўшилди. Бу давлат ўз олдига ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ва Марказий Осиёда муҳим минтақавий сиёсий аҳамият касб этувчи демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни мақсад қилиб қўйган эди. Шу боис, Ўзбекистон Олий Кенгаши Ҳайъати мазкур воқеа муносабати билан “Бизнинг авлодлар 1992 йил 2 март баҳор кунини тарихий кун деб атайдилар. Ўзбекистон БМТга аъзо қилинди ва БМТ биноси олдида ёш мустақил республиканинг байроғи кўтарилди”, деб баёнот берди. Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлиши мамлакатда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Шу муносабат билан 1992 йил 6 апрел куни “Жаҳон Миллатлар Ҳамжамиятига аъзо бўлганлик муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Фармони ҳам эълон қилинди.

Мамлакатнинг БМТга аъзо бўлиши нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам қизғин нишонланди. 1992 йил 2 март куни Нью Йоркдаги БМТ штаб-квартираси олдида мустақил Ўзбекистон байроғи кўтарилганда ушбу байроқни кўриш учун АҚШдаги ўнлаб шаҳар ва штатлардан минг-минглаб ўзбеклар (туркистонликлар) Нью Йоркка келадилар. БМТ биноси олдида Ўзбекистон байроғига таъзим бажо келтириш учун эркаклар ўзбек миллий кийимларида яъни чопон ва дўппиларда, аёллар атлас кўйлакларда марказий кўчаларда манифестация ва митинглар қилиб боришган. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқини табриклаш учун чет-эл мамлакатлари раҳбарлари ҳамда хориждаги кўплаб ватандошлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номига қутловлар келди.

1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТнинг ваколатхонаси иш бошлади. Мазкур ваколатхона Ўзбекистондаги БМТ тизимининг ихтисослашган муассасалари ва дастурлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва мамлакатдаги ислоҳотларга кўмаклашади.

Ҳамкорлик фаолияти давомида эса Ўзбекистон БМТга минтақавий муаммолар билан бирга глобал муаммоларни ҳам кўтариб чиқди. Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан ўзаро кўптомонлама ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бу – хавфсизлик, таҳдидларга қарши курашиш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, Афғонистон масаласини тинч йўл билан ҳал этиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, минтақавий хавфсизлик ва минтақани ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш, Орол фожеаси оқибатларини бартараф этиш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, миллий анъаналар, тарихий шахслар ва меъморий ёдгорликларни асраш, қайта тиклаш, уларни умумбашарий обидалар сифатида жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини эътироф этиш ва бошқалар ташкил этади.

Ўзбекистонда БМТнинг БМТ Тараққиёт Дастури, ЮНЕСКО, ЮНФПА, ЮНИСЕФ, ЖССТ, ЮНДОК, БМТнинг Ахборот ва ижтимоий алоқалар бўйича бўлими, ЮНИДО, БМТ Кўнгиллилар дастури, БМТ Жаҳон Банки, БМТ Озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) каби  ихтисослашган ташкилотлари фаолият олиб боради. Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномаларни, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”ни ратификация қилган.

БМТ Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатлардан барқарор ривожланиб бораётган, жаҳон сиёсатида ўз ўрни ва нуфузига эга мамлакат сифатида қараб, бу мамлакат билан кўптомонлама ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Шу боисдан ҳам БМТ Бош котиблари бир неча бор Ўзбекистонда бўлдилар. Жумладан, 2002 йил 18 октябрда БМТ Бош котиби Кофи Аннан, 2010 йил 4 апрелда ва 2015 йил 11 июнда Пан Ги Мун, 2017 йил 10 июнда Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1993, 1995-, 2000- ва 2010 йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг минбаридан нутқ сўзлади.

Ўзбекистон БМТ доирасида бир неча глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суриб келяпти. Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш, Афғонистонда тинчликни ўрнатиш, минтақада терроризм, экстремизм иллатлари, экологик муаммолар, Орол фожиаси оқибатларини олдини олиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикасининг Биричнчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан БМТ доирасида афғон можаросини ҳал қилишнинг бош тарафдори сифатида 1997 йилда “6+2 гуруҳи” мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу форматда 1999 йил июлда Тошкентда ташкил этилди.

Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш масаласи Ўзбекистон ва БМТ билан ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналишларидан бири бўлди. Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ниҳоятда долзарб ва аҳамиятли, жаҳон ҳамда минтақа хавфсизлигини кафолатлайдиган барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамловчи омиллардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда жаҳонда ядро қуролидан холи ҳудудлар бутун ер юзининг 70%ни ташкил этади ва бу бўйича жаҳон миқёсида 6 та ядро қуролидан холи ҳудудлар тўғрисида шартнома имзоланган. Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш ғояси илк бор Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримов томонидан 1993 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги ташаббусини минтақадаги Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон республикалари ҳам қўллаб-қувватлади. 2006 йил БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш тўғрисида”ги шартнома имзоланди. Бу борадаги дастлабки амалий қадамлардан бири Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг 1997 йил 28 сентябрда Алмати шаҳрида имзоланган қўшма баёноти ва “Алмати Декларация”сида намоён бўлди. Шундан сўнг бу борадаги кенг кўламли ҳамкорлик ва узоқ жараёнлар натижасида 2006 йил БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш тўғрисида”ги шартнома имзоланди.

Марказий Осиёдаги нафақат минтақавий, балки глобал муаммолардан бири бу – Орол муаммосидир. Бу муаммонинг умумбашарий характерда эканлигини, уни бартараф этиш жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши лозимлигини иноботга олиб Ўзбекистон 1993 йил сентябрда БМТнинг 48-сессиясида жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, Оролни ва Оролбўйини қутқаришда ёрдам беришга ва биргаликда курашишга даъват қилди.

Ўзбекистон Орол фалокатининг ҳақиқатдан ҳам жаҳон миқёсида эканлигини эътиборга олиб, БМТнинг Орол бўйича махсус комиссиясини ташкил этишни таклиф қилди. 1993 йил Қизилўрдада “Оролни қутқариш халқаро жамғармаси” ташкил этилди. Шундан сўнг, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг БМТ, Жаҳон Банки ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида 1994 йил январда Нукусда, 1994 йил март ойида Тошҳозувда, 1995 йил 20 сентябрда яна Нукусда, 1997 йил февралда Алмати шаҳрида учрашувлари ташкил этилди. Орол муаммоси глобал, кенг кўламли, бутун сайёрага дахлдор муаммолардан биридир. Шу боисдан ҳам минтақа давлатлари ва БМТнинг бу борадаги ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамияга эгадир. Шунга асосан, 2008 йил 11-12 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигида “Орол муамоси, унинг аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсири ҳамда оқибатларини енгиллаштириш борасида халқаро ҳамкорлик чора-тадбирлари” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди. Мазкур конференция Орол ва Оролбўйи муаммоларини бартараф этиш бўйича Тошкент Декларациясини қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси фан, таълим ва маданият масалаларида ҳам  БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан фаол алоқаларни олиб бормоқда. ЮНЕСКОнинг “Бутунжаҳон мероси” рўйхатига  Ўзбекистондан Хивадаги Ичан қалъа (1990 й), Бухоро ва (1993 й), Шаҳрисабз шаҳарлари тарихий маркази (2000 й), Самарқанд маданиятлар чорраҳаси (2001 й), Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон қўшма номзодлигида Ғарбий Тянь-Шан тоғлари (2016 й) киритилган. Жумладан, 2023 йилга қадар 7 нафар тарихий шахс: 1994 йил Мирзо Улуғбек таваллудининг 6000 йиллиги, 1996 йил Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, 1998 йил Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги, 1998 йил Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги, 2000 йил Камолиддин Беҳзод таваллудининг 545 йиллиги, 2003 йил Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги, 2023 йил Абу Райхон Беруний таваллудининг  1050 йиллиги, 8 та қадимий шаҳар:  1997 йил Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, 2002 йил Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги ва Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги, 2004 йил Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, 2007 йил Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги ва Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги, 2009 йил Тошкент шаҳри 2200 йиллиги, 1 та халқ эпоси: 1999 йил Алпомиш достонининг 1000 йиллиги, 1 та қадимий тарихий мерос 2001 йил “Авесто” китобининг  2700 йиллиги ва 1 та тарихий-илмий муассаса:  2005 йил Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик юбилей саналари халқаро миқёсда нишонланди. Бу шаҳарлар ва тарихий шахслар юбилей саналари халқаро миқёсда нишонланиши Ўзбекистон ва БМТ ихтисослашган муассасалари хусусан, ЮНЕСКО билан ҳамкорлигининг улкан тарихий ютуғи бўлди. Шу асосида жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон тарихи ва маданиятидан баҳраманд бўлди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бизнингча, истиқболда Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломалар, Кармана, Қўқон, Андижон шаҳарларининг янги юбилей саналарини ЮНЕСКО ҳамкорлигида халқаро миқёсда нишонлаш ўзбек маданияти ва тарихий меросини дунёга танитишда катта ҳисса бўлади.

 Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида ЮНЕСКО кафедралар фаолият олиб бормоқда. ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда “Шарқ тароналари”, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда. ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси дурдоналари рўйхатига Бойсун минтақаси маданий муҳити, Шамақом (2008 й), Катта ашула (2009 й), Аския (2014 й), Наврўз, Палов маданият ва анъанаси (2016 й), киритилган.  

2010 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида “Наврўз” байрами Инсоният номоддий маданий мероси дурдонаси сифатида расман эътироф этилди. Шу муносабат билан БМТнинг махсус резолюцияси қабул қилинди ва унда 21 март куни “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинди. Мазкур резолютсияда Наврўз байрами дунёдаги 300 млн дан ортиқ инсон томонидан нишонланиши ва уннинг 3 минг йилдан зиёд тарихга эга эканлиги, байрамни Марказий Осиё ва Кавказ, Қора денгиз ҳавзаси, Яқин Шарқ, Болқон ва бошқа минтақаларда нишонланиши қайд этилди. БМТ Бош Ассамблеяси ташкилотга аъзо давлатларга Наврўз тарихи ва анъаналарини ўрганиш ҳамда ушбу билимларни халқаро ҳамжамият орасида татбиқ этиш, шунингдек, ҳар йили байрам тадбирларини ташкил этишга даъват этди. Шундан бошлаб ҳар йили Наврўз байрами алоҳида байрам сифатида БМТ бош қароргоҳида нишонланиши анъанага айланди.

Ўзбекистон ва БМТ: ўзаро муносабатлардаги янги ташаббуслар

Янги Ўзбекистон шароитида БМТ ҳамкорликда янги тенденциялар кўзга, ўзаро муносабатларда янги босқич бошланди. 2017 йили 10 июнда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Нукус, Самарқанд шаҳарларида бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМТнинг 72-, 2020 йил 75-, 2021 йил 76-сессияларида, шунингдек, 2021 йил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги маърузаси тарихий нутқ сифатида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида ҳам қолди. Чунки ушбу нутқ илк маротаба халқаро доирада ўзбек тилида янгради.

Ўзбекистон ташаббуси билан 2017 йили ноябрь ойида БМТ билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий кeлажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик”, 2018 йилнинг 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон масаласига бағишланган олий даражадаги халқаро конференциялар бўлиб ўтди. “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд форуми, 2021 йилда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро Хива  форуми, 2022 йили “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” халқаро анжуманлари ташкил этилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясида 7 та халқаро резолюциялар қабул қилинди. 2018 йили 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”,  2018 йили 12 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик”, 2019 йил “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш”, 2021 йил Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги, 2022 йил “Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш”, 2022 йил “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жададаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”, 2024 йил “2027 йил - Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” резолюциялари  қабул қилинди.

2021 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди. Ўзбекистон тарихда илк маротаба 2021 йил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, унинг ишида фаол иштирок этмоқда.

2017 йил “Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, анъанавий технологияларни ишлаб чиқарувчи атлас ва адрасларни ҳимоя қилиш”, 2019 йил Хоразм рақси – лазги, 2020 йил Миниатюра санъати, 2021 йил Бахшичилик санъати, 2022 йил Ўзбекистон ипаги, ипакчилик ва Хўжа Насриддин афандининг латифаларини айтиш анъанаси, 2023 йил “Ўзбекистонда кулолчилик санъати”, “Безак санъати: наққошлик” ва “Ифтор, ижтимоий-маданий анъаналар” номинатсиялари ЮНEСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. 2021 йил илк бор Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш халқаро қўмитасининг аъзоси этиб сайланди. 2023 йил ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум” йўлаги,  Бугун Туроннинг қишки совуқ саҳролари Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.  Шунингдек, 2023 йил улуғ аллома Абу Райхон Берунийнинг 1050 йиллиги ЮНЕСКО қароргоҳида халқаро миқёсида нишонланди.   

Ўзбекистон ташаббуслари БМТ томонидан тўла қўллаб-қуватланмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, кенг кўламли ўзгаришлар, бу борда БМТ билан ўзаро ҳамккорлик алоқалари унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Ойбек Абдимўминов,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент