THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

АМИР ТЕМУР – ФАХРИМИЗ ҒУРУРИМИЗ!


08.04.2024

Амир Темур Ватанимиз тарихида – ўзбек давлатчилиги тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, юртнинг мўғуллар зулмидан озод бўлишига бош бўлган миллат қаҳрамони, темурийлар номи остида йигирма етти мамлакатни ўз ичига олган марказлашган давлат асосчисидир. Бундан ташқари, Соҳибқирон жаҳон халклари тарихида буюк давлат арбоби, жангларда енгилмаган машҳур саркарда сифатида эътироф этилган ёрқин сиймо ҳам.

Амир Темур номи мустамлакачилик даврида инкор этилиб, авлодлар назаридан четга сурилиб келинган эди. Тарихда бир ярим асрга яқин ҳукм сурган темурийлар даврини ўрганиш учун мактаб ва олий ўқув юрти дарсликларида жуда кам саҳифалар ажратилиб, Амир Темурдай шахснинг номи сунъий равишда қораланиб, уни илм фандан йироқ, жоҳил киши сифатида тасвирлаб келинган. Темур номини ёқлаб, унинг миллат ва давлат олдидаги хизматларини илмий асослаган олимлар собиқ коммунистик сиёсат даврида турли қаршилик ва  таъқибларга учраган.

Шулардан бири машҳур олим Иброҳим Мўминов бўлиб, у 1968 йилда “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласини нашр этади. Асарда – Соҳибқироннинг ёшлигидан диний илмлар билан бир қаторда, дунёвий илмларни ҳам пухта эгаллагани, ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсон, адолатли, халқпарвар, бунёдкор шахс бўлгани, Мовароуннаҳрдан ташқарида, Хуросоннинг шаҳар ва қишлоқларида, ҳатто Жанубий Озарбайжон ҳамда Кобул каби узоқ ерларда ҳам ободонлик ишларини олиб боргани, суғориш иншоотларини қурдиргани, амалга оширган буюк ишларини илмий асослаб, ўша мураккаб замонда Амир Темур тўғрисида тарихий ҳақиқатни юзага чиқарган эди.

Бу совет тузуми ғояларига содиқ кишиларга ёқмади. Кўп вақт ўтмай, Иброҳим Мўминовни ўйлаб топилган айбловлар билан асоссиз айбдор қилиб, турли босимлар ўтказиш бошланган. Бундай муносабат олимнинг соғлиғига салбий таъсир ўтказиб, 1974 йилда вафот этишига сабаб бўлди.

Шўроларнинг коммунистик мафкураси мақсадларидан бири – юртимиздан етишиб чиққан кўплаб алломалар қатори Амир Темур шахсини ҳам қора қилиб кўрсатишдан иборат эди. Буюк аждодимиз номи тарих саҳифаларидан қора бўёқ билан ўчирилди, унутишга маҳкум этилди. Аслида мақсад – халқимиз онгидан миллий ғурур туйғусини йўқотиш, уни қарамликка, тобеликка кўндириш эди.

Мустабид тузум қутуриб, маъмурий буйруқбозлик, марказнинг якка ҳокимлиги авж олиб, ўзбек халқи тарихи очиқдан-очиқ сохталаштирилаётган, миллий ва маънавий қадриятлар, унинг буюк сиймолари таҳқирланаётган, тарихий ҳақиқатни айтиш учун интилаётганлар эса қувғин қилинаётган бир шароитда “қонхўр Темур” ҳақида холисона ижобий фикр айтиш – чинакам матонат ва том маънодаги қаҳрамонлик эди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Узоқ йиллар мобайнида мустамлака исканжасида кун кечирган халқимиз ўз ватандошини қадрлаш, унинг тарихий мавқеини муносиб ўринга қўйиш имконидан маҳрум эди. Лекин ўзбек халқи аждодларини, ўз баҳодирларини унутмади, ҳамиша юрагида, қалб тўрида сақлади”.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тарихимизни холисона ёритиш, тарихий ҳакиқатни қарор топтириш баробарида, Амир Темур бобомизнинг номини, салобатли ва муҳташам қиёфасини тиклаш бахтига муяссар бўлдик.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “маънавий жасорат” ҳамда унинг жамиятга таъсири ҳақида сўз юритилади. Фикримизча, академик Иброҳим Мўминов собиқ иттифоқнинг суронли даврларида қўрқмасдан ўзбек халқининг асл фарзанди Амир Темур сиймоси ҳақидаги бу сўзларни баралла айта олиши – айнан “маънавий жасорат” намунасидир. Истиқлол туфайли бу алломага нисбатан қўлланилган барча таъқиблар олиб ташланди. 2003 йилда Иброхим Мўминовга – “Буюк хизматлари учун” ордени берилди. Мамлакатдаги машҳур фалсафа ва ҳуқуқ институтига академик Иброҳим Мўминов номи берилган. Бу Амир Темурдек буюк шахс номини оқлаш учун онгли равишда ўз ҳаётини хавф остига қўйган фидоий олимнинг хизматлари – давлат раҳбари томонидан муносиб эътироф этилиши эди. 

 

Мустақиллик йилларида Амир Темур сиймосининг қайта тикланиши

Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан миллий қадриятларни тиклаш, миллий ўзликни англаб, тарихимизни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Амир Темур номини қайта тиклаш ва абадийлаштириш бўйича давлат даражасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Бутун миллатни Соҳибқироннинг бой мероси атрофида бирлаштириш учун кўплаб амалий ишлар олиб борилди.

Ислом Каримов ташаббуси билан бобомиз Амир Темурнинг ватанимизни жаҳондаги энг қудратли давлат даражасига кўтариш соҳасидаги буюк хизматлари ўз ҳаққоний баҳосини олди. Шунингдек, Амир Темур ва темурийлар даврини илмий тадқиқ этиш, унинг тарихий шахс ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятини ўрганишга кенг йўл очилди. Ўзбекистон ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида асарлар яратилди.

Дастлаб Тошкент шаҳри марказида 1993 йилда Амир Темурга суворий ҳайкал ўрнатилди. Уни машҳур ҳайкалтарош Илҳом Жабборов – Ислом Каримовнинг фикрлари ва кўрсатмалари асосида ясаган эди.

1996 йил “Амир Темур йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Соҳибқирон номини абалийлаштириш ва темурийлар даври маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Республика ва халқаро миқёсда жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи 1996 йил 21-24-апрель кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида – ЮНЕСКО ташаббуси ва раҳбарлигида нишонланди. Унда Ислом Каримов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Сана жаҳоннинг 50 дан ортиқ давлатларида нишонланди, ЮНЕСКО қароргоҳида “Темурийлар даврида фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” мавзуида халқаро конференция ва кўргазма уюштирилди. Тадбир давомида Франция Президенти томонидан Ислом Каримовга – Амир Темурнинг 1402 йили Француз қироли Шарлга йўллаган мактубини совға қилинди.

Ўзбекистонда 1996 йилнинг 18 октябрь куни Темурийлар тарихи давлат музейи очилди. Шу куни Самарқанд шаҳрида ва Шаҳрисабз – қадимий Кешнинг Оқсарой майдонида Амир Темур ҳайкали очилди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов тантанали маросимларда шахсан  иштирок этиб, маърузалар қилган. 

Мустақиллик йилларида Амир Темур – тараққиёт, буюк давлатчилик ва маънавий қудрат тимсолига айланди, унинг таълимоти миллий истиқлол ғоямизга ҳамоҳанг тарзда ривожланди. Мустақиллик шарофати туфайли тарихий хақиқат қарор топди: миллат қайғуси, халқ дардида яшаб ўтган буюк бобокалонларимиз хотираси тикланди, қадамжолар ободонлаштирилди, буюк алломалар, тарихий шахслар ва қадимий шаҳарларнинг юбилей саналари Республика ва халқаро миқёсда нишонлана бошланди. Истиқлол тиклаган қадриятлар қаторида, буюк Амир Темурнинг номи аждодларга эҳтиромнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида ўринга эга.

Буюк аждодимиз – Соҳибқирон нафақат ўзбек халқининг, балки адолат деб яшаган, яшаётган, яшайдиган инсониятнинг буюк фарзанди, умуминсоний эҳтиром соҳиби. Шунинг учун бўлса керак, 1993 йилнинг апрелида, ижодкорлар билан бўлган суҳбатда Ислом Каримов “Амир Темур даврини бошқатдан ўрганишимиз лозим. Нега деганда, “Темур тузуклар”ини ўқисам, худди бугунги замоннинг катта-катта муаммоларига жавоб топгандек бўламан”, деган эди.

Мамлакатимизда буюк бобомизнинг “Куч – адолатда” ибораси муҳрланган “Амир Темур ордени” таъсис этилган. Ҳозирда Амир Темур номидаги халқаро хайрия жамғармаси фаолият юритиб келмоқда. Мазкур жамғарма ташкил этилгач, хориждаги Амир Темур ва темурийлар даврига оид кўплаб тарихий асарлар, хужжатлар, экспонатлар ўрганилиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистонга қайтарилди, айримларининг факсимиле (нухса) си олиб келинди.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти – мутахассислиги бўйича иқтисодчи эди. У нафақат шу касб соҳиби, балки ўз Ватани тарихи ва маданиятини чуқур билган давлат ва сиёсат арбоби эди. Бунга мисол тариқасида қўйидаги воқеани келтириб ўтамиз. 1996 йили  Ислом Каримов расмий ташриф билан Парижга сафар қилган. Ташриф давомида Биринчи Президентимиз, мақоланинг бошроғида тилга олинганидек, ЮНЕСКО бош қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” ҳафталиги доирасида ташкил этилган илмий анжуман ва кўргазмада иштирок этган. Кўргазма очилиш маросими расмий учрашувларнинг эртасига ўтди. Шу куни кутилмаганда кўргазмага Франция Президенти Жак Ширак ташриф буюрмоқчи экани ҳақида хабар келиб қолди. Президент Ширак келган пайтда ҳудудни тезкорлик билан ўраб олган француз хавфсизлик хизмати – экскурсоводларни залга киритмаган. Ислом Абдуғаниевич вазиятдан чиқиш учун ташаббус кўрсатиб, юқори мартабали меҳмонни кўргазма зали бўйлаб ўзи олиб юриб, ҳар бир экспонат ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берган.

Темурийлар даври тарихи ҳақидаги 40 дақиқалик танишувдан сўнг, Жак Ширак Ислом Каримовнинг тарих борасидаги чуқур билимига тан беради. Сал кейинроқ Франция етакчиси Амир Темур ва темурийлар даврига ғоят қизиқиб қолгани, Ўзбекистон Президенти каби ўз мамлакати тарихини чуқур ўрганишни кўнглига тукканини эътироф этганди.

Бу – Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шуҳратини халқаро майдонда танитиш йўлидаги дастлабки қадамлар эди.

 

Ислом Каримов Амир Темур ҳақида...

Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан Ислом Каримов ташаббуси билан Амир Темур номини тиклаш ва уни Ўзбекистон ва жахон тарихида тутган ўрнини халқаро миқёсда тарғиб қилишга катта эътибор қаратилди. Шу мақсадда, дастлаб Амир Темур фаолиятини илмий тадқиқ этишга, унинг илм-фан ва бунёдкорлик ишларини, давлат бошқаруви ҳамда халқпарвар сиёсатини ўрганиш, ҳар томонлама илмий таҳлил этиш учун республика ва халқаро анжуманлар ташкил этилди. Амир Темур фаолиятига бағишланган кўплаб халқаро анжуманларда Ислом Каримов шахсан қатнашиб, чиқишлар қилар эди. Бу эса Франция Президенти Жак Ширак эътироф этганидек, Ислом Каримовнинг – Ватан тарихига, миллат қаҳрамонларига бўлган муносабати билан бирга, унинг тарих соҳасида теран билимга эга бўлганини кўрсатади.

Ислом Каримов тантанали маросимлар, йирик халқаро тадбирлар, республика доирасида эса – олимлар, зиёлилар, давлат ва жамоат арбоблари билан учрашувлардаги чиқишларида Амир Темур ҳақида ёки унинг давлат ва халқ бошқарувига оид фикрларидан мисоллар келтирар эди.

Унинг ўз таъбири билан айтганда, “Амир Темур – бизнинг шаън-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиз. Амир Темур халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзидир. Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш эса – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”.

Жумладан, 1996 йили бир воқеани хотирлаб, “Эсимда, бундан уч йил бурун Тошкент марказида Амир Темур ҳайкалини очганимизда, унинг юзида илоҳий нур зоҳир бўлгандай, у биз томонга қараб таралгандай туюлганди. Балки Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, ат-Термизий каби муборак зотларнинг номини асрлар чангидан тозалаб, ҳурматларини жойига қўйганимиз – ана шу ғайритабиий ҳолатнинг боиси бўлгандир. Бу билан яратганимиз бизга куч-қудрат ато этган, ҳар хил офату балолардан, ёмон кўзлардан асрагандир”, деган эди.

Бу фактни бежиз эслатмадик. Чунки машҳур француз тарихчиси, темуршунос олим Люсьен Кэрэн 1978 йилда Швейцариянинг Нюшател шаҳридаги “Ла Баконйер” нашриётида, 1999 йилда Тошкентда ўзбек тилида чоп этилган китобида бир мулоҳазани ёзади.

“Мўғул эроний билан, собиқ шаҳарлик кўчманчи турк билан, мусулмон оташпараст билан, насроний буддапараст билан – турфа тилларда сўзлашадиган, турли ирқ, дин, миллатларга мансуб миллионлаб инсонларнинг Амир Темурга чексиз садоқатига сабаб нима?”, деган саволни ўртага ташлайди олим.

Жавобини ҳам ўзи айтади: “Амир Темир уларга на бир илоҳий хабар, на ватанпарварлик руҳи ва на ирқсеварлик туйғусини берган. Аммо шунга қарамай, улар қатъий бир тартиб боис юзага келган, чарчоқ ва азоб-уқубатларга тўла ҳаёт тарзини танлаб, унга хизмат қилишга рози бўлганлар. Демак, Амир Темурдан – ўта кучли бир нур ва таъсир кучи таралиб турган”.

Биринчи Президентимизнинг “Соҳибқирон даҳоси йўлчи юлдуз каби чарақлаб, бизни доимо олижаноблик ва бунёдкорликка чорлайди!” деган фикри орқали мамлакатда ободончилик, бунёдкорлик ишларига эътибор қаратган. Амир Темур Шаҳрисабздаги Оқсарой пештоқига “Бизнинг қудратимизга шубха қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деб ёздирган. Мазкур иншоот ўз даврининг энг маҳобатли меморий обидаси ҳисобланиб, темурийлар даврида турли шаҳарларда қад кўтарган бу каби иморатлар хорижлик сайёҳларнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлганлиги тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган.

Ислом Каримовнинг “Ҳаммамиз яхши биламизки, тарихда машҳур жахонгирлар кўп ўтган. Лекин айтинг, дунёнинг қайси ерида, қайси замонда Амир Темурдек буюк саркарда, Амир Темурдек буюк давлат арбоби, Амир Темурдек илм-фан, маънавият ва руҳоният ҳомийси булган?!” деган фикрлари бежиз айтилмаган. Ҳолбуки, Соҳибқироннинг кучли билим ва тафаккурга эга эканлиги, илм фан ҳомийси бўлганига оид кўплаб маълумотлар учрайди.

XV-XVI асрларда Ҳиротда яшаб, ижод этган машҳур шоир Абдуллоҳ Ҳотифий Амир Темур билан суҳбатлашиб, унинг замановий фан соҳаларига оид билимларига тан берган ва “Темурнома” достонини ёзишга аҳд қилган. Бу Амир Темурнинг нафақат моҳир саркарда, балки турли фан соҳалари билимдони ҳам эканлигидан далолатдир.

Соҳибқирон олимлар билан суҳбат қуришни, айниқса, тарихий воқеаларни тинглашни севган. У тарих бўйича билимлари, кенг дунёқараши билан машҳур тарихчи олим ва Шарқ мутафаккири ибн Халдунни ҳам қойил қолдирган.

Биринчи Президентимиз “Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак” деб таъкидлаган эди.

Соҳибқирон ўз даврида Европада енгилмас куч тимсолига айланган. Машҳур инглиз шоири, қирол саройининг драматурги Кристофер Марло 1587-1588 йилларда ўзининг ҳомийси – қиролича Елизавета топшириғига биноан “Буюк Темур” трагедиясини ёзади. Асарга асос қилиб Соҳибқирон сиймоси, унинг шон-шавкатли ҳаёти олинган бўлиб, у қўрқмас ва мард, айтган сўзига содиқ, гўзалликни эъзозловчи, дўст, сафдошларига содиқ, золимларни таъқиб қилувчи, теран билимлар эгаси сифатида тасвирланади.

Бундан кўриниб турибдики, Англия қироллиги кўплаб қаҳрамонларни ўрганиб чиққан. Ва ниҳоят, буюк Амир Темур шахсини ғоявий идеал қилиб олган.

Ислом Каримовнинг Соҳибқирон ҳақидаги айрим фикрларини таҳлил қилар эканмиз, уларда Амир Темур шахсияти, характери ҳар томонлама очиб берилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, “Амир Темур ўзбек халқининг кўп минг йиллик тарихий равнақида тасодифий шахс, умуман, темурийлар давридаги юксалиш эса шунчаки бехосдан юз бериб қолган ҳодиса эмас! У бир неча минг йиллик тарихий тажриба, буюк анъана, том маънода шаклланган маданий-маънавий жараён маҳсулидир!” деган фикрлар – нафақат Амир Темур, балки ўзбек халқи ва унинг тарихига берилган баҳодир.

Ислом Каримовнинг Амир Темур ва темурийлар даврига оид фиклари, мулоҳазаларини яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Юқоридаги мулоҳазалар, маълумотлардан шундай хулосага келиш мумкинки, мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, тарихи буюк юртнинг – келажаги ҳам буюк бўлади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон – юзлаб буюк алломалар, саркардалар, қаҳрамонлар етишиб чиққан муқаддас диёр. Аждодларимиз томонидан авлодларга қолдирилган илмий, маънавий, маданий мерос ҳали олимлар, тадқиқотчилар томонидан ўрганилиб, республикадаги илм-фан ривожи йўлида тадбиқ этилади.

Амир Темурнинг илм-маърифат ҳомийси бўлгани, жасорати, бунёдкорлиги, миллат ва халқ олдидаги хизматлари, қаҳрамонликлари ёшларимизга намуна бўлиб, уларда – аждодларга муносиб авлод бўлиш туйғусининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Амир Темур – бизнинг фахримиз, ғуруримиз!

                                                    

                                                                  Ҳамро Раҳмонов,

                       тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент