НАУЧНО-ПРОСВЕТИТЕЛЬСКИЙ КОМПЛЕКС ИСЛАМА КАРИМОВА

ТАРИХ ЗАРВАРАҚЛАРИДА


21.09.2021

1997 йил.

22 сентябрь. Президент Ислом Каримов Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ва Япония — Ўзбекистон қўмиталарининг анъанавий қўшма мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Япония делегацияси аъзоларининг бир гуруҳини қабул қилди. Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ва Япония — Ўзбекистон қўмиталари самарали фаолият кўрсатаётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ўзининг янги босқичига қадам қўйгани қайд этилди.

 

* * *

 

23 сентябрь. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкентда ўтаётган ЕХҲТ парламент ассамблеяси кенгайтирилган бюросининг мажлиси ва «Марказий Осиё ва Кавказда минтақавий хавфсизлик ҳамда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар масалалар» семинари қатнашчиларига табрик йўллади.

 

* * *

 

23 сентябрь. Президент Ислом Каримов Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) парламент ассамблеяси президенти Хавьер Руперез, (ЕХҲТ) Парламент Ассамблеяси Бош котиби Спенсер Оливер ҳамда ЕХҲТнинг Тошкентдаги ҳудудий бюроси раҳбари Ганчо Ганчевни қабул қилди.

                                                 * * *

 

23 сентябрь. Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси Давлат Думасининг раиси Геннадий Селезневни қабул қилди. Меҳмон Россия Давлат Думаси депутатларининг Ўзбекистонга муносабати ҳақида гапириб, уларнинг кўпчилиги мамлакатимиз билан тенг ҳуқуқли асосда ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

 

* * *

23 сентябрь. Президент Ислом Каримов Қирғизистон Жўғорқу Кенеши Халқ вакиллари йиғилишининг Тўрағаси Алманбет Матубраимовни қабул қилди. Меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Юртбошимизнинг Марказий Осиёда интеграция жараёнини жадаллаштириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги хизматларига юқори баҳо берди. Суҳбат чоғида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни  фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

 

* * *

 

24 сентябрь. Президент Ислом Каримов элчилик ваколати муддатининг тугаши муносабати билан Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Стенли Эскудерони қабул қилди. АҚШ элчиси Ўзбекистон — Америка муносабатларини мустаҳкамлаш ишига ҳисса қўшганидан ғоят мамнун эканини билдириб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бажарган йиллар ҳаётининг энг ажойиб дамлари бўлиб қолажагини ҳамда юртимиздан яхши таассуротлар билан қайтаётганини маълум қилди.