НАУЧНО-ПРОСВЕТИТЕЛЬСКИЙ КОМПЛЕКС ИСЛАМА КАРИМОВА

Халқаро музейлар кунига бағишланган “САНЪАТНИ АНГЛАШ САНЪАТИ” КЎРГАЗМАСИ


21.05.2026

 

2026 йил 18 май куни Тошкент Фотосуратлар уйида Халқаро музейлар кунига бағишланган “Санъатни англаш санъати” номли халқаро кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа муаллифи Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Манушак Арушанова ҳисобланади.

Тадбир Халқаро музейлар куни муносабати билан ташкил этилди. 1977 йилда Халқаро музейлар кенгаши - ИКОМ (ICOM) қарори билан 18 май “Халқаро музейлар куни” деб эълон қилинган бўлиб, 1978 йилдан бошлаб дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида кенг нишонланиб келинмоқда. ИКОМ - 1946 йилда Париж шаҳрида ташкил этилган халқаро нодавлат касбий ташкилот бўлиб, у ЮНЕСКО ҳамда БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашида “А” категориясидаги олий маслаҳат мақомига эга. Ушбу ташкилот жаҳон музейлари ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб этиш соҳасида муҳим ўрин тутади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек:
“Агар иқтисодий ўсиш, тараққиёт жамиятимизнинг танаси бўлса, маънавият-маърифат ва сиёсий онг етуклиги унинг руҳи, ақли ва жонидир. Буюк давлат, буюк келажагимизга эришиш учун оқил, маърифатли, айни пайтда ўзининг ўтмиши, улуғ қадриятлари, миллати билан фахрланадиган ва келажакка ишонадиган инсонларни тарбиялашимиз керак.”

Мазкур ғоя бугунги маданий сиёсатнинг ҳам муҳим концептуал асосларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, Ўзбекистоннинг жаҳон сайёҳлик ва маданий марказларидан бири сифатида ривожланишида мамлакатимизнинг бой ва бетакрор тарихий-маданий мероси алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони асосида республикадаги барча музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга илмий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ўзбекмузей” жамғармаси ташкил этилди. Бу эса миллий маданий меросни муҳофаза қилиш ва унинг илмий асосда ривожланиши учун муҳим замин яратди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек:
“Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар, кенг кўламли дастурлар ягона ва улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, фарзандларимизни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашдан иборат.”

Дарҳақиқат, Ислом Каримов асос солган маънавий-маърифий ислоҳотлар бугун Янги Ўзбекистон шароитида янги босқичда давом эттирилмоқда. “Санъатни англаш санъати” кўргазмаси ҳам ана шу жараённинг маданий-эстетик ифодаси сифатида намоён бўлади.

Кўргазманинг марказий ғояларидан бири - “Учинчи Ренессанс” концепцияси билан боғлиқ бўлиб, унда технология, табиат ва ижоднинг ўзаро узвийлиги масаласидир. Айниқса, сунъий интеллект технологияларининг санъат соҳасига кириб келиши шароитида инсон ижоди, руҳий тажриба ва бадиий тафаккурнинг ўрни ҳақидаги саволлар экспозициянинг фалсафий негизини ташкил этади.

Экспозиция томошабинни муҳим мулоҳазаларга чорлайди:
инсон санъатни қандай қабул қилади, онги-шуури ва у қалбида қандай акс этади? Айнан шу ғоя Ўзбекистон билан бир қаторда Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон рассомлари бир майдонда Тошкентда йиғилишди.

Кўргазмада реализмдан тортиб абстракт композицияларгача бўлган турли услуб ва техникаларда яратилган асарлар намойиш этилди. Ҳар бир асар муаллифнинг индивидуал бадиий дунёқараши ва эстетик позициясини ифода этади. Лойиҳада Намик Исмаилзаде, Назира Кузиева, Илёс Мамаджанов, Нуршидин Баратов, Алмаз Шершекеев, Гулнара Громова, Татьяна Ли, Лайла Башарова, Мария Ли-Сафи, Нигора Латыпова, Татьяна Фадеева, Василий Хапов, Рустам Зиядуллаев, Диёр Разиков, Тимур Раҳметов, Ўктам Саидов, Нуриддин Расулов, Умар Ражабов, Жамшед Чоршанбиев, Лутфулло Қодиров, Хуршед Халилов, Тимур Лашёнов, Жаҳонгир Абдуллаев ва Бобур Ваҳобжонов иштирок этди.

Йигирма тўрт нафар рассом ўз асарлари орқали санъатнинг ўзи томонидан идрок этилиши мавзусини турли эстетик ёндашувларда талқин қилади. Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири - ижод орқали жамият билан мулоқот қила оладиган рассомлар ҳамжамиятини шакллантиришга интилишидир. Шу маънода кўргазма нафақат намойиш майдони, балки фикр алмашув ва маданий мулоқотлар платформасига айланиб кетди.

Экспозицияда Лутфулло Қодировнинг ишлари алоҳида эътиборни тортади. Қўлсиз туғилган оёқлари ёрдамида асарлар яратади. Унинг ижоди инсон иродаси, матонати ва руҳий қудратини намоён қилди. Шу сабабдан ҳам унинг асарлари кўргазма иштирокчилари қалбида ҳурмат ва фахр туйғусини уйғотди.

Лойиҳа концепцияси марказида, тобора технологиялашиб бораётган дунёда рассомнинг ўрни масаласи турибди. Инсон ақли ва заковати, иқтидорини алгоритмлар алмаштира оладими? Сунъий интеллект инсон қалбининг чуқур қатламларини англай оладими? Инсон учун бугунги кунда энг муҳим қадрият нима? Муаллифлар ушбу саволларни томошабинга ҳавола этиб, уни ички мушоҳадага чорлайди.

Шу тариқа, “Санъатни англаш санъати” лойиҳаси нафақат замонавий санъат асарларини тақдим қилди, балки томошабинни эстетик ва фалсафий мулоқотга чақиради. Кўргазма инсоннинг санъатга бўлган муносабати, унинг замонавий маданиятдаги ўрни ҳамда бадиий тафаккурнинг келажаги ҳақида чуқур фикрлашга чорлаб қолади.

Манушак Арушанова- Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси етакчи илмий ходими,

санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)