ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни


14.11.2019

ЮНЕСКОнинг 1995 йил 16 ноябрда бўлиб ўтган Бош конференциясида ушбу сана “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинди ва бағрикенглик тамойиллари тўғрисида Декларация қабул қилинди.

 

 

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бекаму кўст ва соф етказиш, конфессиялараро мулоқот, миллатлар ва динлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик  масалаларига давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Бугун унинг ҳудудида 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга қаратилган миллий сиёсат ишлаб чиқилди.

 

 

1992 йилда ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази Биринчи Президентнинг миллатлараро муносабатларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги нишонасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил мазкур  ташкилот негизида, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган 140га яқин миллий-маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

 

 

Ўтган йиллар давомида миллий-маданий марказларнинг 150дан зиёд фаоллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Алоҳида таъкидлаш лозим, турли миллатга мансуб 14 нафар мамлакатимиз фуқаролари Давлатимизнинг олий мукофоти-“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 2200дан ортик диний ташкилотлар мавжуд. Улар қаторида диний таълим муассасалари ҳам ўрин эгаллаган.

1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилди. Мазкур давлат бошқарув органига ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилди.

 

 

Муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга мансуб меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш мақсадида “Диний байрам – Рўза ва Қурбон ҳайитларини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги Фармон эълон қилинди.

1999 йилда Биринчи Президентнинг ташаббуси билан Тошкент ислом университети таъсис этилди.  2017 йилда мазкур олийгоҳ негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Бу ердаги талабалар ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни уйғунликда олмоқдалар.

Масжид имом-хатибларининг махсус ўқувларини ташкил этиш ҳамда буюк аждодларимизнинг меросини пухта ва чуқур ўрганиш мақсадида 2008 йилда Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро маркази таъсис этилди.

 

 

Давлат томонидан ислом динига мансуб фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш ишларига ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

Ҳар йили Тошкент ва Ўзбекистон епархияси томонидан Исроилнинг Иерусалим шаҳрига, шунингдек, Россия ва Греция давлатларига зиёратлар ташкил этиш яхши анъанага айланди. Истиқлол даврида Қуръони карим, ҳадислар тўпламлари, Библия таркибидаги Янги аҳд ва Қадимий аҳднинг баъзи қисмлари ўзбек тилида чоп этилди.

Бугун ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари Конституция ва мустақил Ўзбекистон қонунларида белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар, Ватанимизнинг равнақ топишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

 

   

14 ноябрь куни Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасида ушбу санага бағишланган «Миллий ва диний бағрикенглик-мустақил Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили» мавзусида анжуман ўтказилди. Тадбирда Парламент аъзолари, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, миллий-маданий марказларнинг вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этдилар.

Ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Темур Ширинов, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори, сенатор Гулчеҳра Рихсиева, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг ўринбосари, академик Турсунали Қўзиев, Жаҳон тиллари университети профессори Нарзулла Жўраев ва бошқалар Ўзбекистонда диний бағрикенглик, мустақилликка қадар ва истиқлолдан кейинги даврда миллатлараро муносабатлар, Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда Ислом Каримовнинг роли каби бир қатор мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдиришди.  

Маърузалар бўйича муҳокамаларда ёшларнинг фаол иштироки алоҳида эътиборга молик. Демак, бугунги ёш авлод тинчлик ва барқарорлик масаласига ўзини дахлдор деб билади ва бу буюк неъматларни асраб-авайлашнинг нақадар муҳимлигини чуқур англайди. Тадбир давомида мазкур санага бағишлаб тайёрланган видеофильмлар намойиш этилди. Меҳмонлар “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси билан яқиндан танишдилар.

Ф.Курбанбаев суратлари