ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси


27.01.2018

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Ислом Каримов – истиқлол меъмори” мавзуида маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди. 

Тадбир аввалида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуасида қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, халқимизнинг фидойи фарзанди хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа раҳбари Т.Ширинов ва бошқалар Ислом Каримов мамлакатимиз сиёсий тизимини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшгани, у демократия принципларининг амалга оширилишини таъминлаб, кўппартиявийликни, сиёсий ғоялар ва нуқтаи назарлар рақобатини ривожлантиришнинг изчил тарафдори бўлганини таъкидлади. 

Миллий парламент тизимининг қарор топиши ва ривожланиши ҳам бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Хусусан, парламент соҳасида амалга оширилган дастлабки ислоҳотлар 1990 йил февраль-март ойларида Олий Кенгашга ўтказилган сайловда ўз аксини топди. Ушбу тузилма мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим ислоҳотларни юридик жиҳатдан расмийлаштирди, барпо этилаётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг тамал тошини қўйди. Икки палатали парламентни ташкил этиш таклифи ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган. 

Мамлакатимиз Биринчи Президентининг миллий қонунчилигимиз қарор топиши ва ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. У демократик талабларга ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳақли равишда муаллифи ҳисобланади. 

Анжуманда “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. 

 

Шахноза Маматуропова, ЎзА