ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Орзу Раҳматов, Самарқанд шаҳридаги "Даҳбеди" маҳалла фуқаролар йиғини раиси


Буюк Йўлбошчимиз, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маҳалламизда таваллуд топган. Шўх болалиги, орзуларга тўла ўсмирлиги шу ерда ўтган. 

Биринчи Президентимиз дунёга келган 1938 йил – динга қарши кураш авж олган даврда унга Ислом деб исм қўйилишининг ўзи улкан жасорат бўлган. Чунки ўша – қатағон айни авж палласига кирган йилларда исломий исм қўйиш у ёқда турсин, ислом дини ҳақида гапиришнинг ўзи хатарли эди. Маълумотларда ёзилишича, ўша йили Самарқанд вилояти бўйича 1694 нафар ўғил бола туғилган ва фақат биттасининг исми Ислом бўлган экан. Бу – саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, юксак тарбия берган Абдуғани ака ва Санобар оналарнинг қанчалик жасорат соҳиби бўлганликларидан далолат. 

Бугун маҳалламизда 30 нафардан ортиқ ёши 80 дан ошган нуроний отахон ва онахонлар яшайди. Уларнинг кўпчилиги Ислом Каримов билан бирга мактабга борган, ўқиган ёки бир гузарда улғайган. Уларнинг айтишича, Ислом Каримов болалигидан меҳнат ва бир бурда ноннинг қадр-қимматини яхши билган. Шунинг учун қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, кейинчалик юртга бош бўлиб, халқимизни озодликка чиқарган, эл меҳрини қозонган пайтларда ҳам бу машаққатли даврни асло унутмади. 

Айни пайтда маҳалламизда 308 хонадон, 2 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар Биринчи Президентимиз ўсган маҳаллада яшаётганидан фахрланишади, шу номга муносиб бўлишга интилади. Маҳалламиз марказида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи хона ташкил қилганмиз. Бу ерда ёшлар учун ташкил этилган махсус бурчакда улуғ Йўлбошчимизнинг болалиги ва ўқувчилик йилларида олинган суратлар жамланган. Бу хонада нафақат маҳалламиз, балки Самарқанд шаҳрининг бошқа маҳаллаларидан, таълим муассасаларидан келган ёшларга Юртбошимизнинг болалиги ҳақида сўзлаб берамиз, илмга чанқоқлиги, ақл ва заковати, мустаҳкам хотирага эга бўлгани, бунинг учун қандай ўқиб-изланганини ибрат қилиб кўрсатамиз. 

Шу кунларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Ислом Каримов туғилиб, вояга етган хонадон барча маҳалладошларимиз учун энг қадрли масканга айланган. Бу ердан юртимиз турли бурчакларидан келаётган одамларнинг қадами узилмайди. Бу халқимиз Биринчи Президентимизни нақадар севгани, эъзозлаганидан далолат. Зеро, Ислом Каримов ўзбек халқини озод, Ўзбекистон давлатини мустақил қилди. 70 йилдан зиёд вақт давомида фақат мақталган, таърифлаб кўкка кўтарилган мустабид тузумнинг бутун кирдикорларини айнан Ислом Каримов аниқ далил ва рақамлар билан очиб ташлади. Энг муҳими, нафақат юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлади, балки бутун минтақадаги вазият барқарорлигини таъминлашга катта ҳисса қўшди. 

Биз шундай буюк инсон билан бир маҳаллада яшаганимиздан, улғайганимиздан доимо фахрланамиз.