Бу йил мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига биноан республикасининг биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан “Жаҳон” ахборот агентлиги номига хориждан халқимизнинг етук ўғлони ҳақида фикр-мулоҳазалар битилган хатлар келиши бошланди.
- Мен Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов билан АҚШда бир неча марта кўришиш ва у кишининг суҳбатини олиш шарафига муяссар бўлганимдан бағоят ҳурсандман, - дейди АҚШда жойлашган Туркистон-Америка ассоциацияси президенти Абдулла Ҳожа. - Хусусан, диёримиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сессиясида иштирок этаётган чоғида БМТ биноси олдида бир қанча ватандошлар у киши билан кўришиш ва суҳбатлашишни интизорлик билан кутиб туришар эди. Расмий тадбир якунидан сўнг Ислом Каримов ўз машинасини кўчада атайлаб тўхтатди, ундан тушиб, ўзбекистонликларни қутлади ва улар билан самимий суҳбат қурди. Бу эса биз учун жуда катта тарихий воқеа бўлди.
Биринчи Президентимизнинг савобли амаллари жуда ҳам кўпдир. Улар орасида энг улуғи – Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиш, уни мустаҳкамлаш бўлди.
Қолаверса, миллий истиқлолнинг илк йилларидаги қийинчиликларга қарамай, мамлакатнинг барқарор ривожланиши таъминланди, турли хил экстремистик-ақидапараст йўлларга қўшилишининг олди олинди. Ваҳоланки, юртимиз ҳам баъзи давлатлар цингари нотинч маконга айланиши мумкин эди. Шу ўринда, биринчи Президентнинг Ўзбекистон халқига ҳақиқий ислом динини танитиш ва диний олиму уламоларни тарбиялашга қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг республикадаги тарихий обида, масжид ва мадрасаларни қайта тиклаш ва уларни таъмирлашдаги ўрни чексиздир. У кишининг шарофати билан диёримизда диний илмий марказлар барпо этилди, Тошкент ислом университети ташкил этилди, етук мутахассислар етишиб чиқди.
Ўйлайманки, Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун амалга оширган ушбу эзгу ишларини келгусида тарих муносиб баҳолайди.
Юқорида айтилган ва бошқа оқилона амаллар Ўзбекистоннинг дунёдаги энг тинч ва фаровон мамлакатлардан бири бўлишига олиб келди.
Ислом Каримовнинг халқимиз учун фойдали қарорларидан яна бири – мамлакат бош вазири лавозимига Шавкат Мирзиёевни муносиб топгани бўлди. Бу киши ҳам 2016 йилда Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг қисқа вақт ичида жуда катта ишларни амалга оширди. Хусусан, куни кеча давлат раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасини биз ҳам катта қизиқиш ва чуқур мамнуният билан тингладик. Ўз чиқишида Президент мамлакатдаги мавжуд камчиликларни очиқдан-очиқ айтди ва барчани уларни бир ёқадан бош чиқариб бартараф этишга, юртимизни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга даъват қилди. Бу борада Шавкат Мирзиёевни қутлаймиз ва ўз олдига қўйган мақсад ва режаларни амалга оширишда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
“Жаҳон”АА