ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЮРТИМ МАДҲИЯСИ


09.12.2023

“... Аждодлар мардона руҳи сенга ёр! 
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, 
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
   

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясида эркимиз ва қудратимиз, бугунги фарвон кунларимиз, бой тарихимиз ва буюк келажагимиз тараннум этилган. Давлатнинг бош рамзларидан бири бўлган мадҳия (гимн), юнон тилидаги “gimneo” сўзидан олинган бўлиб “тантанавор тарона” маъносини англатади.   

Мана 31 йилдирки, барча тантанали маросимлар давлатимиз мадҳияси билан бошланади. Бундай дақиқаларда қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлиб, Ватанга мухаббат ва садоқат туйғулари бутун борлиғимизни қамраб олади.       

1992 йил 10 декабрь куни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунни имзолаган.

Унда қайд этилишича: “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.”

Ўзбекистон Қахрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ва  Республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти композитор Мутал Бурхонов томонидан яратилган мадҳияда аждодларимизнинг буюклиги, халқимизнинг донолиги, давлатимизнинг куч-қудрати дунёга тараннум этилган.

Мадҳия халқ билан ҳамнафас яшайди деб бежиз айтишмайди. Унинг мақоми ва ўрни ниҳоятда баланд бўлишига қарамасдан, жуда содда, равон ва самимий қўшиқ сифатида ҳар бир ўзбекистонликнинг юрагидан чуқур жой олган.