ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Яхшилар ёди барҳаёт


04.02.2019

Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти мутахассислари, Миллий авиа компания  Учувчилар мажмуаси Меҳнат фахрийлари, учувчи Эркин Ғуломов, Ўзбекистон Қаҳрамони Зарифхўжа Сайдазимов, пойтахт ҳаво маскани ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда аэропорт ходимлари иштирок этди.

 

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси илмий-тадқиқот ва таълим маркази мудири, с.ф.д, профессор  Ваҳоб Қўчқоров Ислом Каримов раҳбарлигида ҳаётга татбиқ этилган ўзига хос ва ноёб тараққиёт йўли – “ўзбек модели”, шу асосда олиб борилаётган бугунги изчил ислоҳотлар туфайли ўзбек иқтисодиётининг барча тармоғи жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. У Ислом Каримовнинг ижтимоий-сиёсий мавзуларда яратган асарлари борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси катта илмий ходими, фалсафа фанлари номзоди Равшан  Назаровнинг  “Ислом Каримов ва авиация” мавзусидаги тақдимотида давлат арбобининг серқирра фаолияти, ўзбек авиацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мавжуд тарихий фактлар ва фотоматериалларни йиғилганларга намойиш этилди.

- Ислом Абдуғаниевич билан илк бор учрашган куним ҳали ҳамон ёдимда, - дейди Учувчилар мажмуаси учувчи-йўриқчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зарифхўжа Сайдазимов. – У кишини самолёт трапи олдида кутиб олдим, менга табассум билан қўл узатдилар. Ўша кундан бошлаб, кўп йиллар давомида Биринчи Президентимиз билан бирга дунёнинг кўплаб мамлакатларига парвоз қилдик. Самолёт ва техникага катта қизиқиш билан қарар эдилар. Фуқаро авиацияси ривожида ҳам уларнинг ўрнилари беқиёс. Хориж самолётларини ўзлаштириш борасидаги кенг кўламли ишлар, қабул қилинган қарорлар биринчи навбатда Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилган. Биринчи Президентимизнинг қатъиятлиликлари менга  ҳамиша куч бағишлаган. Уларга ўхшашга ва улардан ўрнак олишга ҳаракат қилганман. Менга “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини топшираётганларида бу мукофот бутун ўзбек авиациясига берилган баҳо, деб билганман.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бўлган Ислом Каримов томонидан юртимиз тараққиёти, унинг ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилган ишлар мангуликка муҳрланиб қолишини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, давлат тараққиёти йўлида юксак фидоийлик кўрсатиб меҳнат қилганлари халқимиз учун ибрат намунаси бўлиб қолишини ҳам таъкидлаб ўтдилар.