ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Яхшидан боғ қолади


22.01.2019

21 январь куни Тошкент темир йўллари муҳандислари институтида Ислом Каримовнинг таваллуд топган кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

 

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат фонди ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» Акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад Биринчи Президентнинг ҳаёти, серқирра фаолияти ҳақида ёшларни хабардор қилиш, бу буюк шахснинг хотирасини ҳурмат ила ёдга олиш.

 

Учрашув меҳмони, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримовани институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар катта ҳурмат ва эҳтиром билан қарши олишди.

Татьяна Акбаровна олий ўқув юрти биносида жойлашган музейни кўздан кечириб, фахрий меҳмонлар китобига самимий тилаклар битилган дастхат ёзиб қолдирди.

 

Тадбирда сўзга чиққан-Тошкент темир йўл мухандислари институти ректори Маъруфжон Расулов, Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов, «Бошлангич таълим» журнали бош муҳаррири Ҳалим Саидов, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Умматов ва бошқалар Ислом Каримовнинг машаққатли умр йўли, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги саъйи ҳаракатлари, фидойилиги ҳақида гапириб, Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида етакчи ўрин эгаллаган транспорт соҳасини ислоҳ қилиш, хусусан мамлакат темир йўлларини янгитдан шакллантириш ва ривожлантиришда Биринчи Президентимизнинг ролини юксак баҳоладилар.  

 

Институт ректори Маъруфжон Расулов Ислом Каримов хотирасига бағишлаб институт талабалари томонидан яратилган асарларни Татьяна Акбаровнага топширар экан, "Биздан озод ва обод Ватан қолсин» деган ғояни Ислом Каримов ёшларимиз қалбига чуқур сингдириб кетганлигини эътироф этди.

    

Ўз навбатида Татьяна Каримова ва Темур Ширинов Ислом Каримов фонди ҳамда Ёдгорлик мажмуасининг институт жамоасига йўллаган ташаккурномаси ва эсдалик совғаларни тантанали равишда топширдилар.

 

Анжуман иштирокчилари, айниқса ёшлар «Ўзбекистон темир йўллари» видеофильмини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Фарход Курбонбоев олган суратлар