ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Яқин тарихга янги назар


12.09.2023

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон республикаси Биринчи Президенти таваллудининг 85 йиллигига бағишланган лойихалар амалга оширилди.

Хусусан, “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасидаги залларнинг бирида фотосуратлар экспозицияси тубдан янгиланди.

Республикада хизмат кўрсатган журналист, истеъдодли фото ижодкор, фотопортрет устаси Фарход Қурбанбаев узоқ йиллар давомида Биринчи Президентнинг шахсий фотооператори бўлиб ишлаган.

Унинг томонидан яратилиб қайта тикланган бой ва бетакрор архив материаллари – оқ-қора тасвирдаги фотосуратлар ҳамюртларимиз, кўргазма  меҳмонларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Оқ-қора рангдаги фотосуратларда тарихий воқеалар ўзгача хаққоний тарзда акс этиб туриши ўз-ўзидан аён. Уларда ўтган кунларнинг руҳи сақланиб қолгандек гўё. Ҳар бир сурат мулохазага чорлайди – воқеа қаерда ва қачон содир бўлган, давоми қандай бўлгану, нима билан якун топган ва ҳоказо.

Янги экспозиция томошабинлар ҳукмига хавола қилинганига кўп вақт бўлмаганига қарамасдан, уни ёши, касби-кори, яшаш манзилидан қатъий назар юзлаб мухлислар кўздан кечириб улгурдилар. Таассуротлар ҳам шунга яраша бисёр. Кўпчилик ўз уйидаги фотоальбомни варақлагандек суратларни синчковлик билан томоша қилмоқда. Кургазмадаги фотосуртлар альбомини “Мустақил Ўзбекистоннинг тарихига, Биринчи Президентнинг хаётига янги назар” деб номлаш ўринли.

Ислом Каримовнинг юбилейига бағишлаб амалга оширилган яна бир лойиха – Ёдгорлик мажмуасининг “Мерос ва хозирги замон” ахборот бюллетенининг янги сони чоп этилди.

Янги нашрнинг аввалгиларидан фарқи, унда Ислом Каримов фаолиятига доир битта йўналишга урғу берилмаган. Журнал концепциясида мавзулар хилма-хиллиги кўзда тутилган. Давримизниннг таниқли шахслари хотираларига кенг ўрин ажратилган. Журналдан ўрин олган ёш мустақил давлатнинг шаклланишига оид илмий-тахлилий мақолалар, Ёдгорлик мажмуаси фаолиятига доир ахборот, Ислом Каримов Фонди томонидан ташкил этилган тақдимот маросимлари хақидаги маълумотлар ва бошқа янгиликлар кўпчиликни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз. 

Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг “Чексизликни қучмоқ истадим” (Хочу объять необъятное”) сарлавхали кириш сўзида янги нашрнинг мазмун-моҳияти тўлиқ қамраб олинган. 

Фарход Қурбанбаев суратлари