Ислом Каримовни яқиндан билган, Мустақил давлатнинг тамал тошини қўйишда, мамлакатни тараққий топтиришда Биринчи Президентга камарбаста бўлган инсонлар билан ёдгорлик мажмуасида учрашув ва суҳбатлар ўтказилиши яхши анъанага айланган.
Ана шундай инсонлардан бири, 90-чи йилларнинг бошида Республика Олий кенгаши раиси, Олий Мажлис раиси лавозимларида фаолият юритган Эркин Халилов мажмуага ташриф буюрди.
1994 йилнинг май ойида Эркин Халилов Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи қахрамони Ислом Каримовга “Ўзбекистон қахрамони” унвони ва олий нишон – “Олтин Юлдуз” медалини шахсан топшириш бахтига муяссар бўлган. Бу воқеани у хар доим алоҳида фахр билан тилга олади.
Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна билан мажмуага ташрифи чоғида кечган самимий мулоқот давомида Мустақилликнинг эълон қилиниши, янги Қомусимизнинг яратилиши, Ўзбекистон Парламентининг шакллантирилиши билан боғлиқ тарихий воқеалар ёдга олинди.
Эсдалик сифатида Татьяна Каримова томонидан меҳмонга тақдим этилган, «Ислом Каримов–Мустақил Ўзбекистон асосчиси» номли хотралар китобини кўздан кечирар экан, Эркин Халилов уларга чексиз миннатдорлик билдириб: «Сиёсатнинг юксак чўққисини эгаллаган буюк давлат рахбари, ўз юрти ва халқига содиқ инсон сифатида Ислом Каримовнинг хотирасини хамиша ёдимда сақлайман», дея таъкидлади.
Фарход Курбанбаев суратлари