Ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган Олимпия шон-шуҳрати музейи ходимлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Олимпия шон-шуҳрати музейи мамлакатимиз мустақиллигининг 5 йиллиги арафасида 1996 йили очилган. Ўша йили Ислом Каримов, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳамда халқаро олимпия ҳаракатига улкан ҳисса қўшгани учун Халқаро олимпия қўмитасининг олий мукофоти – Олимпия олтин ордени билан тақдирланган.
Ислом Абдуғаниевичга мазкур нуфузли мукофотни топширган, Халқаро олимпия қўмитасининг ўша вақтдаги Президенти Хуан Антонио Самаранч, Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги ислоҳотлари ва бу борадаги бой тажрибаси дунё миқёсида эътироф этиб келинмоқда.
Ҳар йили музей экспозицияси спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган юксак мукофотлар, халқаро совринлар билан бойитиб борилмоқда.
Мажмуага ташриф буюрган музей ходимлари Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Таассуротлар эса, фахрий меҳмонлар китобига битилган дастхатда ифода этилди.