ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Хотира кечаси


05.09.2019

29 август куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди.

 

Учрашув Биринчи Президентнинг хотирасига бағишланган анъанавий ҳафталик доирасида ташкил этилди.

Биринчи Президентнинг яқин дўстлари, қадрдонлари, ҳамкасблари, таниқли сиёсатчилар, ижтимоий соҳа вакиллари, олимлар ва санъаткорлар, талаба ёшлар иштирок этган тадбир, Ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ислом Каримов фонди ташаббуси билан ташкил этилди.

 

Ўзбекистонда Ислом Абдуғаниевичнинг хотираси чуқур ҳурмат билан тилга олинади, бу инсоннинг буюк ишлари доимо давлат ва халқ ардоғидадир. Бугунги кунда кўчалар, университет, аэропорт, санъат саройи, автомобил заводи Биринчи Президентнинг номи билан аталиши бунинг ёрқин тасдиғидир. Энг ёруғ ва ўчмас хотира эса, халқнинг қалбидан, юрагидан ўрин олган хотирадир.

Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳаётига бағишланган видеофильм намойиш этилди.

 

Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна ўз сўзида Биринчи Президентнинг 1991 йил Ҳиндистонга амалга оширган илк расмий ташрифи тафсилотларига алоҳида ўрин ажратди.

Ўша йилларда давлат протоколи хизматида ишлаган Адҳам Расулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов, сиёсий шарҳловчи, тележурналист Тамара Обидова, Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темир Ширинов ва бошқалар ҳам ўз хотираларини йиғилганлар билан баҳам кўрдилар.

 

Хотира кечаси иштирокчилари «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини томоша қилдилар. Учрашув самимий, дўстона руҳда ўтди.

 

 

 

 

Темур Курбонбоев олган суратлар