ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ИСЛОМ КАРИМОВ: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон” – фотоальбом тақдимоти


28.01.2020

2020 йил 28 январь куни Тошкент фотосуратлар уйида “ИСЛОМ КАРИМОВ: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон” – фотоальбоми тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу тақдимот маросими Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли қарори кўра, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотира ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирни очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари А.Н.Ишметов ўз табрик сўзида, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фотоальбомда кўзга ташланиб турган асосий нуқталардан бири бу – давлат раҳбарининг метин ирода соҳиби бўлгани, бу у кишининг бутун бир даврни қамраб олган суратларида акс этгани, қолаверса, буюк давлат арбоби сиймосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тарихи ҳам намоён бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси А.Нуриддинов кириш сўзи билан очар экан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг олижаноб инсон, узоқни кўра биладиган доно ва кучли давлат арбоби сифатида улкан тарихий даврни ўзида мужассам этгани, юртимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Т.А.Каримова табрик сўзида жумладан, шундай деди: “Халқига меҳр-муҳаббат Ислом Абдуғаниевичнинг қалбидан чуқур ўрин эгаллаган эди. Бу табаррук заминда яшовчи одамларни худди оила аъзоларидек яқин кўриб, қадрдонидек ардоқлар эди. Туну-кун оддий инсонларнинг ҳаёти, қувончу ташвишлари билан яшаган Ислом Абдуғаниевич учун бундан-да олий саодат, мақсад бўлмаган. Зотан, ўзи ҳам содда, бегидир, гоҳида зоҳидлардек қаноатли ва мудом камтарин инсон эди. Буюклиги эса, улуғ ва эзгу амалларида зоҳир бўлган. Мустақил давлатнинг етакчиси сифатида у эл-юрт манфаатларини халқаро даражада, энг юқори минбарлардан туриб қатъий ҳимоя қилиш қудратига эга, чуқур мушоҳадали, узоқни кўра билувчи, танлаган йўлига содиқ сиёсий арбоб сифатида ўзини кўрсата олган”.

Тадбирда фотоальбомнинг муаллифлари Фархад Курбанбаев ва Тимур Курбанбаевлар иштирок этди. Кўп йиллар мамлакатимизнинг биринчи раҳбари Ислом Каримовнинг фотосуратчиси бўлган, ўз касбининг маҳоратли устаси Ф.Қурбанбаев  мазкур суратларнинг тарихига оид воқеалар ҳақида гапирди. Унга кўра, фотожамламадаги ҳар бир суратнинг ўз тарихи бор, ҳеч бир сурат шунчаки олинган эмас.

Ушбу фотоальбом тақдимотида дипломатик корпус вакиллари, жумладан, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Туркия Республикаси, Малайзия, Покистон Ислом Республикаси, Беларус Республикаси, Умон Султонлиги, Афғонистон Ислом Республикаси  давлатларининг элчихона вакиллари  ҳамда мамлакатимиздаги таниқли фотосуратчилар, рассомлар, санъатшунос олимлар, жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этдилар.