ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни


03.10.2019

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1996 йил 9 январдаги Фармони билан мамлакатимизда 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» деб белгиланган.

 

Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти эса кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада ошириш, ёшларимизнинг биздан кўра билимли, кучли ва албатта бахтли бўлишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.

Ҳар бир инсон, қаерда ишламасин, қандай касб эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, мустақил ҳаётга йўллаган инсонни ҳурмат билан эсга олади. 

Мазкур байрам ўқитувчилар ва мураббийлар меҳнатини шарафлаш айёмидир. Шу куни ўқув юртларида ўқитувчилар, корхоналарда эса мураббийлар ва устозлар меҳнати улуғланади.

 

Мураббийлар ҳам худди ўқитувчилар сингари катта маҳорат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган устоз-педагоглардир. Моҳир мураббийлар қўл остида кўплаб ишлаб чиқариш усталари, илғор мутахассислар, меҳнат қаҳрамонлари, тадбиркорлар етишиб чиқади.

30 сентябрь куни Ўзбек миллий академик драма театрида бўлиб ўтган байрам тадбирида устоз мураббийларга эҳтиром кўрсатилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети томонидан ташкил этилган кечада Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси ходимлари ҳам иштирок этдилар.

Биринчи Президентимизнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган, ёдгорлик мажмуаси етакчи илмий ходими Георгий Крайнов ўз сўзида Ислом Каримовнинг мамлакат таълим тизимини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, ёш авлоднинг камол топиши йўлида кўрсатган жонкуярлиги ҳақида алоҳида тўхталди.

 

Техника университети кутубхонасига Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги китоб-альбомлар эсдалик сифатида ҳадя этилди.

Тадбир давомида узоқ йиллардан бери самарали меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчилар, устозлар фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Тантанали марoсимдан кейин Ўзбек миллий академик драма театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Кузги мактублар" спектакли намойиш этилди.