ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Унутилмас лаҳзалар


15.03.2018

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида жойлашган «Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмасига ҳар куни юзлаб ҳамюртларимиз ташриф буюрмоқдалар. Турли ёшдаги ҳамда турли касб эгаларидан иборат меҳмонлар бу ерда Ислом Абдуғаниевичнинг ҳаёти ва серқирра фаолияти, бу буюк шахснинг ички дунёсини очиб берувчи янги маълумотларга, демакки янги таассуротларга эга бўладилар.

Шу кунларда Ўш шаҳридан пойтахтимиз Тошкентга экскурсияга келган бир гуруҳ болалар кўргазмага ташриф буюрдилар.

Меҳмонлар бу ерда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримовани учратиб қолишлари улар учун кутилмаган воқеа бўлди. Нафақат болалар, умуман кўргазма залидаги одамлар, қувончларини яшира олмай Опани дарров даврага олдилар. Ислом ота ҳақида, у билан узоқ йиллар елкама-елка туриб, ҳаётнинг қувончу ташвишларини биргаликда баҳам кўрган, оддий инсон сифатида у кишини яқиндан билган умр йўлдоши билан ҳамсуҳбат бўлиш имконияти ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.

Савол-жавобларнинг кети узилмади. Татьяна Акбаровна йиғилганларнинг ҳар бири билан оналарча, опаларча меҳр билан, ҳудди эски танишлардек самимий, дилдан суҳбатлашди.

Кўргазма учун «Бутун оламни жо этган юрак» номи мантиқан жуда тўғри танлангани мана шундай дамларда ўз тасдиғини топаркан. Зеро, миллионлаб одамларнинг юрагига жо бўлган инсоннинг қалби бутун оламни қамраб олишга қодирдир.