25 январь куни Ёдгорлик мажмуасида Хотира ҳафталиги доирасида “Ислом Каримов – миллий армия асосчиси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова видеомурожаат орқали давра суҳбати иштирокчиларини қутлаб, самимий тилакларини изҳор этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Мустақил Ўзбекистоннинг 25 йил ичида ички ва ташқи сиёсатда ўз йўлини танлаб, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин ва мавқега эга бўлиши, дунё давлатлари билан тинчлик-барқарорлик, тенглик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишида Биринчи Президентимизнинг пухта ўйланган қарорлари муҳим аҳамият касб этди”.
Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти тилга олинди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича Биринчи Президент томонидан татбиқ этилган ташаббуслар билан боғлиқ тарихий воқеалар ёрқин мисоллар асосида очиб берилди.
Шунингдек, Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” деб номланган асарида илгари сурилган ғояларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Меҳмонларга Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг дастхати битилган китоблар совға қилинди.
Тадбир иштирокчилари Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмасини катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
Ф.Курбанбаев фотосуратлари.